Ўзбекистон | 21:03 / 08.12.2018
36251
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири билан эксклюзив интервью

Фото: KUN.UZ

Икки йил давомида тиббиёт соҳасида керакли ўзгаришлар юз берди. Куни кеча Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Унда соҳа фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар эътироф этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Kun.uz'га берган интервьюсида таъкидлашича, соҳага яқин ва тиббиёт йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассислардан ташкил топган 10та ишчи гуруҳ вакиллари 6та хорижий мамлакатда бўлиб, уларнинг тиббиётда тажрибасини ўрганишган. Мақсад - Ўзбекистоннинг тиббиётини ислоҳ этиш учун фундаментал тасаввурни йиғиш. 

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube

«Европада тиббиёти энг ривожланган мамлакатлардан бири Германия ё Франция бўлса, у ерда ислоҳотлар 60 йил давом этган. Осиёдаги тиббиёти ривожланган мамлакатлардан бири - Япония ва Жанубий Кореяда эса бу ўзгаришларга 40 йил сарфланди. Улар ҳозирги натижаларга босқичма-босқич кўп йиллар давомида эришган. 

Туркиянинг тажрибаси ўрганилганда, аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, улар бошқа мамлакатларнинг хато ва камчиликларидан келиб чиқиб, ислоҳотларни 10 йилда амалга оширган», - дейди вазир. 

Алишер Шодмоновнинг айтишича, юқорида таъкидланган фикрларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда тиббиёт ислоҳотини амалга ошириш учун 7 йилга ривожланиш концепцияси тайёрланди. 

«Биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш тизимини ўзгартириш, соғлиқни сақлашда бошқарувни ўзгартириш, тизимда молиялаштиришни ислоҳ этиш ва кадрлар тайёрлаш сиёсатини ҳам ўзгартириш зарурияти пайдо бўлган. Ислоҳотларнинг бир нечта муҳим қисмлари мавжуд. Масалан, поликлиника 100 қатновга мўлжалланган, дейлик. Уни молиялаштириш шунга яраша амалга оширилади. У қандай ишлаяпти, самараси борми ё йўқми?

Янги тизимда аҳоли жон бошига қараб туриб, пул ажратиш назарда тутилган. Мана шу маблағ поликлиниканинг ҳисобида туради. Муассаса ўзига бириктирилган аҳолини касал бўлишининг олдини олса, профилактикани мунтазам амалга оширса, аксарият маблағ поликлиникада қолади. Ана шу маблағ ўзини ривожлантиришга, ходимларнинг маоши оширилишига сарфланади. Акс ҳолда, унинг маблағи камаяди, ўзининг зарарига ишлайди», - дейди вазир.

Маълумот учун, Президент фармонида «демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиш» масаласи алоҳида таъкидланган. ​

Мавзуга оид