Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роналдунинг илк дербиси, «Наполи»нинг сўнгги дақиқадаги голи – Италияда тур воқеалари
Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 16-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.
«ЮВЕНТУС» ТУРИН ДЕРБИСИДА ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ
«Торино» ва «Ювентус» ўртасидаги Турин дербиси қизиқарли ва тенг курашлар остида ўтди. «Буқалар» номдор рақибига муносиб қаршилик кўрсата олишди. Биринчи бўлимда мезбонларнинг бироз устунлиги сезилди. Улар Белотти саъй-ҳаракатлари билан бир неча марта рақиб дарвозасига хавф солиб туришди.
Иккинчи бўлимда «Ювентус» вазиятни тенглаштирди ва мезбонлар дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятларни вужудга келтирди. Шулардан бирида дарвозабон Ичасо ҳужумчи Манжукични чалиб йиқитди. Белгиланган пенальтини Роналду аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Бу португалиялик тўпурарнинг чемпионатдаги 11-голи бўлди.
Шундан сўнг, «Торино»нинг шашти анча пасайди. «Ювентус» эса хотиржамлик билан ўйинни ғалабали якунгача олиб борди. Роналду Италиядаги илк дербисида ғалаба қозонди.

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўйиндан сўнг, ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Бундай ўйинда кўп гол уриш амри маҳол эди. Рақиб тезликни пасайтиргач, ўйинни назорат қила бошладик. Бундан ташқари, уч кун олдин Чемпионлар Лигаси ўйинини ўтказгандик. Йигитлар ҳамжиҳатлик билан тўп тепишди. Ҳозирча жамоа яхши формада, муҳими шу», - деди Аллегри.
Торино – Ювентус 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 70, пенальти Роналду.
Торино – Сиригу (Ичасо, 20), Иццо, Нкулу, Жижи, Ринкон, Айна (Беренгер, 85), Ансальди (Парижини, 75), Базелли, Мейте, Дзадза, Белотти.
Ювентус – Перин, Де Шильо, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Жан, Пьянич, Матюиди, Дибала, Манжукич, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Дзадза (27), Пьянич (48), Жан (51), Роналду (70), Ансальди (72), Перин (90).
«НАПОЛИ» СЎНГГИ ДАҚИҚАДА «КАЛЬЯРИ» ҚАРШИЛИГИНИ СИНДИРДИ
«Наполи» сафарда «Кальяри» билан ўйнади. Анчелотти таркибда сезиларли ротация қилди, натижада, жамоа муаммоларга дуч келди. Биринчи бўлимда «Кальяри» меҳмонларнинг кам сонли ҳужумларини осонликча қайтариб турди. Иккинчи бўлимда Анчелотти жамоани уйғота олди ва неаполликлар хавфли вазиятлар сонини кескин оширишди. «Кальяри» ҳимоячилари тер тўкиб, уларни бартараф қилишди. Жамоа баъзан хавфли қарши ҳужумларга ўтиб турди. Оспина маҳоратини намойиш қилмаганида, мезбонлар ҳисобни очиши ҳам мумкин эди. Шундан сўнг, Анчелотти майдонга Мертенс, Инсинье ва Кальехонни туширди. Натижада, сўнгги дақиқаларда жамоа ғалаба келтирувчи голни уришга муваффақ бўлди. Милик жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, «Наполи»га муҳим уч очкони келтирди. Бу ғалабадан сўнг, неаполликлар пешқадам «Ювентус»дан 8 очколик фарқни сақлаб қолишди.

Ўйиндан кейин Карло Анчелотти ҳужумчи Миликнинг ўйинига юқори баҳо берди. «Милик – жиддий футболчи. У қийин вазиятларда жамоага ёрдам бера олади. Бу ўйинда муаммолар бўлиши кутган эдик. Асосий таркиб футболчиларининг йўқлиги бунга сабаб бўлди. Мен уларга бироз дам бермоқчи эдим. Иккинчи бўлимда Милик ва Мертенсни туширдим, кейин вазият ўнгланди», - деди мураббий.
Кальяри – Наполи 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 90 Милик.
«ИНТЕР» ҚИЙИНЧИЛИК БИЛАН «УДИНЕЗЕ»НИ МАҒЛУБ ЭТДИ
«Интер» ўз майдонида «Удинезе» билан ўйнади. Мезбонлар зарбалар, жарималар, бурчак зарбалари сони бўйича катта устунликка эришган бўлса-да, атиги 1та гол эвазига ғалаба қозонишди. «Интер» бу ўйинни яхши ўтказа олмади, жамоада чарчоқлик аломатлари борлиги сезилиб турди.
Биринчи бўлимда Кейта ва Икардининг узоқ масофадан йўллаган зарбаларини дарвозабон Муссо қайтара олди. Иккинчи бўлимда, Икарди пенальти ишлаб олди ва ўзи уни аниқ амалга оширди. Шундан сўнг, «Интер» ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, ўйинни ғалаба билан якунлади.

Ўйиндан кейин «Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти қўйидаги фикрларни билдирди: «Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг, биз босимни ҳис қилаётгандик. Бугунги ғалаба бизга анча енгиллик берадиган бўлди. «Удинезе» жиддий қаршилик кўрсатди, биз ҳужумкор ўйнадик ва мақсадимизга эришдик. «Интер» олдинга қараб бораверади».
Интер – Удинезе 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 76, пенальти Икарди.
«РОМА» МУВАФФАҚИЯТСИЗ СЕРИЯГА БАРҲАМ БЕРДИ
«Рома» ўз уйида «Женоа» билан ўйнади. Римликлар жуда қийин ва иродали ғалабани қўлга киритишди. «Женоа» икки марта ҳисобда олдинда боришига қарамай, якунда ғалабани бой берди.
Биринчи бўлим голларга бой тарзда ўтди. Ҳар иккала жамоа ҳужумкор ўйин намойиш қилишди. «Женоа» ҳужумчиси ва А Серия тўпурари Пёнтек 17-дақиқада ҳисобни очди. Бўлим охирида жамоалар учта гол уриб, танаффусга 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан йўл олишди. Иккинчи бўлимда Кристанте томонидан урилган гол мезбонларга муҳим ғалабани келтирди.

«Рома» бош мураббийи Эусебио Ди Франческо ўйиндан кейин қуйидаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Биз аввалги баҳслардаги хатоларни чуқур таҳлил қилиб чиқдик. Ғалаба бизга жамоавий руҳни қайтарди, бу энг муҳими эди. Қаторасига учта ўйинда ғалаба қозонмай, катта босим остида қолган эдик. Энди «Рома» қайта тикланиши керак».
Рома – Женоа 3:2 (2:2, 1:0)
Голлар: 0:1 – 17 Пёнтек, 1:1 – 31 Фасио, 1:2 – 33 Хильемарк, 2:2 – 45 Клюйверт, 3:2 – 59 Кристанте.
А СЕРИЯ 16-ТУР НАТИЖАЛАРИ
15 декабрь
Интер – Удинезе 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 76, пенальти Икарди.
Торино – Ювентус 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 70, пенальти Роналду.
16 декабрь
Кальяри – Наполи 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 90 Милик.
Рома – Женоа 3:2 (2:2, 1:0)
Голлар: 0:1 – 17 Пентек, 1:1 – 31 Фасио, 1:2 – 33 Хильемарк, 2:2 – 45 Клюйверт, 3:2 – 59 Кристанте.
СПАЛ – Кьево 0:0
Сампдория – Парма 2:0 (0:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 66 Капрари, 2:0 – 69 Куальярелла.
Фиорентина – Эмполи 3:1 (1:1, 2:0)/
Голлар: 0:1 – 23 Крунич, 1:1 – 40 Миральяс, 2:1 – 59 Симеоне, 3:1 – 78 Дабо.
Фрозиноне – Сассуоло 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 43, автогол Ариаудо, 0:2 – 58 Берарди.
