Ўзбекистон | 11:36 / 11.12.2018
31577
3 дақиқада ўқилади

Amerika Ovozi мухбири Kun.uz меҳмони бўлди

АҚШдаги Voice of America халқаро телерадио тизими журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистонда бўлиб турибди. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган ягона америкалик журналист ҳисобланадиган Навбаҳор Имомова Ўзбекистонда жамият, журналистика ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида мақолалар ва видеоматериаллар тайёрлаб келмоқда. Журналист Ўзбекистонга навбатдаги сафари давомида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва бир гуруҳ талабалар билан учрашди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қатнашди.

Kun.uz Навбаҳор Имомова билан суҳбат ўтказиш учун уни студияга таклиф этди. Журналист Voice of America учун Kun.uz таҳририяти фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатув ҳам тайёрлаб кетишга улгурди

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Навбаҳор Имомова билан суҳбатни эса тез кунда Kun.uz сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кузатишингиз мумкин.

Маълумот учун, Amerika Ovozi Вашингтонда асос солинган халқаро телерадио тизими бўлиб, 45 тилда эфирга чиқади. 1942 йилда ташкил топган бу ахборот воситаси дунё бўйлаб ҳар ҳафтада қарийб 250 миллион кишига янгилик ва маълумот етказади. Радионинг ўзбек тилидаги кўрсатув ва эшиттиришларида ҳамда сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида нафақат халқаро ҳаёт балки Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги муҳим мавзулар ҳам ёритилади. Ўзбек хизмати 1950-йиллар охирида вужудга келган. 1972 йилдан бери мунтазам равишда ишлаб келаётган бўлим Вашингтонда олти кишилик таҳририятга ва Марказий Осиё бўйлаб ўз жамоатчи мухбирларига эга.

Навбаҳор Имомова Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида зиёли оиласида улғайган. Журналист «Америка Манзаралари» туркумидаги илк теледастурлар муаллифи, ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррирдир. Amerika Ovozi’да 2002 йилдан бери ишлайди. Журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг «Халқаро ҳаёт» редакциясида бошлаган. Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида дарс берган. Оммавий ахборот воситалари бўйича бакалаврликни Ҳиндистоннинг Майсур Университетидан (University of Mysore), магистрликни эса АҚШнинг Бол Давлат Университетидан (Ball State University) олган. Шунингдек, Ҳарвард Университетидан (Harvard University) давлат бошқаруви ва етакчилик бўйича магистрлик дипломига эга ҳисобланади.

Мавзуга оид