Ўзбекистон | 18:10 / 21.12.2018
26170
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 июнь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қуриладиган ҳудудга ташриф буюриб, унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги кунда бино конструкциялари қад кўтариб, қурилиш ишлари жадал давом этмоқда, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Ислом цивилизацияси маркази умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халққа, дунё ҳамжамиятига етказиш, жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Уч қаватли марказ қадимий мадрасаларимиз услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади.   Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.

Президент қурилиш жараёни билан танишди. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади.

- Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

Мавзуга оид