Ўзбекистон | 15:11 / 26.12.2018
13236
10 дақиқада ўқилади

Доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқаришга доир давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларни доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқаришга доир давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Маъмурий регламентга кўра, давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрсатилади.

Фуқароларни доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқариш аҳоли миграциясини ҳисобга олиш мақсадида фуқаронинг вилоят ҳудудининг муайян жойида яшаши фактини аниқлашни назарда тутади.

Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари шарт.

Фуқаролар доимий пропискадан чиққан кундан бошлаб (янги яшаш жойига келган кундан бошлаб) ўн кун ичида доимий пропискада туриш учун мурожаат қилишлари лозим.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳишига қараб ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Мазкур давлат хизматини контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун) бўлган фуқароларга кўрсатиш тўғридан-тўғри тегишли ҳудуддаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан амалга оширилади.

Тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасалардаги етим болалар, ота-оналарининг қаровисиз қолган болалар, шунингдек қариялар уйларидаги шахслар кўрсатиб ўтилган муассасалар томонидан берилган турар жой майдонига доимий прописка қилинади.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Фуқаро вилоятларда доимий пропискага эга бўлиш учун прописка қилинаётган ҳудуддаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали турар жой эгаси билан бирга электрон тарзда мурожаат қилади.

Фуқаро кела олмайдиган ҳолларда турар жой эгасининг ўзи фуқаронинг паспорти билан бирга мурожаат қилиши мумкин.

Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган ҳолларда фуқаро ва турар жой эгаси номидан Давлат хизматлари маркази ходими томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда мувофиқ шаклдаги сўровнома электрон равишда тўлдирилади.

Сўровномага қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар киритилади:

уй-жой ҳужжатларининг кадастр рақамлари тизимга киритилиб, асли қайтарилади;

никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, шунингдек васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг тегишли рақамлари тизим орқали текширилган ҳолда асли қайтарилади;

уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги розилигини шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса, нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги) реестр рақами тизим орқали текширилган ҳолда қайтарилади.

Мазкур хизмат ҳарбий хизматга мажбурлар учун кўрсатилаётганда сўровномада ҳарбий рўйхатдан чиқариш ва киритишга тааллуқли маълумотлар ҳам тўлдирилади.

Бунда ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий гувоҳномалари (чақирилувчиларнинг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалари) рақамлари сўровномага киритилади.

Турар жой мулкдори ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Уй-жой мулкдори (мулкдорлари) номидан нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ҳаракатланаётган шахслар ҳам фуқарони доимий прописка қилишга розилик бериш учун мурожаат қилишга ҳақли.

Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасига доимий пропискадан ўтиши мумкин.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг, фуқаро ва уй-жой мулкдори (мулкдорлари) уни ўзларининг электрон рақамли имзо калитлари билан тасдиқлайдилар.

ЭРИ калити бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

40 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги МваФРББнинг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади (хизмат ЯИДХП орқали кўрсатилганда);

қолган маблағлар тўлиқ миқдорда Давлат бюджетига ўтказилади.

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши (кадастр ҳужжатлари, паспорт маълумотлари, нотариал тасдиқланган розилик хати) шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун давлат божини тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган давлат божи суммаси қайтарилмайди.

Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровномани ваколатли органга ҳамда тегишли мудофаа ишлари бўйича бўлимига электрон тизим орқали юборади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга ҳамда мудофаа ишлари бўйича бўлимга юборилади.

Ҳарбий хизматга мажбур шахсларни прописка қилиш улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобга қўйилганларидан кейин амалга оширилади.

Сўровнома ваколатли органнинг электрон тизимига келиб тушган вақтдан бошлаб 1 иш куни давомида фуқаро ҳақидаги маълумотлар тегишли маълумотлар базалари орқали текширилади.

Текшириш натижасига кўра, фуқарони доимий прописка қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хабар ваколатли органнинг электрон тизими орқали расмийлаштирилган ва QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган ҳолда тегишли мудофаа ишлари бўйича бўлимига юборилади.

Мудофаа ишлари бўйича бўлими ваколатли органнинг мазкур хабарига асосланган ҳолда фуқарони 1 иш куни давомида ҳарбий рўйхатдан чиқариш ва киритиш бўйича давлат хизматлари кўрсатади ҳамда бу ҳақда тегишли ваколатли органни электрон тизим орқали хабардор қилади.

Ваколатли орган мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг хабарига асосланган ҳолда 1 иш куни давомида фуқаронинг прописка қилинганлиги ҳақидаги хабарномани (хабарнома ваколатли органнинг электрон тизими орқали расмийлаштирилган ва QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади) Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборилади.

Давлат хизматлари маркази, хабарнома келиб тушган куннинг ўзидаёқ уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Фуқаронинг сўровига кўра, унга хабарнома қоғоз шаклда мурожаат қилган Давлат хизматлари марказининг муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши мумкин.

Фуқаро хабар келиб тушган кундан эътиборан, 10 кун ичида паспорти билан бирга доимий прописка қилинаётган ҳудуддаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига – доимий прописка қилиш муҳрини қўйдириш учун, мудофаа ишлари бўйича бўлимига – ҳарбий ҳисобга қўйиш муҳрини қўйдириш учун мурожаат қилади.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими фуқаронинг паспортига мурожаат қилган куннинг ўзидаёқ доимий пропискадан чиқариш ҳамда прописка қилиш тўғрисидаги тегишли муҳрларни қўяди.

Мудофаа ишлари бўйича бўлими фуқаронинг ҳарбий гувоҳномасига мурожаат қилган куннинг ўзида ҳарбий ҳисобдан чиқариш ҳамда ҳарбий ҳисобга қўйиш тўғрисидаги тегишли муҳрларни қўяди.

Фуқаро рўйхатдан чиқиш учун прописка қилинаётган ҳудуддаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат қилади.

Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган ҳолларда фуқаро номидан Давлат хизматлари маркази ходими томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда мувофиқ шаклдаги сўровнома электрон равишда тўлдирилади.

Сўровномага қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар киритилади:

паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг тегишлии рақамлари (паспорт сериялари) тизимга киритилиб, асли қайтарилади;

ҳарбий (чақирилувчиларнинг қайд этилганлиги тўғрисидаги) гувоҳномаларнинг тегишли рақамлари тизимга киритилиб, асли қайтарилади (ҳарбий хизматга мажбурлар учун).

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни, вафот этганлар, суд қарорига асосан пропискадан чиқарилаётган ҳоллар ва ушбу маъмурий регламентга асосан Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши назарда тутилмаган бошқа ҳолларда тегишли хизматлар ваколатли орган томонидан тўғридан тўғри қонунчилик талаблари асосида амалга оширилади.

Мазкур хизмат ҳарбий хизматга мажбурлар учун кўрсатилаётганда сўровномада ҳарбий рўйхатдан чиқариш ва киритишга тааллуқли маълумотлар ҳам тўлдирилади.

Бунда ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий (чақирилувчиларнинг қайд этилганлиги тўғрисидаги) гувоҳномалари рақамлари сўровномага киритилади.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг, фуқаро уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

ЭРИ калити бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши (кадастр ҳужжатлари, паспорт маълумотлари, нотариал тасдиқланган розилик хати) шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун давлат божини тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Бошқа ҳар қандай ҳолат хизматни кўрсатишни рад этишга асос бўлмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид