«Қиш келганда шу бўлар такрор». Водийдаги метан «заправка»ларида 5 километрлик навбатлар пайдо бўлди
18 декабрдан буён Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари, оддий халқ тили билан «заправка»ларда охири йўқ навбатлар пайдо бўла бошлади.
Ҳар йили қиш фасли келганида ана шундай муаммолар келиб чиқиши одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Баҳорнинг биринчи ойидан бошлаб «Ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш» тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинади. Лекин, ҳеч қишга тайёр бўлмаймиз.
«Мухбир ака, Наманганнинг «Гўзал» мавзесидаги иккита метан «заправка»да 5 километрлик турнақатор навбат. Вилоят ҳудудидаги барча метан газ қуйиш шохобчаларида шу аҳвол. Суратларни кўринг», дейди таҳририят билан алоқага чиққан мурожаатчи.
Шу куннинг эртасига Андижон шаҳри атрофидаги ҳудудларда ҳам узундан-узун навбатларга гувоҳ бўлдик. Андижон туман Хирабек қишлоғида жойлашган «заправка»даги машиналар сонини санаб тугатиб бўлмади.
«Беш-олти соатдан бери навбатда турибмиз. Сабабини билишга ёрдам беринг. Қачонгача, бу ҳолат давом этади», дейди ҳайдовчилар.
Фарғоналик ҳайдовчилар ҳам узунлиги тўрт километрлик машиналар навбатини видеолавҳага олиб жўнатишибди. Тасвирларни кўрдик. Дарҳақиқат, Учкўприк тумани ва Қўқон шаҳридаги ҳайдовчиларга ҳавас қилиб бўлмайди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Мурожаат қилган кишилар муаммонинг сабабини сўрашмоқда. Биз эса метан газ шохобчаларидан саволга жавоб излаймиз.
Сабаблар доимгидек:
1. Тизимдаги газ босими тушиб кетган;
2. Аҳолини табиий газ билан таъминлаш мақсадида кечки пайт соат 20:00дан кейин метан «заправка»лар ёпилмоқда.
Тушунарсиз ва тушунарли, қизиқ ҳолат. Газ ўз хоссасига хос равишда совуқда қуюқлашади. Ҳар йили қишда қуюқлашади ва босим пасаяди. Соҳа кишилари, ҳеч шу ҳолатнинг олдини олиш, ёки босимни кўтаришни имконини топиш тўғрисида бош қотиришармикин?
Кечқурун соат 20:00да аҳолига табиий газ етиб бориши учун «заправка»ларни ёпиш билан атрофдаги маҳаллаларда табиий газ танқислиги бартараф этилмаётгани ҳам аниқ.
Шохобчалардаги навбатлар ортида оддий аҳолини қийнайдиган муаммолар келиб чиқяпти. Водий халқи жамоат транспорти сифатида «Дамас»дан фойдаланади. Кўчада транспорт камлиги боис иш жойи, ўқув муассасасига ўз вақтида бориш муаммоси пайдо бўляпти. Йўлкира нархлари ошади.
Ҳаммани фақат битта умумий савол қийнайди. «Қачонгача?». Йиллар ўтиб боряпти. Муаммога эса ечим йўқ.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
21:11
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
09:30 / 07.11.2024