Ўзбекистон | 11:22 / 19.12.2018
13726
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шакар ишлаб чиқаришни тиклади, импорт шакарга 20 фоизлик солиқ жорий этилди

Фото: Fotolia

Президентнинг 12 декабрдаги фармони билан импорт қилинадиган шакарга 20 фоизлик ҚҚС жорий этилди.

Шу билан бирга, шакар ишлаб чиқарувчиларни импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бунинг оқибатида, Ўзбекистон бозорларида шакар нархи ошди, деб ёзмоқда Ca-news.

Давлат солиқ қўмитаси мутахассисининг қайд этишича, импорт қилинувчи шакарни, 2018 йилда амал қилган, ҚҚСдан озод этиш ички бозорда талабни қондириш ва чакана нархларнинг кескин ўсишига йўл қўймаслик учун вақтинчалик чора бўлган.

Экспертнинг изоҳ беришича, импорт қилинувчи шакарга (асосан Украинадан) 20 фоизлик ҚҚС жорий этилишидан кўзланган мақсад - «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга оёққа туришга ёрдам бериш».

Ҳукумат 2017 йил сентябрида ўзбек сўми девальвациясини эълон қилганидан сўнг, Ўзбекистондаги икки шакар ишлаб чиқарувчи - «Хоразм-Шакар» ва «Ангрен-Шакар» ўз фаолиятини тўхтатди.

Шакарни улгуржи сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорнинг хабар қилишича, шакар нархи автоматик тарзда 20 фоизга ошди. «12 декабрга қадар мен шакарни бир килограмм учун 4160 сўмдан сотиб олардим, энди у 4500 сўм турибди. Бир қоп шакар 208 минг эди, ҳозир эса 225 мингга етди. Энди уни бир килограмм учун 5300-5500 сўмдан сотишга мажбурман», - дея айтиб ўтган тадбиркор.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар бир ўзбекистонлик йилига ўртача 15-16 килограмм шакар истеъмол қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Украинадан шакар импортини тиклагани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид