Ўзбекистон | 02:00 / 12.12.2018
19106
3 дақиқада ўқилади

Британия элчиси: «Агар ҳукумат фақат ўзининг айтганларини тингласа, у яхши сиёсат юритолмайди​» ​

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан сўз эркинлиги борасида катта ислоҳотларга қўл урди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алленга кўра, 2,5 йил аввал элчи ОАВга мурожаат қилиб, инсон ҳуқуқлари бўйича гаплашмоқчилигини айтганда, унинг чорловига, балки ҳеч ким жавоб бермасди. Бу ҳақда элчи Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилган.  

«Агар интервьюларимда инсон ҳуқуқлари бўйича кўп гапирганимда, булар эълон қилинмаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ, биз ҳозир фақат инсон ҳуқуқлари мавзусида эксклюзив суҳбатни давом эттиряпмиз. Сўз эркинлиги борасида очиқ мулоқот қиляпмиз. Менимча шуларнинг ўзи жуда яхши ижобий маънога эга»​, - дейди у.

Видео: Tas-IX

Видео: YouTube

Британиялик дипломат ўтиб бораётган йилда кузатилган айрим воқеалар, хусусан журналист Бобомурод Абдуллаев иши, журналист Рауфхон ва ҳибсга олинган блоггерлар билан юз берган ҳодисаларга тўхталиб, булар сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ижобий қадам бўлмаганини айтган. 
«Ҳарқалай Ўзбекистон бу соҳада ривожланмоқда. Сўз эркинлигини таъминлаш учун вақт ўтган сайин дадил қадамлар ташланмоқда. Ҳамма қадамлар ҳам ижобий бўлмаяпти ва сиз буларни таъкидладингиз. Шунингдек, мен катта ресурсга эга ижтимоий тармоқларга уланишда кузатилаётган қийинчиликлардан хабардорман», - дейди у.

Элчининг айтишича, инсон ҳуқуқлар анча кенг тушунча эканини эътироф этиш зарур. Одамлар бу мавзуда жуда ҳам кенг масалалар атрофида сўзлаша олади, жумладан инсоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ёхуд сиёсий ҳуқуқлари шулар жумласидан. 

«Сўз эркинлигида катта ўзгариш борлигини таъкидладим. Kun.uz бу сиёсий жараёнлар атрофида соғлом муҳокамаларни ташкил этишга катта ҳисса қўшаётган веб сайтлардан бири сифатида сўзларимнинг исботидир. Бу ҳақда Президент ҳам айтмоқда. У журналистларни танқидий мақолалар тайёрлашга ундамоқда. Чунки, давлат раҳбари ана шу танқидлар ортидан халқдан акс-садо келиши мумкинлигини англайди. Агар ҳукумат фақат ўзининг айтганларини тингласа, у яхши сиёсат юритолмайди.

У халқнинг фикрини турли танқид, таклиф ва мулоҳазалар кўринишида ўрганиши керак. Бунга медиа ёрдам беради. У тўртинчи ҳокимият, демократик жамиятда асосий таянчлардан бири. Мана шунинг учун ҳукумат ва президент ОАВни қўллаб-қувватламоқда, ва буларнинг барчасини олқишлаш лозим. Ҳар қандай давлатда бўлгани каби, қилиниши керак бўлган ишлар кўп ва давом этиш керак»​, - деб қўшимча қилган элчи. 
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видео форматда томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид