Ўзбекистон | 18:40 / 30.12.2018
87635
6 дақиқада ўқилади

«Қишлоқда бир тун» лойиҳаси. Қишни соғинмайдиганлар қисмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг январида Қорақалпоғистонга ташрифи вақтида халқ вакиллари ҳамда раҳбарлар билан учрашув ўтказган эди. Мажлисда президент ижро ҳокимияти органлари вакилларига кўпроқ халқ дарди билан яшаши кераклиги, пастдаги вазиятни ўрганиб, етарли ечимлар берилиши лозимлигини уқтирганди.

Кўз очиб юмгунча орадан деярли 2 йил муддат ўтди. Вазият ижобий томонга ўзгардими? Раҳбарлар ўз зиммасига олган масъулиятини виждонан бажармоқдами? Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида истиқомат қилаётган кишилар олиб борилаётган ислоҳотлар шамолини сезмоқдами? Қишлоқлардаги одамлар кечалари совуқдан қандай омон чиқишмоқда? Келажагимиз бўлган болажонлар ток ўчганда уй вазифаларини қандай қилиб тайёрлашмоқда? Шўр сувни ичаётган халқ ҳокимият вакилларидан розими?

Шундай саволларга жавоб излаб Kun.uz ўзининг «Қишлоқда бир тун» лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида Хоразм вилояти, Урганч туманида истиқомат қилувчи шифокор оиласида меҳмон бўлиб, бир тунни шу хонадонда ўтказдик.

Видео: Mover

Видео: Youtube

Бизга ўз уйидан жой берган инсон Баҳодир ака Бобониёзов Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалини тамомлаган. Ҳозирда мазкур академия филиали ва Урганч туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритади.

«Қиш яқинлашиши билан юрагимизни ҳовучлаймиз. Ўтин, кўмир ва шунга ўхшаш «халоскор»ларни ғамлашни бошлаймиз. Топган маблағимиз рўзғордан ташқари шундай маҳсулотлар ва шамоллашга қарши дорилар сотиб олишга кетади. Чунки, бир уйни зўрға иситамиз. Бошқа уйларимиз доим музлаб ётади. Агар бирдан шу уйларга кириб қолсак шамоллаб қоламиз.

Электр энергияси ҳам етарли берилмайди, тез-тез ўчиб туради. Электр иситиш жиҳозлари ҳам шунинг ҳисобига бузилиб қолади. Ичимлик суви таъминоти ҳам ачинарли аҳволда. Ичадиган сувимиз талабларга жавоб бермайди. Таркибида туз моддаси жуда юқори. Бериладиган кўмир ҳам жуда сифатсиз. Агар тезак қўшиб ёқмасак ёнмайди.

Бизга давлат фақатгина уч ой: декабрь, январь ва февраль ойларида газ берсин, етади. Қолган вақтда суюлтирилган газ билан ҳам кунимизни ўтказа оламиз», - дейди Баҳодир ака.

Мезбонимиз шифокор эмасми, кеч бўлса ҳам бетоб бўлиб қолган қишлоқдошлари келиб, унинг кўригидан ўтиб кетишар экан. Суҳбатлашиб ўтирганимизда бир неча киши кириб келишди. Қишлоқ аҳли самимий бўлади. Олдингизга борини сочади. «Тошкон»дан журналист келиб қолибдида, деб дардини ҳам тўкиб солишди.

«Ислоҳотларни сезяпмизми? Йўқ. Ўзгариш фақат тепада ва айрим вилоятларда. Бизда мансабдор шахслар ҳали бу сиёсатни тўлиқ тушуниб етганича йўқ. Қаерга мурожаат қилсак, «хўп, кўриб чиқамиз»дан нарига ўтилмайди. Печкага ўтинни тиқиб, шўр сувни ичиб юрибмизда.

Мансабдор шахсларни умуман танимаймиз. Депутат ким, ҳоким ким, умуман билмаймиз. Агар улар келиб қолса, мажлисга дардини айтадиганлар яқинлаштирилмайди.

Телевизорни ёқсанг, яшагинг келиб кетади. Ўзгаришлардан масофада туриб роҳатланяпмиз, холос», - деди бир неча йил мактаб тизимида ишлаган Қурбонжон хола.

Уларга суҳбат орасида ўзимизни қизиқтирган бир неча саволларни бердик.

«Инсон яхши яшаши учун биринчи навбатда соғлиқ керак. Бунинг учун уйлар иссиқ бўлиши ва электр энергияси ўчмаслиги керак. Халқ ҳаммасини тўлашга тайёр. Фойдалангани учун тўлайди ҳам. Яхши шароит қилиб берилса, халқ ўзини ривожлантиради. Ўз-ўзидан давлат ҳам ривожланади. Йўқса, ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди», - дейди улардан бири.

Қўшнилар билан бир неча соат суҳбатлашиб ўтирдик. Гаплашилмаган мавзу қолмади ҳисоб. Маҳалла фуқаролар йиғини, ҳокимият, мактаб, боғча ва ҳоказолар. Уларнинг айтишича, давлат ва халқ ўртасидаги занжир узилган. Шунинг учун бу ерда ислоҳотлар умуман сезилмайди. Вақти-вақти билан, суҳбат орасида печкага ўтин ташлаб турдик. Уйни иситиш учун.

Ярим тунда уйқуга чоғландик. Уй эгаси ўтинни қанча миқдорда ва қанча муддатда солиш кераклигини тушунтирди. Печка яхши қизиб олиши учун бир неча бўлак ўтин солиш керак экан. Тахминан 3-4 соатда уйғониб, яна олов ёқиш зарур бўларкан.

Кун бўйи мурожаатларда юриб чарчагандик. Тезда уйқуга кетибмиз. Ухлаётганимизда хонадаги ҳарорат ўртача эди. Мезбон тавсияси билан иссиқ кийимларга ўраниб ётдик. Кўп ўтмай уй ҳарорати кўчадаги билан бир хил бўлиб қолди. Табиий «будильник» уйғотиб юборди. Ўрнимдан турдим-да, шеригимни ҳам уйғотдим. Вазиятни камерага олиши керак эди-да.

Ҳаммага вазиятни кўрсатиш керак эди. Бир неча уринишдан сўнг, печкадаги ўтинларни ёқишга эришдим...

Халқдан ривожланишни талаб қилишдан аввал уларга барча имкониятларни яратиб бериш керак. Оддий мисол: ишхонангизда ҳам ҳеч қачон яхши ойлик бермай туриб, меҳнат унумдорлигини ошириб бўлмайди. Шароит бўлса, бу халқ юлдузларни бошқатдан санашга ҳам тайёр. Бу халқ қандай қийинчиликларни кўрмади дейсиз.

Сабрли ва самимий ўзбек халқи қачондур елкасига ҳақиқий офтоб тафти тегишига умид қилиб яшамоқда. Бунга сабабчи бўлиш айни вақтда ўз қўлимизда. Уларга инсон яхши яшаши учун керак бўлган шароитни яратиб бериш керак. Қолгани ўз ўрнига тушиб кетади.

Зафар Солижонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи - Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид