Ўзбекистон | 10:52 / 27.12.2018
27392
7 дақиқада ўқилади

Қуролли Кучларда тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини саломатлигига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус авария-тиклаш бошқармасида хизмат фаолияти ҳақиқий ҳарбий хизматга тенглаштирилган бошқа вазирлик ва идораларда ҳарбий хизматга яроқлилигини;

фуқаролар соғлиги ва жисмоний ривожланишининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари турлари, қўшин шаклларига ва ҳарбий мутахассисликка тўғри тақсимлаш учун кўрсатмаларни;

ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар), тенглаштирилган хизматни ўташ даврида фуқаролар томонидан орттирилган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини;

ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлигини тиклаш турлари, ҳажми ва муддатини.

Тиббий кўрикдан ўтказиш Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ПХДХ, ДХХ, ИИВ, ФВВ, 15361-ҳарбий қисмда, ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматни ўташ назарда тутилган вазирлик ва идораларда амалга оширилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармалари ва мудофаа ишлари бўйича бўлимларида, тенглаштирилган хизмат ўташ кўзда тутилган вазирлик ва идораларда - тиббий комиссиялар, Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ИИВда ҳарбий-тиббий комиссиялар ташкил этилади.

ҲТК ва тиббий комиссияларни тузиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг хулосаларини расмийлаштириш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.

ҲТК ва тиббий комиссиялар зиммасига куйидаги вазифалар юклатилади:

шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ҳарбий-тиббий экспертизага услубий раҳбарлик қилиш, даволаш-профилактика муассасаларидаги даволаш-соғломлаштириш ишларини, Қуролли Кучларнинг ҳарбий-тиббий муассасалари, ҳарбий қисмлари, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларидаги даволаш-диагностика ишларини, давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш- профилактика муассасаларида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ПХДХ, ДХХ, ИИВ, ФВВ, 15361-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг тиббий текширувдан ўтказилиши ва даволанишини, шунингдек, тегишли фуқароларнинг текширувдан ўтказилиши (кузатувда бўлиши) ва даволанишини ташкил этиш, ўтказиш ва натижалари устидан назорат қилиш;

ҳарбий хизматчилар, тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий хизматни ёки тенглаштирилган хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўтаган фуқароларнинг касалланиши, шикастланиши, ярадорлиги, жароҳатланишини, шунингдек, уларнинг ўлимига олиб келган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш;

фуқароларни ҳарбий хизматдан (тенглаштирилган хизматдан) бўшатиш вақтида саломатлигига кўра ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматни ўташга) яроқлилигини аниқлаш;

ҳарбий тиббий экспертизанинг муаммоларини илмий тадқиқ қилиш;

ҳарбий тиббий экспертизани ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича мутахассис-шифокорлар ва ўрта бўғин тиббиёт ходимларини тайёрлаш.

ҲТК ва тиббий комиссияларнинг фаолиятини назорат қилиш, уларга услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш вазирлик ва идораларнинг марказий ҳарбий тиббий комиссиялари зиммасига юклатилади.

Шахсларни тиббий кўрикдан ўтказилиши қуйидаги вақтларда амалга оширилади:

а) фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш вақтида;
б) фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш вақтида;
в) фуқароларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш вақтида;
г) сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган фуқаролар;
д) шартнома бўйича ҳарбий хизматга кираётган фуқаролар;
е тенглаштирилган хизматга кираётган фуқаролар;
ж) ҳарбий хизматчилар;
з) тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар;
и) ҳарбий таълим муассасаларига (ҲТМ) кираётган фуқаролар;
к) МИБ ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларига юборилаётган фуқаролар;
л) олий таълим муассасалари ҳузуридаги ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларига (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курслар) танлаб олинаётган (таҳсил олаётган) фуқаролар;
м) ҳарбий йиғинларга чақирилаётган фуқаролар;
н) ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар;
о) ҳарбий йиғинларни ўтаган фуқаролар;
п) Қуролли Кучлар резерви ва захирасидаги фуқаролар (ҳарбий хизматга мажбурлар);
р) шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари;
с) ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароит билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган (кираётган) ёки ишлаётган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари;
т) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ўқишга (малака оширишга) юборилаётган (кираётган) шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, ҲТМ курсантлари, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари.

Ҳарбий-тиббий экспертиза тиббий текширув ва тиббий кўрик ўтказишни кўзда тутади.

Тиббий текширувда тиббий кўрикдан ўтказиш олдидан фуқаронинг шикоятлари, анамнези ва тиббий текширув маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш, лаборатория, тиббий ускуналар ёрдамида, морфологик ва бошқа тадқиқотларни ўтказиш йўли билан амалга ошириладиган комплекс диагностика чора-тадбирлари ўтказилади.

Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг аниқланиши оқибатида, айрим ҳолларда эса тиббий-экспертизада жараёнида аниқланганда амалга оширилади.

Ҳарбий хизматни ўтамаган ва ҲТМга ўқишга кираётган номзодларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш:

Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия учун - туман (шаҳар) МИББнинг;

ДХХ учун - ДХХ ҳудудий бошқармалари ҳарбий-тиббиёт хизматларининг зиммасига юкланади.

МИББнинг (ДХХ ҳудудий бошқармалари ҲТКнинг) йўлланмасига кўра номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилишидан олдин давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида мажбурий диагностик текширувлардан ўтадилар.

Ташхисга аниқлик киритиш мақсадида номзод МИББ (МИБ) ҳузуридаги тиббий комиссияси (ДХХ ҳудудий бошқармалари ҲТК) томонидан амбулатор (стационар) равишда тиббий текширувдан ўтказиш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш- профилактика муассасаларига юборилиши мумкин.

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш ҳамда муддатли ва муқобил ҳарбий хизматга чақиришда фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида фуқаролар узоқ муддатли тиббий текширувга муҳтож бўлса, ўн икки ойгача муддатга даволанишга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Тиббий текширув якунлангач, фуқаро қайта тиббий кўрикдан ўтказилади.

Муддатли ва муқобил ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб топилган фуқаролар тиббий текширувдан бош тортган ёки қочган ҳолларда олти ойдан сўнг қайта кўрикдан ўтказилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда уларнинг касаллиги аниқланганда уларга 30 суткадан 60 суткагача касаллик таътили берилади.

Мавзуга оид