17 декабрь
Аталанта – Лацио
18 декабрь
Болонья – Милан
А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ
А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ
12 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа, 2 пен)
11 - Криштиану Роналду (Ювентус, 3)
10 - Чиро Иммобиле (Лацио, 2)
9 - Фабио Квальярелла (Сампдория), Мауро Икарди (Интер, 3)
8 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Аркадиуш Милик (Наполи)
А СЕРИЯ 18-ТУР ЎЙИНЛАРИ
26 декабрь
Фрозиноне - Милан
Болонья - Лацио
Аталанта - Ювентус
Фиорентина - Парма
Кальяри - Женоа
Сампдория - Кьево
СПАЛ - Удинезе
Торино - Эмполи
Рома - Сассуоло
Интер - Наполи
«ЮВЕНТУС» ЕВРОПАДАГИ ЭНГ ЯХШИ СТАРТНИ ҚАЙД ЭТДИ
«Ювентус» Италия чемпионатининг 16-турида «Торино»ни мағлуб этди (1:0). Ўйиндаги ягона гол 70-дақиқада Криштиану Роналду томонидан пенальти орқали урилди.
Массимилиано Аллегри жамоаси А Серияда қаторасига еттинчи ўйинда ғалаба қозонди.
Италия чемпионатининг жорий мавсумида «Ювентус» 15 ғалабага эришди ва 1 ўйинда дуранг қайд этди. Бу эса Европа лигаларидаги энг яхши стартнинг такрорланиши бўлди. Дастлабки 16 турда бундай натижани «Тоттенҳэм» (1960/61), «Барселона» (2012/13) ва «Манчестер Сити» (2017/18) ҳам қайд этган.
УЕФА «МИЛАН»НИ ЖАЗОЛАДИ
УЕФА «Милан» клубини молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун жазолади. Football Italia хабарига кўра, «россонери» Европа Лигасидаги иштироки орқали ишлаб топган мукофот пулларидан (12 миллион евро) маҳрум қилинди. Бундан ташқари, навбатдаги 2та мавсумда еврокубокларда иштирок этиш учун жамоа 21 нафардан ортиқ футболчини рўйхатдан ўтказа олмайдиган бўлди.
УЕФА «Милан»га 2021 йил 30 июнига қадар қарзлардан тўлиқ қутулиб, мусбат бюджетга чиқиш талабини қўйди. Акс ҳолда, клуб 2022/23 ва 2023/24 мавсумида еврокубоклардан четлатилади. Клуб УЕФАнинг бу қарори устидан Спорт арбитраж судига шикоят қилмоқчи.
ИКАРДИ «ИНТЕР» БИЛАН ЯНГИ ШАРТНОМАНИ КЕЛИШИБ ОЛДИ
«Интер» ҳужумчи Мауро Икарди билан янги битим шартлари борасида келишувга эришди. Италия матбуоти хабарига кўра, шартнома муддати 2023 йилгача мўлжалланмоқда. Футболчининг маоши бонусларни ҳисобга олмаганда йилига 7 миллион еврони ташкил этади.
25 ёшли Мауро 2013 йилдан буён «нерадзурри» шарафини ҳимоя қилиб келади. У жорий мавсумда А Сериянинг 12та ўйинида қатнашиб 8та гол урган ва 2та голли узатмани амалга оширган. ЕЧЛда эса 6та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол муаллифи бўлди.
РОНАЛДУ «ЮВЕНТУС»НИНГ А СЕРИЯДАГИ ЮБИЛЕЙ ГОЛИГА МУАЛЛИФЛИК ҚИЛДИ
«Ювентус» Италия чемпионати 16-турида «Торино» устидан ғалабага эришди. «Олимпико ди Торино» стадионида кечган Турин дербиси меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.
Ўйиндаги ягона гол 70-дақиқада пенальтидан унумли фойдаланган Криштиану Роналду ҳисобига ёзилди.
Бу гол «Кекса синьора»нинг А Сериядаги юбилей - 5000-голи бўлди. Туринликлар Италияда бу маррага етган илк клуб бўлди.
Мавзуга оид
15:10 / 01.05.2025
Роналду ва Месси бир кунда яримфинал ўйинларида ютқазди
14:09 / 24.03.2025
Роналду ноёб кўрсаткичга эришди
15:28 / 30.01.2025
Роналду: «Ўғлимга Мбаппе ёқади, у «Дада, Килиан сиздан яхшироқ» деди. Мен эса «Ким кўпроқ гол урган?» деб сўрадим»
11:06 / 14.12.2024