Жамият | 20:50 / 13.12.2018
12169
5 дақиқада ўқилади

«Осон эрмас бу майдон ичра турмоқ…» — Туман газетлари муаммолари

Гапнинг лўндасини айтганда, туман газеталари ва журналистлари тўғрисида, обуналар ҳақида кейинги пайтларда ўйлаб-ўйламай айтилаётган гаплар, ҳақоратомуз фикрлар, шахсиятга тегувчи иборалар чиқиб қоляптики, буни ҳазм қилиш қийин кечяпти. Сўз эркинлиги дегани ҳамма гапни ҳам оммага эълон қилавериш, деб ўйлаётган оммавий ахборот воситалари мутасаддилари сал «Дўппини ерга қўйиб» ўйлаб кўришлари керакмикан?

«Мажбурий обуна қилиб олиб, йил бўйи еб ётадилар» деган гапни қандай тушуниш мумкин? Нима, туман газеталари журналистлари йил бўйи ишламайдиларми? Муаммоларни ҳал қилмайдиларми? Халқ дардига қулоқ тутмайдиларми? 

Туман газеталари тўғрисида фикр билдиришдан аввал жойларга бориб кишиларнинг фикрларини билишлари, газеталарда қандай танқидий мақолалар ёритилаётгани, бу қандай самара бераётгани, туман ҳокимликлари ўз муассислигидаги газеталар ҳақида қандай фикрда эканликлари, ўз газетасига қандай ёрдам бераётгани, обунаси ҳақида жон куйдираётганликлари, журналистларга қандай шароит яратиб бераётганликлари ҳақида қизиқиб ҳам кўрганларида эҳтимол бошқача фикрда бўлармидилар?!

Сир эмас, туман газеталари жойлашган биноларнинг аксарияти инвестиция киритиш шарти билан (эҳтимол, шошқалоқлик билан) тадбиркорларга бериб юборилди. Масалан, Избоскан туманининг «Пахтакор» газетаси биноси ҳам. Чунки бино туманлараро босмахона балансида бўлган. Босмахонанинг 30 нафарга яқин ишчиси бино тадбиркор қўлига ўтиши билан ишсиз қолди.

Босмахонани ривожлантириш мақсадида олинган бу жойда босмахона ривожлантирилмади. Боз устига, босмахонадаги кўп жиҳозлар сотилиб кетди. Номигина «ускуналар, босмахона бор», дейиш учун номига олиб қолинди.

Шу билан келаси йилда 90 йиллиги нишонланадиган «Пахтакор» газетаси кўчада қолди. Ҳали у ерда, ҳали бу ерда нонини ҳалоллаб еяётган журналистлар «Пахтакор» газетаси фаолиятини тўхтатмай, чиқаришда давом этишмоқда. Ҳолбуки, шу кунгача муассис бўлган туман ҳокимлиги «аҳволинг қалай?» деб сўраб ҳам қўйгани йўқ. Обуначи ҳам таҳририятнинг ўзи. Халқ дардини тинглаб, газетасида ёритаётган журналистлар йўғида сабр қилиб, борида шукур қилиб ишлашмоқда, журналистлик юкини тортишмоқда.

Туман газеталарини назарга илмаётганлар, билмаётганлар билиб қўйсинки, туман газетаси журналистлари далама-дала, кўчама-кўча, ташкилотма-ташкилот юриб, бўлаётган жараёнларни ўз кўзи билан кўриб, таҳлил қилиб, изчил ўрганиб ёзади. Илғор тажрибаларни ёритади, муаммоларни кўтариб чиқади. Арзимаган маошига қувониб, кун кетидан кун қуваверади. Юқори газеталарда, телевидениеларда, радиоларда ишлаган журналистларнинг ҳеч бири туман газетасида ишлай олмайди. Чунки, туман газетаси мухбири далага чиқса деҳқон, мактабга борса ўқитувчи, ички ишларга борса тартиб посбони, қўйингки, қаерга борса ўша жойнинг ходими сифатида мақола ёзади.

Бир сўз билан айтганда, оммага энг яқини — туман газетаси. Фаолияти танқид қилинган раҳбар ёки шахс билан ҳар куни юзма-юз келади. Шу ернинг ўзида эътироз, баҳс, мунозаралар қозони қайнайди, асаблар таранглашади. Чунки танқид, у қанчалик тўғри ва ҳаққоний бўлса ҳам ҳеч кимга ёқмайди. Ҳар ким ўзича ҳақ. 

Қолаверса, туманлар бутун республикага озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берадиган ҳудуд ҳисобланади. Бу ҳудудда ислоҳотлар жараёнида юз бераётган ўзгаришлар шу ерда туман газетасида ўз аксини топади ва ҳал қилиниши учун тарғибот-ташвиқотчилик амалга оширилишида асосий восита бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам туман газеталарининг аҳамияти айнан реал ҳаётни очиб берилишидаги аҳамияти беқиёс. Ҳар куни мақтаб, танқид қилиб, таҳлил қилиб ёритиб берган туман газеталари журналистларига бу майдонда фаолият олиб бориши осон эмас. Шунинг учун ҳам ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир, деган элимизнинг доно нақлига амал қилсак асло ютқазмаймиз.

Муҳаммаджон Мирзаабдуллаев, 
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, журналист.

Йўлдошмирза Исоқжонов,
«Олтин қалам» соҳиби, журналист

Мавзуга оид