Оқдарёдаги 30-мактаб филиали авариявий ҳолатда: Қишлоқ аҳли вазирликдан нажот кутмоқда
Барча таълим олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистонда ҳам бу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, бугунги кунда, таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида таълим тизими билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ҳам сақланиб қолмоқда. Kun.uz таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат мактабдаги қониқарсиз шароитлар ҳақида.
Мурожаат мазмунига кўра, Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги Тарнов қишлоғида бошланғич синф ўқувчилари 1950-йилларда масжид сифатида барпо этилган, айни пайтда авариявий ҳолатга тушиб қолган бинонинг иккита хонасида таълим олишмоқда.
30-мактабнинг филиали сифатида фаолият кўрсатаётган мазкур бинода 1-4 синфларнинг жами 61 нафар ўқувчиси ўқишмоқда. Бино ўтин ва кўмир ёрдамида иситилади. Ўқувчилар бош кийимларини ечмасдан ўтиришибди. Давомат яхши.
Асосий мактабгача бўлган энг яқин йўл роппа-роса 2,5 километрни ташкил этади. Қишлоқнинг юқори синф ўқувчилари «Пичоқчи» маҳалласидаги икки қаватли замонавий бинода таълим олишади.
30-ўрта мактаб директори Абдураҳмон Асроровнинг айтишича, мактабнинг асосий биноси ҳам таъмирга муҳтож. Собиқ иттифоқ даврида қурилиши бошланган бино 1998 йили ҳашар йўли билан битказилган. Айни пайтда 640 ўринли мактабда 491 ўқувчи бир сменада таълим олмоқда. Айрим синфхоналарда пол қилинмай қолиб кетган. Электр тизими монтажи ҳам таъмирга муҳтож.
Мактабнинг асосий биноси ҳам, «Тарнов» маҳалласидаги филиали ҳам 2019 йилги давлат дастурига тушган, деб айтди мактаб директори.
Tas-IX
YouTube
«Тарнов» маҳалласи фаолларидан бири Сафохон Саъдуллаевнинг айтишича, қишлоқ аҳолисининг мурожаатларига вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан эътибор қаратилиб, туман ҳокимининг жорий йил 14 сентябрдаги «Оқдарё тумани «Пичоқчи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 30-умумтаълим мактаб филиали қурилишига ер майдони ажратиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган ва мактаб қурилиши учун 1,6 га ер майдони ажратилган.
Бироқ, мактабни таъмирлаш ва филиал қуриш Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги мутасаддилари томонидан Давлат дастуридан чиқариб ташланган.
«Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси етарлича шароит ва имкониятларга эга бўлган даргоҳларда илм олиш ҳуқуқига эга, жумладан, Тарнов қишлоғи ёшлари ҳам. Сўнгги вақтларда ҳурматли юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Булар қаторида таълим тизими ҳам бор. Қани энди бизнинг мактаб ҳам обод бўлса. Болаларимиз жуда узоқ масофага қатнашади. Мактабга бориш учун транспорт йўқлиги сабабли пиёда, лой кўчаларни кезиб боришади. Тарнов қишлоғида тумандаги 30-мактабнинг филиали мавжуд бўлиб, ушбу филиалда фақатгина бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олишади. Филиал биноси ёғоч синчли (чўпкари) бўлиб, ўтган асрнинг 50-йилларида қишлоқ аҳолисига масжид сифатида ҳашар йўли билан қурилган.
Вилоят, туман ҳокимлари шахсан ўзлари келиб мактаб шароити билан танишиб кетишди. Янги мактаб биноси учун ер ажратиб беришди. Аммо вилоят халқ таълими бошқармасидан ҳам, халқ таълими вазирлигидан ҳам ҳеч ким келган эмас, лекин мактаб филиалини давлат дастуридан чиқариб ташлашди», — деди Саъдуллаев.
«Ўқувчилар ушбу даргоҳда таълим олишлари учун етарлича шароитлар мавжуд эмас. Биз ҳам фарзандларимиз кенг, шинам ҳамда барча шароитларга эга бўлган замонавий мактабда илм олишлари учун бор имкониятимизни сафарбар этганмиз», — дейди Собир Бултаков.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2019 йил учун Бюджетномани қабул қилишди. Биз ҳам ана ўша бюджет параметрларида бизнинг ҳам қишлоқ мактаби акс этишини ният қилган ҳолда жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига расмий хат орқали мурожаат этдик. Хатга жавоб бўлавермагач, вазирлик билан боғланиб, қайтадан 30 октябрь куни яна бир маротаба расмий хат билан чиқдик. Энг қизиғи шундаки, Халқ таълими вазирлиги томонидан мурожаат бўйича на келиб ўрганишди на хатга жавоб беришди», — дейди тарновликлар.
«Тарнов»даги мактаб авария ҳолатида эканлиги аниқ. 30-мактабнинг биноси ҳам таъмирга муҳтож. Тарновликлар Халқ таълими вазирлигидаги мутасаддилар ушбу мактабда ўқиётган ўқувчиларнинг шароитини яхшилаш учун мактаб филиали қурилишини тезлаштиришини, мурожаат Республика доирасидаги раҳбарларга етиб бориши ва жавобсиз қолиб кетмаслигини исташмоқда.
Шуҳрат Шокиржонов,
Сарвар Анвар ўғли.
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024