Спорт | 12:15 / 21.12.2018
10631
3 дақиқада ўқилади

«Кўрдингми, сабр қилиш керак демаганмидим?» Санчес ва Рохо Моуриньонинг истеъфоси бўйича гаров боғлаган

Фото: Scott Heppell/REUTERS

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Алексис Санчес жамоадоши Маркос Рохо билан гаров ўйнаб, бош мураббий Жозе Моуриньонинг истеъфога чиқарилиши ортидан 20 минг фунт ютиб олган. Бу ҳақда The Sun хабар тарқатди.

Нашрнинг аниқлашича, чилилик футболчи жамоанинг WhatsApp мессенжеридаги гуруҳида шундай деб ёзган: «Айтганим-а сенга! Сабр қилиш керак, деб. Рохо, мендан 20 минг фунт қарз бўлдинг».

Қайд этилишича, Санчес бу хабарни сешанбада - Моуриньонинг ишдан бўшатилгани эълон қилинган куни йўллаган. У бу пайтда Чилида, туғилган кунини нишонлаш арафасида эди. Эртасига Алексис 30 ёшини қарши олган, Instagram саҳифасида дўстлари ва оиласи билан кўтаринки кайфиятда тушган суратларини жойлаган.

Бундан ташқари, Санчес отга миниб юргани акс этган суратни ҳам тармоққа жойлаштирган. Ваҳоланки, у сонидан жароҳат олгани учун ватанига кетгани айтилган эди.

Алексис португалиялик собиқ мураббий билан энг таранг муносабатда бўлган футболчилардан бири сифатида кўрсатиб келинади. Айрим маълумотларга кўра, у шу йил бошида жамоага қўшилганидан афсусланиши ҳақида жамоадошларига айтиб келган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Моуриньо билан зиддиятга борган ва истеъфодан сўнг истеҳзоли суратини тармоққа жойлаган Поль Погба ҳам мураббийнинг истеъфосини нишонлагани хабар қилинган эди.

Хабарда айтилишича, Погба хурсандчиликдан сакраган ва ёнидагиларга гўёки шундай деган: «У мени аҳмоққа чиқармоқчи ва фанатларни менга қарши қилиб қўймоқчи эди. Лекин у адашди».

Ўша куни вақтинча мураббий вазифасида бўлган Майкл Кэррик бунинг учун футболчига дашном берган ва клуб ҳар қандай футболчидан муҳимроқлиги, «Юнайтед» стандартларига мос келмаган футболчидан воз кечилиши ҳақида гапирган. Қолаверса, клубнинг собиқ футболчиси Гари Невилл ҳам ҳолатга муносабат билдириб, франциялик хавбекни танқид остига олди.

Кейинчалик Погба тармоқдаги сурати учун жазолангани маълум бўлди.

Мавзуга оид