Жамият | 16:37 / 27.12.2018
118535
5 дақиқада ўқилади

Водийда занжирли муаммо. Вазият оғирлигича қолмоқда

Жамиятда ҳар бир соҳа бошқаси билан занжирдек боғланган. Қайсидир ҳалқада хатолик бўлса, жамият занжири жабр чекади.

Водийнинг уч вилояти - Андижон, Наманган ва Фарғонадаги табиий газ танқислиги ҳам худди шундай натижа бермоқда. Метан «заправка»ларида юзага келган узундан узун навбатлар туфайли аҳоли турли қийинчиликларга дуч келяпти.

«Намангандан бизга товар олиб келадиган ҳайдовчилар ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ноқулайликлар сабабли йўлкира ҳақини ошириб юборишди. Бу ўз-ўзидан дўкондаги маҳсулотлар нархи кўтарилишига сабаб бўляпти. Харидорлар эса норози», дейди фарғоналик савдогар.

«Икки фарзандимнинг бири институтда, яна бири коллежда ўқийди. Кира ҳақи ошди. Йўналишдаги жамоат транспорти камайиб кетган. Йўловчилар ҳайдовчиларнинг айтган пулига рози бўлиб манзилга етиб олишяпти», дея нолийди асакалик ота.

Видео: Mover

Видео: Youtube

21 декабрь куни  сайтимизда «Қиш келганда шу бўлар такрор». Водийдаги метан «заправка»ларида 5 километрлик навбатлар пайдо бўлди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Орадан қарийб бир ҳафта ўтди. Биз уч вилоят бўйлаб кезиб, метан «заправка»ларидаги ҳолатни кузатдик.

Фарғона вилояти, Қувасой шаҳарчасидаги метан газ қўйиш шохобчасидамиз. Қир этагига жойлашган масканда юзлаб машиналар навбат кутиб турибди.

«Кеча саҳарда, соат тўрт яримда келгандик, беш соат навбатда турганимиздан сўнг «заправка»нинг компрессори ишламай қолди. Қайтиб кетдик. Тушдан кейин келиб яна тўрт соат навбатда туриб, газ қуйдирдик. Бугун ҳам навбатда турибмиз. Ҳар куни тўрт-беш соат навбатда турамиз», дейди киракашлик қилувчи Асилбек Хотамқулов.

Фарғона шаҳри марказидаги шохобчада автомашиналар кети кўринмас навбатларни тасвирга туширдик. 5 километрлик турнақатор навбатлар одатий ҳолга айланибди.

Машинасида ёқилғиси тугаган ҳайдовчилар бир-бирининг уловини итариб жойидан силжитишмоқда. 

Метан «заправка»ларидаги танқислик шаҳардаги бензин ёқилғиси сотадиган АЁҚШларга ҳам «юқибди». Бензинга ҳам навбат кўпайган.

Фарғона вилоятидаги барча шохобчаларда худди шу ҳолат.

Ёзёвон чўлларидан ўтиб, Улуғнор тумани орқали Наманган вилоятига келдик. Мингбулоқ туманидаги метан газ қуйиш масканидаги аҳвол жуда-жуда ёмон эди. Узундан-узун навбатнинг охирини топа олмадик.

Қизиғи, автомашина ва одамларнинг кўплиги пирожка, кофе, писта сингари майда савдогарчиликка яхши муҳит яратибди. «Кунига 200та пирожка сотяпман, кофега ҳам харидор кўп», дейди камерадан ўзини олиб қочган йигит.

Автомашина эгалари барча «заправка»лар соат 20:00ларда беркитилаётганидан нолишди. Яна, узун навбатга турмай, шохобчанинг олди томонидан назоратчилар беш-ўн минг бериб навбатсиз кираётган «учар»ларга ҳеч ким чора кўрмаётганини айтишди.

Қишнинг куни бир тутам. Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги метан газ шохобчасига қош қорайганда етиб келдик. Бу ерда ҳам манзара ўша-ўша...

Икки қаторлик автомобиллар карвони ва қиш куни совуқда «сарғайиб» турган ҳайдовчилар. Бечораларнинг дарди ичида экан. Тенг гапиришни бошлашди: «Журналист ака, кунимиз навбатда туриш билан ўтяпти. Қачонгача бу ҳолат давом этади? Беш соат навбат кутиб кирганимиз билан 200 атмосфера босими ўрнига тенг ярми 100 атмосфера босими қуйишмоқда».

Қишнинг аёзли кунида совуқда қақшаб, ўз пулига метан газ қуйиш шохобчасидан ёқилғи қуя олмаётган юртдошларимизнинг арзларини эшитгач, «Наҳотки уч вилоят ҳокимлари, мутасаддиларининг мана шу ҳолатдан хабарлари бўлмаса?», дея ўйланиб қолдик.

Ахир, метан газ муаммоси ечилмайдиган масала эмаску? Вилоят катталари ўша «Ўзтрансгаз»га алоқага чиқиб магистралдаги газ босими пастлиги муаммосини ҳал қилишга уриндиларми йўқми, бундан бехабармиз.

Мақоламиз сўнгида газ соҳаси вакилларидан мазкур ҳолатлар қачон бартараф этилиши бўйича изоҳ сўраб қоламиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Фарғона-Наманган-Андижон

Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид