Жамият | 21:00 / 28.12.2018
4266
4 дақиқада ўқилади

Мурожаат ижобий ҳал бўлди: Зафарободдаги боғчада иситиш тизими ишга тушди

Kun.uz сайтида эълон қилинган яна бир муаммо ижобий ҳал бўлди.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни «Зафарободдаги болалар боғчасининг аҳволи абгор: бу масканда иситиш тизими қачон ишлайди?..» сарлавҳали материал нашр этилганди.

Унда Жиззах вилояти, Зафаробод тумани марказидаги 1-мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун умуман шароит йўқлиги, шу билан биргаликда боғчада иситиш тизими ишламаслиги, газ ҳисоблагич ускунаси бузилгани, декабрь ойи якунига келиб ҳам муассаса куз-қиш мавсумига тайёрмаслиги, болаларнинг совуқ ва зах хоналарда қолаётгани, очилганига 40 йил тўлган ушбу маскан йиллар давомида бирор марта таъмирланмагани таъкидланган эди.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, мақолада эълон қилинган муаммо ҳал қилинган.

Мазкур мактабгача таълим муассасасида бугунги кунда 16 нафар педагог ходим болаларга таълим тарбия беради. Муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари охирига етказилган. Гуруҳлар деразалари клёнкалар билан қоплаган. Муассаса ҳожатхона ва иситиш тизимини қайта қуриш учун 200 миллион сўм маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган бўлиб, ҳожатхона қурилиб битказилган, иситиш тизимига 4 дона қозонхона ўрнатилиб, ишга туширилган.

Дарҳақиқат, бино ҳовлисида тозалик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Деворлар оқланган, қозонхоналар тартибга келтирилиб, газ ўлчагич асбоби ўрнатилган. Хоналар ичидаги жиҳозлар, машғулот хоналари, ётоқхона ва ошхонада ўзгариш бор. Айни вақтда барча хоналарда иситиш тизимлари ишлаяпти.

«Боғчамизда анча ўзгаришлар бўлди. Хоналаримизда иситиш тизимлари ишлаяпти. Имкон даражасида жуда аянчли ҳолга келиб қолган гуруҳ хоналарини таъмирлатяпмиз, қирқ дона эшик ва олтмишта дераза ойналари келтирилди. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, боғчамизда байрам шукуҳи ҳукм сурмоқда. Тарбиячилар ҳам тарбияланувчилар ҳам хурсанд. Байрам арафасида ҳомийлар ҳам топилди. Мана, кеча 200 дона совға олиб келишди. Уларни болажонларга тарқатдик. Иситиш тизимида муаммо йўқ», дейди муассаса ҳамшираси Ойдавлат Қурбонқулова.

«Телевизорда замонавий боғчалар, ўғил-қизлар учун яратилган шароитларни кўриб ҳавасимиз келади. Қанийди, бизнинг фарзандларимиз, невараларимиз ҳам ана шундай масканларда тарбияланса, таълим олса, деймиз. Ҳар ким ҳам фарзандининг қулайликларга эга таълим масканларида ўқишини, камол топишини истайди. Бизнинг ниятимиз ҳам шу. Боғчамизда ўзгаришлар катта,  муасссага кир ювиш машинаси, газ плитаси олиб келинди. Боғчадаги барча гуруҳ хоналарига юмшоқ гилам, совутгич ваъда қилишди.

Энди муассасамиз кейинги йилдан капитал таъмирланишига умид боғлаяпмиз, дастурга киритилишини айтишди», дейди муассаса мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Раҳима Носирова.

Мактабгача таълим муассасасидаги фарзандининг тоза ва озода юришини, вақтида овқатланиб, вақтида ухлашини, кичкиналигидан одоб-ахлоқ ва муомала маданиятини ўрганишини, фикрлаш доираси кенгайишини қайси ота-она истамайди дейсиз?...

Муаммо бор эди. Озми, кўпми ҳал қилинди. Аммо шу билан иш тўхтаб қолмаслиги шарт. Хулоса қилиб айтганда, боғчадаги шароитни яхшилаш, уни намунавий тарзда ташкил этиш, ҳозирги замон талаблари асосида таъмирлаш чораларини кўриш, келажагимиз эгалари бўлмиш болажонларимиз «ҳеч кимдан кам бўлмай» бўлиб вояга етишини таъминлашдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилишни тегишли мутасаддилар унутишмаса бўлгани. Ахир вақт кутиб турмайди, келажак ҳам.

Гулчеҳра Шарипова

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид