Ўзбекистон | 02:20 / 19.12.2018
55089
5 дақиқада ўқилади

Kun.uz билан атом электр станциясига саёҳат (видео+фото)

Бугунги кунда иқтисодиёт ривожланиши, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиши ҳисобига Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ошмоқда. Шу муносабат билан техник имкониятларни инобатга олган ҳолда,  Ўзбекистон ҳудудида биринчи атом электр станцияси (АЭС)ни қуришга қарор қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда қурилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси айнан Нововоронеж шаҳридаги АЭС  лойиҳаси асосида бўлади. Kun.uz мухбири Нововоронеж АЭСнинг 6-энергоблокида бўлиб, қизиқарли маълумотлар ва суратлар билан бўлишди.

Видео: Youtube

Нововоронеж атом электр станцияси (АЭС) Дон дарёси қирғоғида, вилоят маркази ҳисобланган Воронеж шаҳридан 51 км масофада жойлашган. Саноат майдонидан 3,5 км нарида - АЭС ишчилари яшовчи шаҳар округи - Нововоронеж шаҳри жойлашган. АЭС экплуатацияси йиллари давомида 546 миллиард кВт/с'дан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Нововоронеж АЭС - дунёдаги илк сув-сувли энергетик реакторли (ССЭР) саноат атом станцияси, Воронеж вилоятининг энг йирик электр энергия ишлаб чиқарувчиси. Ушбу АЭС Воронеж вилояти аҳолисининг электр энергияга бўлган талабининг 90 фоизи ва Нововоронеж шаҳрининг иссиқликка бўлган эҳтиёжининг 91 фоизини қоплайди.

1964 йилнинг 30 сентябрида Нововоронеж атом электр станцияси 1-энергоблокининг ишга туширилиши билан  нафақат собиқ СССР, балки Шарқий ва Марказий Европанинг қатор мамлакатлари саноат атом энергетикаси тарихи бошланди.

Нововоронеж майдонида жами олти ССЭР энергоблоки эксплуатацияга киритилган. 1-энергоблок (ССЭР-210) 1964 йилда, 2-энергоблок (ССЭР-365) 1969 йилда, 3- ва 4- энергоблоклар (ССЭР-440) 1971 ҳамда 1972 йилларда, 5-энергоблок (ССЭР-1000) 1980 йилда ва 6-энергоблок (ССЭР-1200) 2017 йилда ишга туширилган.

2016 йилнинг 27 октябрида Нововоронеж АЭСнинг "3+" авлодга мансуб ССЭР-1200 реакторли 6-энергоблоки 100 фоиз кучга кирди. 2017 йилнинг 27 февралида мазкур энергоблок саноат эксплуатациясига киритилди. Бугунги кунда АҚШ, Франция ва бошқа қатор мамлакатларда ҳам худди шундай "3+" авлод энергоблоклари барпо этилмоқда. Шундай бўлса-да, Нововоронеж АЭС 6-энергоблоки саноат эксплуатациясига топширилган дунёдаги биринчи сўнгги авлод атом энергоблоки ҳисобланади.

Мазкур энергоблокда энг сўнгги ютуқ ва ишланмалар қўлланган бўлиб, у постфукусима талабларига тўлиқ жавоб беради.

ССЭР-1200 реактори уч асосий афзалликка эга: юқори самарадорлик, узоқ муддатлилик ва хавфсизлик. Қурилма хизмат муддати - 60 йил.

Саноат эксплуатацияси 2019 йилга мўлжалланган 7-энергоблок Нововоронеж АЭС умумий қувватини 1,5 бараварга оширади. Шу тариқа, мавжуд қувватлар сақлаб қолинганда Нововоронеж АЭСнинг йиллик электр энергия ишлаб чиқариш кўрсаткичи 25 миллиард кВт/с'га етиши мумкин.

Айни дамда Нововоронеж АЭСда икки энергоблок эксплуатацияда - 1015 МВт'ли 5-энергоблок ва 1195,4 МВт'ли 6-энергоблок.

Маълумотларга кўра, Нововоронеж энергетиклари ССЭР реакторли энергоблоклар - хавфсиз, илмий-техник қарорлар эса - тўғри эканини амалда исботлашган. Нововоронеж АЭС эксплуатацияси йиллари давомида атроф-муҳитга таъсир кўрсатган ҳодисалар қайд этилмаган.

Бу ерда радиоактив чиқиндиларга нисбатан махсус технологик схема ишлаб чиқилган бўлиб, у радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, ташиш, вақтинчалик сақлаш ва махсус ташкилотларга кўмиш учун йўллашни ўз ичига олади. Барча босқичларда чиқиндиларнинг радиацион хусусиятлари ўлчанади, уларнинг радионуклид таркиби ўрганилади, ҳар бир партия ҳисоб-китоби юритилади ва ҳ.к.

Нововоронеж АЭС доим асосий вазифаси юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиш билан бир қаторда экологик хавфсизликни таъминлаш ҳисобланган ташкилот бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Атом станциясининг атроф-муҳит муҳофазасига оид асосий тамойиллари - табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш - Нововоронеж АЭС Экологик сиёсатида қайд этилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, истаган фуқаро Нововоронеж атом электр станцияси фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга. Бунинг учун паспорт билан ташриф буюрилса бўлгани.

Яна бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз: бу ердаги атом электр станциясида ишлашдан олдин, албатта, махсус ўқув марказининг тренажёр хоналарида таълим жараёнларини ўташ керак бўлади. Улар ҳақиқий АЭС каби жиҳозланган бўлиб, амалий машғулотларни ўз ичига олган.

Бундан ташқари, Нововоронежда болалардан то катталаргача хизмат кўрсатувчи Атом энергетикаси ахборот маркази мавжуд. Бу ерда атом энергетикасига оид билимлар оддий, содда тилда инновацион усуллар ёрдамида қизиқарли қилиб тушунтириб берилади.

Нововоронежда яшовчи маҳаллий халқнинг баъзи вакиллари билан суҳбатда улар ўзининг "атомчилар шаҳри"дан эканлиги билан фахрланишини илғаш қийин эмас. Kun.uz'ни кузатиб боринг ва кейинги мақолаларимизда АЭС жойлашган шаҳарда яшовчи ва ишловчи кишилар фикри билан танишинг.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид