Ўзбекистон | 16:10 / 28.12.2018
47986
3 дақиқада ўқилади

«Бу маҳсулотимиз сотилмай қолганидан эмас». Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат»нинг «тарихий чегирмаси» ҳақида маълумот берди

Бугун, 28 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида «Ўзавтосаноат» АЖ 2018 йил ислоҳотлари мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарлари, етакчи мутахассислари иштирок этишди ва жамият фаолиятига оид маълумотлар беришди.

«Ўзавтосаноат» 2018 йилда 220 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарди

Маълум қилинишича, ҳозирга келиб «Ўзавтосаноат» АЖ таркибида 50 нафардан зиёд корхона фаолият юритмоқда, компания тизимида 27 минг киши ишлаяпти.

«Ўзавтосаноат» корхоналари томонидан 2018 йил давомида 220 минг дона енгил автомобиль, 845 дона автобус, 4240 дона юк автомобиллари ишлаб чиқарилган. Йиллик маҳсулотнинг умумий ҳажми 26,4 трлн сўмни ташкил қилади.

GM «Ўзавтосаноат»даги улушини сотди, энди янги моделлар қаердан олинади?

«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси ўринбосари Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат»даги улушини сотган GM Uzbekistan энди янги моделлар қаердан олиниши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«GM бизга фақат жамиятдаги ўз улушини сотди холос, лекин техник ҳамкорлигимиз аввалгидай давом этаверади, амалда ҳеч нарса ўзгармайди. «Очиқ осмон» остидаги савдоларга келсак, биз бозорларда ҳам ўз маҳсулотимизни тақдим қилишни истаган эдик, бу савдолар кутилганидан ҳам яхши натижа берди ва бундай акциялар давом эттирилади», дея Салимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қойил, «Ўзавтосаноат» ҳам чегирма бераркан!

Умиджон Салимов берган маълумотларга қараганда, «Ўзавтосаноат» ўз тарихида биринчи марта чегирма акциясини эълон қилган.

«Бу маҳсулотимиз сотилмай қолганидан эмас, автомобилларимиз ҳар доимгидай яхши сотилмоқда. Бундай акция, яъни чегирма жамиятимиз тарихида биринчи марта кузатилаётгани сабаби биз ҳам жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, харидорларимизга ёқимли совғалар тақдим этмоқчимиз. Янги йил арафасидаги акция доирасида автомобилларга 100 фоиз тўлов қилган мижозлар 1,5 фоизли чегирмага эга бўлишади», деган Салимов.

Мавзуга оид