2018 йил Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси учун қандай кечди? ХСТУ сарҳисоби
2019 йил эшик қоқмоқда, икки йил орасидаги давр нафақат байрам тадбирларини ўтказиш, балки ўтаётган йилни сарҳисоб қилиш учун ҳам қулай фурсатдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) вакиллари 2018 йилда туристик бозорда рўй берган ўзгаришларни аниқлаш ва соҳа келажагига назар ташлаш имконини берувчи саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилишди. Саволларга "Vantage Focus" компанияси раҳбари Дилмурод Собиров (Д.С.), "Silk tour" компанияси директори Зироат Расулова (З.Р.), "Novotours Silk Road" компанияси директори Одилжон Раупов (О.Р.), “Miran International” меҳмонхонаси бош менежери Фарҳод Тоштемиров (Ф.Т.) ва "Hotelios", OrexCA.com ва Otpusk.uz сайтлари бошқарувчи ҳамкори Леонид Ибрагимов (Л.И.) жавоб беришди.
2018 йил якунига етмоқда, бу йил профессионал жиҳатдан сиз учун қандай кечди? Ўтаётган йилда содир бўлган энг муҳим ва ёрқин ҳодисаларни қайд этиб ўтсангиз.
Д.С. – 2018 йил бизнинг компаниямиз учун жуда омадли келди. Тафсилотларга берилиб ўтирмайман, лекин айтишим мумкинки, Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар таъсирини ўз фаолиятимизда ҳис қиляпмиз. Ўтаётган йилда фаолиятимиз давомидаги энг ёрқин ҳодиса – Сингапурнинг етакчи компанияси билан бир мартада 120 нафар сайёҳга хизмат кўрсатувчи тур борасидаги ҳамкорликни бошлаганимиз.
З.Р. – 2018 йил бизнинг компаниямиз ва умуман Ўзбекистон туризми учун жуда қизғин ва самарали йил бўлди. Қуйидагиларни алоҳида қайд этишни истардим:
1. Сайёҳлар учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши;
2. Виза олиш тартибининг соддалаштирилгани. Электрон виза тизимининг йўлга қўйилгани;
3. Темирйўл рейслари сонининг ошгани, поездлар таркибидаги вагонларнинг янгилангани ва таъмирлангани;
4. Халқаро ва маҳаллий фестиваллар ва танловларнинг ўтказилиши;
5. Ўзбекистонга индивидуал дастурлар бўйича ташриф буюрувчи сайёҳларга манзилли ёрдам кўрсатувчи туристик полиция фаолиятининг йўлга қўйилгани;
6. Ўзбекистоннинг барча сайёҳлик шаҳарларидаги кўчаларнинг тозалиги, шунингдек, кўчаларда урналарнинг ўрнатилиши.
Л.И. – 2018 йил бизнинг ташкилотимиз учун шиддатли келди. Биз янги бозорларни ривожлантира бошладик, штатимизни кенгайтирдик, янада кенг ва замонавий офисга кўчиб ўтдик.
О.Р. – Профессионал жиҳатдан олганда, йил осон кечмади. Менинг фаолиятимда ёрқин ҳодисалар кузатилмади. Бироқ жорий йил Ўзбекистонда ислоҳотлар давом этиши ва бизнинг замон билан ҳамнафас ҳаракат қилишимиз кераклигига ишора қилгани билан ёдда қолди. Фикримча, тадбиркорлар ҳамжамияти ўзгаришларга тез мослашади, албатта, жойлардаги давлат идоралари вакилларига ҳам шуни тилаб қолган бўлар эдим.
Ф.Т. – 2018 йил бизнинг компаниямиз учун анча сермаҳсул ва муваффақиятли йил бўлди. Хорижий туристлар сони 2017 йил кўрсаткичларига нисбатан ошганини қайд этдик, зеро бизнинг меҳмонхонамизда тўхтаган сайёҳлар сони бу даврда 2,5 бараварга ошди. Бу ҳар қандай бизнес учун жуда яхши кўрсаткичдир. Бизнинг меҳмонхонамизда асосан Европа мамлакатларидан келган меҳмонлар жойлашишади. Бу кўпинча Италия, Испания, Германия, Бельгия ва Англиядан ташриф буюрган сайёҳлардир. Шу билан бирга, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликларидан келувчи сайёҳлар сони ҳам сезиларли даражада ошди.
Сизнинг назарингизда қандай воқеа ва трендлар Ўзбекистондаги туризмни ривожлантиришга кучли таъсир кўрсатди?
З.Р. – Туризм ривожига қуйидаги омиллар катта таъсир кўрсатди:
· сайёҳларга хизмат кўрсатишни яхшилашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар, виза олиш тартибининг соддалаштирилгани;
· рақобатбардош нархлар;
· аэропортларда “яшил коридор”нинг йўлга қўйилиши ва сайёҳлар томонидан декларация тўлдириш аннуляцияси.
Ва, албатта, асосийси, бу – юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик.
О.Р. – Трендларни билмадим-ку, лекин туризм соҳаси ривожига таъсир кўрсатган ҳодисаларни санаб ўтишим мумкин:
· электрон визанинг йўлга қўйилиши;
· туристик мақсадлар учун атотранспорт воситаларининг баъзи тоифаларига нисбатан имтиёзларнинг киритилиши;
· қўшимча назорат-ўтиш пунктларининг очилиши;
· хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонга келиш ва рўйхатдан ўтиш жараёнларининг соддалаштирилиши ва мамлакатга келувчи туристлар оқимини оширишга ижобий таъсир кўрсатган бошқа омиллар.
Д.С. – Визаларнинг бекор қилиниши ва электрон визаларнинг йўлга қўйилиши.
Л.И. – Виза олиш жараёнининг соддалаштирилиши, визаларнинг бекор қилиниши, E-Visa’нинг йўлга қўйилиши, меҳмонхоналар ва транспорт компаниялари учун имтиёз ва преференциялар. Ўзбекистон туристик салоҳияти промоушени кучайтирилгани ҳам қувонтиради.
Ф.Т. – Хорижий сайёҳлар учун автомобилларни ижарага олиш имконининг пайдо бўлиши, бу туристлар имкониятларини кенгайтиради.
Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожига қандай омиллар тўсқинлик қилмоқда?
О.Р. – Умуман олганда бундай омиллар талайгина, бироқ, ўйлашимча, асосийларидан бири – бу туристик инфратузилманинг ривожланишдан ортда қолиши, жойлардаги бюрократия ва оворагарчиликлар. Республикада меҳмонхоналар, гид-таржимонлар, темирйўл ва авиатранспорт, ривожланмаган йўл бўйи инфратузилмаси ва ҳ.к. Ҳатто туристик мавсумда туроператорлар талабни қондира олмагани натижасида “over tourism” тушунчаси пайдо бўлди.
Д.С. – Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” монополияси ва шартлар диктати бошқа авиакомпанияларга бозорга кириш ва тарифларни белгилашига имкон бермайди. Бу Ўзбекистонга саёҳатни нисбатан қимматлаштиради ва охир-оқибат сайёҳлар бошқа йўналишларни танлашади.
Шунингдек, асосий мамлакатларда Ўзбекистон тарғиботи фаол эмас. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналарида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг фақат йўналиш тарғиботи билан шуғулланувчи, медиа, ижтимоий медиаресурслар, туроператорлар ва агентликлар билан ишловчи биттадан ходими бўлиши керак.
Л.И. – Улар бир нечта. Биринчидан, туризм ривожи йўлида хизмат қилувчи менежер ва амалдорларда профилли таълим ва тажрибанинг йўқлиги. Иккинчи салбий омил туризм ривожи координацияси марказининг йўқлиги ёки етарлича мувофиқлаштирилмаганлиги.
Шу билан бирга, амалдорларнинг тажрибали туроператорлар ва отельерларнинг маслаҳатларига қулоқ тутишни истамаслигини ҳам қайд этиш керак. Ҳозирча жуда кўп ўзгаришлар қоғозда ва йиғилишлар баённомаларида қолмоқда. Соҳанинг асосий иштирокчилари сифатида туркомпанияларни ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларнинг йўқлиги ҳам ташвишга солмоқда. Бундан ташқари, халқаро рейсларга чипталарнинг нархининг юқорилиги ва ички рейсларнинг камлиги ҳам соҳа ривожини секинлаштирувчи омил бўлмоқда.
З.Р. – Ўзбекистонда туризм ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар: қонунлар туризм спецификаси, масалан, ҚҚС киритилишини ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилинади. Йил охирида бу янгиликларнинг киритилиши Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар оқимига катта таъсир кўрсатади, зеро нархлар ва саналар эълон қилиб бўлинган, нархларнинг ошиши эса гуруҳларни тузишга таъсир кўрсатмай қолмайди, Ўзбекистонни ўз каталогига эндигина қўшган мамлакатлар эса уни яна олиши мумкин, бу эса 2020 йилга бориб туристлар ҳажмининг кескин камайишига олиб келади.
2019 йилда қандай инновацион қарорлар ва трендлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга ёрдам беради?
З.Р. – Туризм саноати ривожига янгича туртки беришга ёрдам берувчи бир неча қарорни санаб ўтаман:
1. Янги қонунларни босқичма-босқич амалиётга киритиш;
2. Поездлар таркибидаги вагонлар сонини янада ошириш;
3. Чегара ҳудудларида транспорт воситалари учун нейтрал зоналар яратиш;
4. Балансида автотранспорт бўлган туристик компаниялар учун дизель ёқилғисини ажратиш тизимини йўлга қўйиш;
5. Дербенд, Ухум, Хайят, Асраф аҳоли пунктларидаги йўналишларда йўллар маркировкасини таъминлаш зарур.
Ф.Т. – Юқорида айтиб ўтганимдек, 2018 йил бизнинг соҳа учун жуда омадли келди. Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ўсди. Ушбу позитив тенденция сақланиб қолиши учун барча зарур ишларни амалга ошириш керак.
О.Р. – Кириш ва ички туризм мамлакат ЯИМга ўз ҳиссасини ошириш учун жуда юқори имкониятга эга. Бизнинг баъзи таклифларимиз регуляторга маълум қилинган. Трендлар ҳақида гапирадиган бўлсак, сайёҳлар мамлакатимизда ўзларини худди маҳаллий аҳолидек ҳис қилиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш керак, бизнинг менталитетимиз ва кўп асрлик меҳмондўстлик анъаналаримиз ҳам айнан шу йўлда хизмат қилади.
Л.И. – Фикримча, қуйидаги қарорлар юқори салоҳиятга эга:
1. Туризм саноатини ривожлантиришга йўналтирилган инновацион лойиҳаларни амалга оширишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги;
2. Меҳмонхоналар ҳамда поезд ва самолётлар, музей ва сайёҳлар учун қизиқарли бўлган бошқа объектларга чипталарни банд қилиш тизимлари.
Д.С. – Бу йўналишда қуйидаги қарорлар ёрдам бериши мумкин:
1. Нафақат алоҳида шаҳарлар, балки бутун Ўзбекистон аэропортлари учун “очиқ осмон” режимини эълон қилиш;
2. Ўзбекистонга бир рейсда 100 дан зиёд кишидан иборат сайёҳлар гуруҳларни (100 доллар/1 киши) йўлловчи хорижий туроператорларга нисбатан давлат субсидия тизимини жорий қилиш (масалан, Япония – 150 доллар/1 киши, Туркия – 50 доллар/1 киши ва ҳ.к.). Бу чартер рейсларни оширишга катта туртки беради.
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024