Ўзбекистон | 08:10 / 13.12.2018
9085
3 дақиқада ўқилади

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг асосий вазифалари белгиланди 

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг минтақавий инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Қуйидагилар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича ишни мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш борасида республикада ёқилғи-энергетика комплекси ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича стратегик режа ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

саноат хавфсизлигини экспертизадан ва аккредитациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ объектлар хавфсизлигини экспертиза қилишни ташкил этиш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;

техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш.

Мавзуга оид