Спорт | 15:27 / 24.12.2018
12338
2 дақиқада ўқилади

Иско жамоадошлари билан жаҳон чемпионлигини нишонлашдан бош тортди

Фото: Getty Images

«Реал» яримҳимоячиси Иско яна бир можаро марказида бўлиб турибди.

Marca`нинг ёзишича, у клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финали ўйинидан сўнг, жамоа билан суратга тушиш ва стадион бўйлаб ғалабани нишонлаш маршида иштирок этишдан бош тортган ҳамда дарҳол кийим алмаштириш хонасига равона бўлган. Унинг ортидан дарвозабонлар Кейлор Навас ва Кико Касилья, ҳимоячи Дани Карвахаль ҳам ичкарига йўл олишган.

Яъни улар чемпионликни нишонлаш ва жамоадошлари билан хурсандчилик қилиш, уларнинг даврасида ғалаба онларидан баҳра олишни лозим топишмаган.

Фото: Getty Images

Иско чемпионат яримфиналидаги «Кашима Антлерс»га қарши ўйинда (3:1) 25 дақиқа тўп сурган бўлса, «Ал-Айн» билан бўлган финални (4:1) охиригача захира ўриндиғида кузатди. Чемпионлик баҳсида мезбонлар дарвозасини ишғол этган жамоа сардори Серхио Рамос ўз голини айнан Искога бағишлаган эди.

ОАВда Искога асосан икки клуб –«Манчестер Сити» ва «Ювентус» даъвогар сифатида кўрсатилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид