Ўзбекистон | 07:53 / 11.12.2018
5130
2 дақиқада ўқилади

S7 Airlines Новосибирскдан Бухорога рейсларни йўлга қўяди

Фото: tolmachevo.ru

2019 йил 20 мартдан S7 Airlines авиакомпанияси Новосибирскдан Бухорога тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни йўлга қўяди. Янги рейсга чипталар сотувга чиқарилди.

Новосибирскдаги Толмачево аэропортидан парвозлар ҳар чоршанба куни амалга оширилади. Самолёт Новосибирскдан маҳаллий вақт билан соат 13:10да ҳавога кўтарилиб, Бухорода 14:45да қўнади. Орқага рейс соат 16:15да жўнаб, Новосибирскга 21:30да етиб келади. Рейслар замонавий Airbus A320 лайнерларида амалга оширилади. 

“Биз Новосибирскдан Ўзбекистонга парвозлар тармоғини фаол ривожлантирмоқдамиз. 4 декабрдан Наманганга парвозлар бошланди, мартда эса S7 Airlines йўловчилари Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Бухорога мунтазам рейсларга жўнашлари мумкин бўлади. Ипак йўлининг муҳим савдо маркази бўлган Бухоро бугунги кунда ҳам ўз архитектураси билан ҳайратлантиради. Эски шаҳарда Бухоро амирлари қароргоҳлари, минг йилдан кўпроқ тарихга эга мақбаралар ва миноралар сақланиб қолган”, деб айтган S7 Group тижорат директори Игорь Веретенников.

Таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолиси орасида Новосибирск ва унинг яқинидаги шаҳарларга сафарлар катта талабга эга. Янги рейс ҳам ишчи, ҳам шахсий сафарлар учун талабгир бўлиши кутилмоқда.  

S7 Priority дастури иштирокчилари эса Новосибирскдан Бухорога парвозлар учун 2100 бонус мили олишлари мумкин бўлади. Тўпланган милларни эса премиал чипталар ҳамда s7.ru сайти ва учиш аэропортларида қўшимча хизматларни харид қилишда ишлатиш мумкин бўлади.

S7 Airlines рейслари учун чипталарни www.s7.ru сайти, iPhone ва Android учун дастурлар ва чипталар сотилувчи барча офисларда харид қилиш мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид