Аутизм касалликми ё руҳий ҳолат? Ғайритабиий болалар ҳақида фактлар
Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учраётган касалликлар тўғрисида фойдали ва керакли маълумотлар бериб боришни ўз олдига мақсад қилган. Бугун дефектолог Шаҳноза Имомхўжаева билан болаларда учрайдиган аутизм касаллиги ҳақида суҳбатлашамиз. Бу сирли касаллик ҳозирда олимлар томонидан ўрганилмоқда. Аутизмли бола атрофга ўзгача назар билан қарайди. Маълумотларга кўра ҳозирда дунёдаги ҳар 88 та боланинг бирида аутизм кузатилиши мумкин. Бундай болалар ташқи кўринишидан бошқалардан фарқ қилмайди, фақат у ўзгача фикрлайди. Аутизм касаллигига чалинган болалар билан ишлаш усуллари ҳақида бугун фойдали маълумотлар бериб ўтамиз. Шунингдек, бу касалликни даволаш бўйича Ўзбекистондаги биринчи хусусий мактаб иш фаолияти, дарс ўтиш усуллари ҳақида ҳам айтиб ўтамиз.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Аутизм нима?
Аутизм (грекча «аутос» – «ўзим» деган сўз) – бу руҳиятнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, бемор ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. У ёлғизликни ёқтиради. Яна бир хил хатти-ҳаракат ва шундай сўзларни такрорлайди. Аутизм ташхисли бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари реал воқелик билан боғлиқ эмас. Беморларнинг ҳаракатларида ҳиссий кечинмалар асосий ўрин тутади. Бу касаллик синдроми ўғил болаларда қиз болаларга нисбатан кўп учрайди. Симптомларнинг ҳар хиллиги ва касаллик ўзгарувчанлиги ушбу касалликни қийинлигидан далолат беради: сезиларсиз аутистик хусусиятлардан то доимий парвариш талаб этилишигача.
Аутизм касаллигини келиб чиқиш сабаблари
Олимларнинг фикрича,аутизм кассалигини келиб чиқиш сабабларидан бири бу – ҳомилани она қорнидалик даврида маълум бир турдаги оқсилларнинг етишмовчилиги. Иккинчи сабаби, организмда икки хил оғир металнинг, қўрғошин ва симобни, кўпайиб кетиши. Учинчи сабаб атроф муҳитни экологик бузилиши ва ҳомиладорлик пайтида кучли стресс ҳолатларини кечириш. Анемия ҳамда қон босимнинг ошиши, буйракда босим ошиши – буларнинг ҳаммаси аутизимни келиб чиқиш сабаблари ҳисобланади. Бундан ташқари аутизм касаллиги белгиларининг кенгайишини, яъни ривожланишдан ортда қолиш белгилари Ретта синдроми, Аспергера синдроми ва аутизмнинг классик симптом комплексларининг кўп учраши. Шунингдек, касаллик ҳақида маълумот кўпаймоқда. Илгари тортинчоқ, уятчан, интроверт ва шизофренияга мойил болаларни «ғайритабиий болалар» дейишган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай болаларни аутистик болалар (аутизм) дейишмоқда.
Аутизм касаллиги ёшга қараб қуйидагиларга бўлинади:
Эрта болалик аутизми – 2 ёшгача;
Болалик аутизми – 2-11 ёшгача;
Ўсмирлик аутизми 11-18 ёшларгача.
Аутизм белгилари
• Ижтимоий қолоқлик;
• Мулоқотда ўз-ўзи билан гаплашиш, ҳар хил қўл ҳаракатлари қилиш;
• Умумий белгиларнинг эрта бошланиши.
• Боланинг онасига беэътиборлилиги (кулиш, жисмоний ҳаракатлар, овоз чиқаришлар);
• Боланинг «тайёргарлик» ҳолати йўқлиги яъни уни кўтаришга уринганда қўлларини чўзмаслиги, тиззаларида туришга ҳаракат қилмаслиги, эмишдан бутунлай тўхташи;
• Жамоа билан ўйнашни истамаслик, ота-она ва бошқалар билан ўйнаганда инжиқлик қилиш, ёлғиз ҳолда ўйнашни хоҳлаш;
• Овоз, ёруғликка бўлган сезувчанликнинг ошиб кетиши, бундан ташқари қўрқитиш, бақириқ, арғимчоқ учиш каби ўйинлар пайтида инжиқликлар қилиш;
• Гапириш қобилиятининг сусайиши, ҳатто мутизм ҳолатигача. Эхолалиялар, яъни сўзларни такрорлаш, ота-онадан эшитган ибораларни қайта-қайта айтиб юриш ёки мультфильмда эшитган сўзларни доимо айтиб юриш, бу Аспергер синдроми дейилади;
• Овқатни танлаб ейиш, иштаҳа сустлиги, уйқунинг ёмонлашуви;
• Буйруқларни бажармаслик, буюмларни кўрсатса қарамаслик, ўзининг исмига эътибор бермаслик;
• Белгиланган тартибга қатъий риоя қилиши, яъни бир вақтда уйғониши, буюмларни бир жойда сақлаш, жисмлар шаклига қараб саралаш ва шу кабилар;
• Сўзлашиш қобилиятининг яққол бузилиши катталар каби иборалар ишлатиб гапириш, бир хил сўзларни такрорлаб юриш, диалогга киришмаслик;
• Хавфлардан қўрқмаслик: баландлик, автотрасса, ҳайвонлардан қўрқмаслик, лекин оддий буюмлардан қўрқиш, масалан қайнаб турган чойнак, электр ёқгич ва шу кабилар;
• Ҳаракатлардаги такрорлар айланиб туриш, тебраниб туриш, имо-ишораларнинг такрорланиши;
• Жаҳлдорлик, кулги, ваҳиманинг ўз-ўзидан пайдо бўлиши;
• Баъзи бир ғайритабиий ҳолатларга эътибор қаратиш, масалан эслаб қолиш қийин бўлган сонларни эслаб қолиш, қўшиқлар сўзларини эсда сақлаш, ўқиб бўлмайдиган ёзувлар ёзиш;
Ўсмирлик аутизмида белгиларга аутистнинг гормонал ўзгаришлари ҳам қўшилади. Диагнозни фақатгина белгиларга асосланиб, психиатр шифокор қўяди. Кўпчилик аутист болалар адабиётларда келтирилган аутизм белгиларига мос келмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда аутист болалар инсонлар билан мулоқотга ҳам киришишлари мумкин, бу эса диагноз қўйишда қийинчиликлар туғдиради.
Аутизмни даволаш
Даволаш мақсадида ортда қолаётган жиҳатларни коррекция қилиш учун барча турдаги аутист болаларга мос келадиган қуйидаги чора тадбирлар қўллаш мумкин:
• Гапириш қобилиятини яхшилаш мақсадида логопед билан машғулотлар олиб бориш;
• Сўзлашиш учун расмли карточкалардан фойдаланиш ёки планшет, компьютерда сўзларни ёзиб ўргатиш;
• Бола билан ҳар хил ўйинлар ўйнаш, бир сферада фақат бир мутахассис билан;
• Медикаментоз даво фақатгина қўшимча сифатида болада кучли агрессия бўлсагина буюрилади.
Аутизмга чалинган бемор болаларни қандай бўлса, шундай қабул қилиш керак. Катталар буни ўз вақтида аниқлаб, уларни қўллаб-қувватлашлари зарур. Аутизм касаллиги ҳомила она қорнидалик давридаёқ унинг бош мияси ривожланишида баъзи оқсилларнинг етишмаслиги сабабли пайдо бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Бу хасталикнинг ирсият билан боғлиқлиги ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Америкалик ва франциялик олимлар гуруҳи бош мия ривожланишининг илк босқичларида ҳид сезишда иштирок этадиган ўзак ҳужайраларни ўрганиш зарур, деган хулосага келишди. Чунки, бурундан осонлик билан олинадиган биопсия суртмаси бу ҳужайраларни ўрганишда бебаҳо усул ҳисобланади.
Аутизм касаллигини даволаш бўйича Ўзбекистонда биринчи хусусий «Шукрона Таълим» мактаби 2018 йилнинг сентябр ойида ўз фаолиятини юритишни бошлаган. Ушбу мактабда аутизм ташхисли болаларга алигафренопедагогикадан ташқари, бутун дунё тан олган хулқ атворнинг амалий таҳлили методикаси – АБА терапия йўналиши бўйича ишлар, амалий машғулотлар олиб борилади. Бунда улар мулоқотга кира олмайдиган болалар билан пекс терапия ёрдамида машғулотлар олиб боришади.
Шу вақтгача аутизм касаллигини генетик касаллик деб ҳисоблашган. Лекин сўнгги маълумотларга кўра, аутизм касаллиги атроф-муҳитдаги зарарли-кимёвий моддаларнинг кўпайишидан келиб чиқмоқда. Касалликни эрта аниқлаб муҳитни ўзгартириш ижобий самара беради.
Мавзуга оид
07:43 / 04.12.2020
Қуёш ва ёмғир болалари: улар дунёни қандай кўришади?
11:32 / 18.11.2020
Азиз Абдуҳакимов: «Аутизмга чалинган болалар 16 ёшга тўлгунича ўзларини боқиб кетадиган ишга жойлашимиз керак»
19:05 / 11.02.2019
«Биз бормиз» – эътибордан четда қолаётган болалар
18:26 / 10.01.2019