Спорт | 15:40 / 13.12.2018
17731
8 дақиқада ўқилади

«Реал»нинг яксон этилиши. ЦСКА турнирни мағрур тарк этди

Чемпионлар лигасининг G гуруҳида «Реал»ни икки марта мағлуб этган ЦСКА охир-оқибат ҳеч вақосиз қолди. Параллел кечган учрашувда «Виктория» «Рома» устидан ғалабага эришди ва тўплар нисбати ёмон бўлсада, ўзаро учрашувларда москваликлардан устунлиги учун Европа Лигасига йўл олди.

«Реал» (Испания) – ЦСКА (Россия) – 0:3 (0:2) 
Голлар: Чалов, 37 (0:1). Щенников, 43 (0:2). Сигурдссон, 73 (0:3).
«Реал» (Испания): Куртуа, Одриосола, Вальехо, Санчес, Марселу (Карвахаль, 74), Иско, Льоренте (Кроос, 58), Вальверде, Асенсио, Бензема (Бэйл, 46), Винисиус Жуниор. 
ЦСКА (Россия): Акинфеев, Магнуссон, Бекао, Набабкин, Мариу Фернандес, Влашич, Бистрович, Обляков (Кучаев, 89), Щенников, Чалов (Эрнандес, 84), Сигурдссон (Нисимура, 90+4). 
Огоҳлантиришлар: Щенников, 78. Вальверде, 90+3. 
Ҳакамлар: Диаш. Соареш, Тавареш, Мигел, Пиньейру (барчаси - Португалия).
12 декабрь. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу». 51636 томошабин

Мотивация
Армиячилар ва мадридликлар ўртасида октябрь ойида ўтказилган гуруҳдаги биринчи учрашувда мезбонлар «Лужники»да кичик ҳисобдаги ғалабага эришганди (1:0). Бу ғалаба эвазига ЦСКА гуруҳ пешқадамига айланиб олган ва плей-оффга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилганди. Аммо декабрь ойига келиб «Сантяго Бернабеу»даги жавоб ўйини арафасида москваликлар қаторасига 3 мағлубият туфайли гуруҳ аутсайдерига айланиб қолди.

Аммо меҳмонларда иштиёқ юқори эди: Ғалаба жамоа учун Европа Лигаси йўлланмасини тақдим этадигандек эди. Бунинг учун «Рома» Чехияда «Виктория»га ютқазмаслиги талаб этиларди.

Мостовойнинг фикрлари
Ўйиндан аввал футболчилик фаолиятининг энг гуллаган даврларини Испания чемпионатида ўтказган россиялик собиқ футболчи, айни вақтда эксперт ҳисобланган Александр Мостовой испан нашрларига шундай интервью берди: «Руслар таваккал қилишади. Бошқа йўли йўқ. «Реал»нинг ўйинлари эса менда кўп шубҳаларни пайдо қилмоқда».

Винисиуснинг финтлари

ЦСКА ростдан ҳам таваккалга қўл урди. Илк 20 дақиқаликда мезбонлар ташаббусни қўлда сақлаб туришди. «Қироллик клуби» ўйинни чап қанотдан олиб борди, 18 ёшли футболчиси Винисиус кўп марта ўз финтлари билан Набабкиннинг бошини айлантирди. Бразилиялик футболчининг қанотдан узатмаларидан бирини Бензема голга айлантириши мумкин бўлганди, аммо Акинфеев унинг зарбасини ҳам, бироз вақт ўтиб Асенсио берган зарбани ҳам бартараф этди.

Яна бир хавфли вазият Льоренте ҳужумга қўшилганда рўй берди. Ўйин ҳаками Влашич Льорентени йиқитди, деб топди ва жарима зарбаси белгилади. Иско жаримани ижро этди, Шенников эса пастдан келиши мумкин бўлган тўпни тўсиш мақсадида жонли девор ортига ётиб олди, зарба бартараф этилди.

Асенсионинг вазиятлари
«Реал» сафида энг фаол футболчи Асенсио бўлди. Сантяго Солари келгач, асосий таркибдан тушиб қолган футболчи ўзига берилган имкондан фойдаланишга уринди. Унинг яна бир хавфли зарбасини Акинвеев қайтарди, бир неча дақиқа ўтиб, Винисиус ва Бензема ҳамкорлигида уюштирилган ҳужумни якунлаган зарба ҳам дарвозабон қўлига бориб тушди.

Биттада урилган гол
Ўйиннинг иккинчи қисмида мезбонларнинг ҳужумлари темпи пасайиб, ЦСКА футболчилари олдинга ўта бошлади. Бўлим охирида Сигурдсон Федор Чаловни голли вазиятга чиқарди, 21 ёшли ҳужумчи мадридликлар ҳимоячиси Санчесни бир уринишда йўлдан олди ва Куртуанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди.

Иккинчи гол
Ўтказилган голдан ғазабланган «Реал» футболчилари олдинга ташланишди, лекин иккинчи голни ўтказиб юборишди. Фернандес Марселони доғда қолдириб, Чаловга пас берди. Ҳужумчи эса тўпни товони билан Фернандесга қайтарди, Мариу олдинга бориб, зарба берди, аммо Куртуа тўпни қайтарди, унга етиб келган Шенников қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Трибунадагилар оқ либосдаги футболчиларни танаффусга ҳуштакбозликлар билан кузатиб қўйишди.

Иккинчи бўлимда Солари ўйинни қутқариб қолишга ҳаракат қилди. Бензема ўрнига Бэйл, Льоренте ўрнига Кроос майдонга ташланди. Аммо 64-дақиқада москваликлар ҳимоячиси Бекао Бэйлни қўполлик билан йиқитди, шундан кейин уэльслик футболчи оқсоқланган ҳолда ўйнай бошлади. Мадридликларнинг рақиб жарима майдонига узатган тўплари Магнуссон томонидан қайтариб юборилаверди.

Йирик ҳисоб

ЦСКАнинг учинчи голи Испания пойтахти стадионини жим қилиб қўйди. Энди «Сантяго Бернабеу» ўйинни қутқариб бўлмаслигини англаб етди. Влашич Сигурдссонни тўп билан таъминлади ва исландиялик футболчи Куртуанинг узоқ бурчагини нишонга олди. «Реал» охирги марта шу йилнинг апрелида «Ювентус»дан 3 гол ўтказиб юборганди, аммо ўшанда битта бўлса ҳам жавоб голи урилганди (1:3).

Армиячиларнинг «Реал» устидан биринчи ғалабаси тасодифга йўйилганди. Ўшанда мадридликларнинг 3 зарбаси дарвоза тўсинига тегиши ва қатор хатолар ЦСКА ғалабасини таъминлаганди. Иккинчи муваффақият ҳам кутилмаган тарзда рўй берди. Бу сафар омадсиз Лопетеги эмас, катта ишонч билдирилган Солари мағлуб этилди. Аммо бу ғалаба москваликларга ёрдам бера олмади.

«Виктория» – «Рома» – 2:1
Голлар: Коваржик, 62; Хори, 72 – Ундер, 68

Чехлар «Рома»га қарши ўйиндан олдин ЦСКА майдонидан ғалаба (2:1) билан қайтган ва ўз имкониятини яхшилаб олганди. Европа аренасида иштирок этишда давом этиш учун «Виктория» ўз майдонида ҳам ғалабага эришиши талаб этиларди. Павл Врба шогирдлари параллел ўйинда «Реал»ни йирик ҳисобда мағлуб этаётган москваликлардан ёмон натижа қайд этмасликни уддалай олишди.

Майдон эгалари илк дақиқаларданоқ ҳужумда ўйнашди. Бўлим ўрталарига келиб, меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди. 

Танаффусдан кейин Клюверт жарима майдони ташқарисидан хавфли зарба йўллади. Аммо тўп йўлига ҳимоячилар тўғаноқ бўлишди. Унинг ортидан Нзонзида ҳам гол уриш учун имконият бўлди. Бу вақтда «Реал» ЦСКАдан мағлуб бўлаётган ва чехлар ўзлари учун ўзлари курашиши лозим эди. Иккинчи бўлим ўрталари яқинлашганида мезбонлар фаолликни оширишди. Прохазки ва Чермакнинг зарбалари бесамар кетди, Коваржикнинг зарбасини эса қайтариб бўлмасди.  У яқин масофадан туриб дарвозани ишғол этди. Аммо 6 дақиқа ўтиб Ундер ҳисобни тенглаштирди. Бу дуранг ҳисоб ҳам узоқ сақланиб қолмади. «Виктория» қарши ҳужум вақтида дарвозабондан қайтган тўпни Хори тўрга барибир йўллаши эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Мезбонлар устунликни ўйин охиригача сақлаб қолишди.

 

Мавзуга оид