Ўзбекистон | 12:42 / 18.12.2018
4284
6 дақиқада ўқилади

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия вазирлигининг “Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжати лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, танлов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказилади.

Танлов ўтказишни ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш мақсадида комиссиянинг ишчи органи фаолият юритади. Ишчи органнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармаси ҳамда Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармасининг соҳа бўйича масъул ходимлари орасидан шакллантирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Ишчи орган ўз фаолиятини комиссия раисининг раҳбарлигида амалга оширади.

Танловда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси иштирок этиши мумкин. Бунда, судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида уч йил мобайнида ишламаган фуқаро малака имтиҳонини қайта топширганидан кейин танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйидагилар танловда иштирок этиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати тугатилган шахс.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган шахс Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

комиссия номига ариза;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти нусхаси;

тўлдирилган сўровнома;

олий маълумот тўғрисидаги диплом ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма;

судланганлик ҳақида маълумотнома;

малака имтиҳонини топширганлиги (қайта топширганлиги) ҳақида ҳудудий адлия органи ҳузуридаги малака комиссиясининг қароридан кўчирма (малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида уч йил мобайнида ишламаган фуқаролар учун).

Қуйидаги ҳолларда ишчи орган талабгорга ҳужжатларини қайтариб юборади:

ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда ёки лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этилганда;

талабгор битта танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда берилган икки ёки ундан ортиқ нотариус лавозимларига ҳужжатлар топширганда;

ҳужжатлар танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда.

Талабгор ҳужжатларини бошқа асосларга кўра қайтариб юборишга йўл қўйилмайди.

Танлов давомида талабгорларнинг назарий ва амалий билимлари билет саволларига жавоб бериш орқали аниқланади.

Талабгорлар танловга, қоида тариқасида, 5 тагача талабгордан иборат гуруҳ шакллантирилиб, навбат бўйича киритилади. Талабгорлар танловга паспорти асосида қўйилади.

Талабгорнинг танловга уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ва шпаргалкалар олиб кириши ҳамда улардан фойдаланиши тақиқланади.

Танлов билети қуйидаги соҳаларни қамраб олган учта саволдан иборат бўлади:

давлат ва жамият қурилиши ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётга оид саволлар;

фуқаролик ҳуқуқи бўйича саволлар;

нотариат соҳаси бўйича саволлар.

Билетлар комиссия раиси ва масъул котибининг имзолари билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Танлов билетлари қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда даврий равишда қайта кўриб чиқилади.

Билет саволларига тайёрланиш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:

уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

танлов тугамасдан хонадан ташқарига чиқиш.

Талабгорнинг мазкур қоидага амал қилмаслиги уни танловда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда масъул котиб томонидан далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади. Танловда қатнашишдан четлаштирилган талабгор олти ой давомида кейинги танловларга қўйилмайди.

Танлов натижаларини аниқлаш учун комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда баҳолаш бюллетенида талабгорнинг саволларга берган жавобини 10 баллик тизимда баҳолайди. Талабгор танловга келмаса, ундан чиқариб юборилса ёки ўзи чиқиб кетса 0 балл қўйилади. Талабгор саволларга жавоб бериб бўлганидан сўнг хонадан чиқишга рухсат берилади.

Танлов натижасига кўра энг кўп балл олган талабгор танловда ғолиб деб топилади. Ғолиб деб топилган талабгорнинг балли танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кўп бўлиши лозим.

Танловда иштирок этган талабгорнинг бали танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам балл бўлса, комиссия танлов ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Нотариус лавозимида ишлаётган шахс танловда иштирок этиб, танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам балл тўпланган тақдирда эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилади ва у билан тузилган меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид