Ўзбекистон | 10:00 / 12.12.2018
7136
2 дақиқада ўқилади

Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказилади

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, танқидий кўриб чиқилган эди.

2019 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа парламент қуйи палатасининг қўмиталари, фракцияларида бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам, ялпи мажлисда ҳам депутатларнинг бир қатор савол ва эътирозларини келтириб чиқарганди. 2018 йил 11 декабрь куни эса парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди.

Солиқ кодексининг 68-1-моддаси — “Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш” бўйича депутатлар ва мутахассисларнинг узоқ муҳокамаларидан сўнг, солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, мазкур модда соддалаштирилди. 

Паспортлаштириш жараёнининг даврийлиги белгилаб қўйилди, яъни, уни ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказиш белгиланди. 

Шунингдек, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир норма, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид норма чиқариб ташланди. 

Муҳокамаларда ишчи гуруҳ томонидан алоҳида таъкидландики, паспортлаштириш жараёни тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларни назарда тутмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид