Ўзбекистон | 23:47 / 31.12.2018
124889
29 дақиқада ўқилади

2018 йилги Ўзбекистон: унутилмас воқеалар ва очиқ қолган саволлар

Бугун, 31 декабрь, 2018 йилнинг охирги куни. Кун душанба бўлишига қарамасдан 29 декабрь (шанба) билан алмаштирилган дам олиш куни. Банкирлар, солиқчилар ва журналистлар эса бундан мустасно. Бугун Kun.uz йил якунларини ҳисобот қилади, ҳисоботда айримлар ҳисобот қилишда мустасно бўлгани ҳақида ҳам гап кетади.

Ақтўбе фожиаси

2018 йилнинг 18 январь куни ва ундан кейинги кунлар Ўзбекистон учун мотамга айланди. Шу куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассаси 1068-километрида ҳайдовчилар билан бирга жами 57 киши бўлган автобус ёниб кетганди. Бу фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг Россияга кетаётган 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Фожиадан 5 киши омон қолган, уларнинг 3 нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар ва 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик. 

Фожиа қурбонларининг бир қисми Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан, яна бир қисми Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан эди. Қурбонларнинг оила аъзоларига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишидан ташқари, интернет нашрларда хайрия маблағлари йиғиб берилди.

Ўзбекистон ҳукумати бу фожиа хорижга, хусусан Россияга авиачипталар жуда юқори нархларда белгиланганининг ҳам оқибати эканини ҳисобга олиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси халқаро рейслар учун авиачипталарни таннархидан арзонроққа сотишига рухсат берди. Ўзбекистонда лоукостерлар пайдо бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Октябрь ойига келиб ЙТҲ айбдорлари сифатида қўлга олинган автобус ҳайдовчиларига суд 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.


«Обод қишлоқ» дастури ижроси

Шубҳасиз йилнинг энг катта лойиҳаларидан бири.

2018 йилнинг февраль ойи охирида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури бўйича ишлар бошланганди. Намуна сифатида аввал Жиззах вилоятидаги «Манас» қишлоғи, кейинроқ Самарқанд вилоятидаги «Жом» қишлоғи обод қилинди.

2018 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланади. Шу куни Президентнинг «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам имзоланиб, дастур ижросини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилади. Дастурга кўра, республикада 2018 йил мобайнида 370 қишлоқ ва маҳаллалар дастурга биноан ободонлаштирилиши белгилаб қўйилади. Ободонлаштириш ишларига республика бўйича 6396та ташкилот бириктирилади.

Дастур доирасида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, автобус қатновини йўлга қўйиш, қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш, электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини барпо этиш, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш ва ҳоказо ва ҳоказо ишлар белгиланганди.

Аслида амалда нималар бўлди? Kun.uz сайтидаги махсус «Обод қишлоқ дастури» ёки «Kun.uz суриштируви» рукнларига назар ташласак, вазият бир мунча бошқачароқ кўринишда эканини кўриш мумкин. Маҳаллий нашрларда дастур доирасида амалга оширилган ишлар ва обод қилинган қишлоқлар ҳақида бот-бот материаллар берилган бўлсада, аслида кўп жойларда муаммолар нафақат сақланиб қолгани, балки чуқурлашганига ҳам гувоҳ бўламиз. Қаердадир абгор йўллар дастурга кирмай қолган, қаердадир болалар абгор ҳолатдаги боғчалар ва мактабларда (айрим ҳудудларда 3, ҳатто 4 сменада), қаердадир ичимлик суви йўқ, қаердадир қишлоқлар обод қилиниши учун мажбурий меҳнатдан фойдаланилган, қаердадир тадбиркор ноҳақликлар қурбонига айланган, қаердадир қурилиш ишлари баҳонасида одамлар норози қилиниб ўз уйларидан чиқариб юборилган, яна қаерлардадир ишлар чала қолиб кетган, муҳтожлар учун эса сайтлар хайрия қилиб пул йиққан...

Бу ҳолат ишлар тизимли олиб борилмагани, юқоридан берилган топшириқлар пастда тўлиқ адо этилмагани, ҳокимликлар ва халқ ўртасидаги занжирлар узилгани, ҳали камчиликлар жуда кўплигини кўрсатади.


Ёшлар Иттифоқи ва танқидлар

2017 йилнинг июнида «Камолот» ЁИҲ ўрнида ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб жамоатчилик диққат марказида турибди ва ҳамон танқидий қарашлар нишонида қолмоқда.

Ўтган йилда ташкилот билан боғлиқ энг шов-шувли воқеа ташкилот раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг тушунарсиз ҳаракатлари бўлди. Аввалига, 5 июнь куни ОАВ вакиллари билан учрашувда тўйлар ҳақида гапирар экан, раис водий вилоятларидан бирида тўй кортежини тўхтатгани, келин ва куёвни тушириб, таксига ўтқазиб жўнатиб юборганини фахрланиб айтди ва тартибни шундай амалга ошириш кераклиги, тарбияни шундай бериш кераклигини уқтирди ва ўзининг қандай даражадаги раҳбарлигини кўрсатиб қўйди.

Аммо бунга билдирилган муносабатлар, хусусан, 9 июнь куни эълон қилинган, «йўлтўсар раисдан жойни бўшатиб қўйиш» сўралган мақоладан кейин у шу мақола нашр этилган Kun.uz сайтига интервью берди ҳамда аслида воқеа бошқачароқ бўлганини тан олди.

Иттифоқ раиси воқеа айнан қаерда, қачон бўлганига барибир аниқлик киритмади. Журналистлар водийда таксига ўтқазиб юборилган келин-куёвларни топа олишмади. Якунда савол барибир очиқ қолди: Қуронбоев инсон ҳуқуқларини топтаганмиди ёки ёлғон гапирганмиди?

Кўп ўтмай Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи раисини кескин танқид қилди. Кейин раис ОАВда камроқ кўринадиган бўлди. Август ойида эса Қаҳрамон Қуронбоев Президент маслаҳатчиси лавозимини тарк этди.

Лекин Ёшлар иттифоқи атрофидаги мунозаралар тўхтагани йўқ. Сентябрь ойида Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани Ёшлар Иттифоқи кенгаши етакчиси Назарбек Мирзақобулов тумандаги 59та мактаб етакчиларига пахтага одам чиқариш бўйича хат йўллагани ҳақида хабар тарқалди.

Телеграм орқали йўлланган хат скриншотида, туман етакчиси барча мактаб етакчиларига пахта теримига бир нафардан теримчи жалб этиш, агар одам тополмаса, 100 минг сўмдан олиб келиш бўйича топшириқ бергани, топшириқни бажармаганлар дарҳол лавозимдан озод этилиши, бу ҳокимнинг буйруғи эканидан огоҳлантиргани ёзилганди. Бу хабар ОАВда чиққач, айнан шу скриншот бўйича Қўрғонтепа тумани прокуратураси ва Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси мутахассислари иштирокида суриштирув олиб борилди. Аниқланган ҳолатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли Андижон вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Ташкилотга навбатдаги жиддий эътирозлардан бири унинг «Скорпион» фильмидаги иштироки юзасидан келиб чиқди. Катта маблағ сарфлангани айтилган (тахминан 4 миллиард сўм) фильм бунча маблағга арзимаслиги ҳақида тақризлар ёзилди, бунча пулга анча савиялироқ фильм ишлаш мумкин бўлгани айтилди. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи бу фильм учун маълум миқдордаги маблағни (турли хабарларга кўра 900 миллион сўм, лекин ташкилот бу ҳақда аниқ рақамларни яширди) сарфлаб тўғри иш қилмаганини айтишди. ЁИ учун яна бир минус.

Ташкилот раиси бу сафар ўтган йилдаги каби йил охирида ҳисобот бермади (ўтган йилнинг 26 декабрь кунида Қаҳрамон Қуронбоев йил якунларига бағишлаб ҳисобот берганди. Бунга маълум маънода Kun.uz сайтида 25 декабрь куни эълон қилинган «Ёшлар иттифоқини нега ҳамма ёмон кўради?» сарлавҳали мақола ҳам туртки бўлганди).

Бу ўринда шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.


Порахўрларга қарши кураш йили

Якунланаётган йил том маънода Ўзбекистонда порахўрларга қарши оламшумул кураш йили бўлди.

Йил бўйи ОАВда Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан пора олиш ва бериш бўйича тўхтовсиз, аксарияти бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаб кетадиган хабарлар берилди.

Хабарлар пора берувчиларга қарши ов кампаниясини эслатарди. Одатда ҳуқуқбузарлар жавобгарликдан қутулиш учун пора таклиф қилганида қўлга тушишди, бунинг учун раҳбариятга билдирги ёзган ходимга мукофот пуллари ваъда қилгани ҳам асосий омиллардан бўлди.

Пора бераётган фуқароларни тутиб берган милиция, прокуратура ходимларига таклиф қилинган пора пулидан кўпроқ мукофот пуллари, айрим ҳолларда эса каттароқ лавозимлар ҳам таклиф қилинди.

Йил охирига келиб бундай курашга Кадастр қўмитаси ҳам қўшилди. Маълум миқдорда пора таклиф қилган фуқарони тутиб берган кадастр ходимига поранинг 3 баравар миқдоридаги мукофот пули, пора миқдори катталигига қараб санаторийга йўлланмалар ваъда қилинди.

Албатта, келгуси йилда коррупцияга қарши курашнинг янги, янада самаралироқ ва шаффофроқ усуллари ишлаб чиқилишига умид билдириб қоламиз.


ЙТҲ ва статистикалар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг расмий хабарига кўра якунланаётган йилнинг январидан сентябригача бўлган муддатда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,6 мингдан ортиқ киши вафот этган, 6 мингга яқин киши турли даражада тан жароҳатлари олганди. Якунланган йил мобайнида айрим ҳафталарда ЙТҲ қурбонлари сони 50 киши атрофида бўлди. 13 августдан 19 августга қадар 173 марта ЙТҲ рўй бериши оқибатида 46 киши ҳалок бўлиб, 166 киши жароҳатланди. Ундан олдинроқ 30 июль—5 август кунлари жами 160 та ЙТҲ юз берган, оқибатда 142 киши тан жароҳати олиб, 44 киши ҳалок бўлган эди. Кейинги ҳафтада — 6—12 август кунлари юз берган 180 ЙТҲ оқибатида 27 киши ҳалок бўлиб, 177 киши тан жароҳати олганди.

Йил давомида бир неча шов-шувли йўл-транспорт ҳодисалари рўй берди.

Март ойида президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи арафасида мактаб ўқитувчилари ҳашарга олиб чиқилди. Каттақўрғон тумани ҳудудидаги трассани тозалашга мажбуран жалб этилган ўқитувчилардан бири — 23 ёшли Диана Еникеева «Камаз» юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Бу воқеа йилнинг энг катта резонансли воқеаларидан бўлди. Ижтимоий тармоқларда, онлайн нашрларда мажбурий меҳнатга қарши тинимсиз чиқишлар бўлди, мансабдорлар журналистлар ва блогерларнинг кескин танқидига учради. Ёш ўқитувчининг фожиали ўлими алалоқибат мажбурий меҳнатга барҳам берилишидаги қурбонликка айланди. Ҳукумат бу борада амалий қадамлар ташлади, ўқитувчининг ўлимида айбдор бўлган шахслар ишдан олинди ва жавобгарликка тортилди.

Яна бир шов-шувли ЙТҲ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Алишер Султонов иштирокида эди. 20 август куни Бекободда бош вазир Mercedes’и ва Damas иштирокида ЙТҲ юз берди, ҳукумат раҳбари бу ҳодисадан жиддий шикастланмади, кейинги куниёқ ОАВда кўриниш берди. Аммо Алишер Султоновнинг чап сон суяги чиққан, чаноқ косачаси ёпиқ синган, кўкрак қафаси қовурғалари ёпиқ синган, бош тепа соҳаси лат еганди. Кейинроқ уни жарроҳлик амалиётидан ўтказиш учун хорижга олиб кетишди. Шундан кейин Султонов «Ўзбекнефтгаз» раҳбарлигидан кетди, лекин бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолди, у бу воқеалардан икки ой ўтиб, 19 октябрь куни Ўзбекистондаги илк АЭСни қуриш учун мақбул жойни топиш бўйича Жиззахда муҳандислик тадқиқотларини бошлаш маросимида илк марта кўриниш берганди. Декабрь ойи охирида эса у «асосий фаолиятидаги иш ҳажми ошгани» учун Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимидан озод қилинди.

Ўзбекистонда ЙТҲ камайишига эришиш учун қанча қурбон керак?

Сентябрь ойида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан амалдорлар хизмат машиналарини бошқаришига тақиқ қўйилди. Унга кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мансабдор шахсларининг ҳокимлик балансида бўлган давлат хизмат автомашиналарини бошқариши тақиқланди. Ҳокимликлар хизмат автомашиналарини ҳайдовчи ўрнига мансабдор шахсларнинг бошқариши оқибатида турли хил йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлганди. Бундан буён ҳокимлик хизмат автотранспорт воситаларини фақат бириктирилган ҳайдовчилар бошқарадиган бўлди.

26 ноябрь куни Шаҳрисабз - Қарши автомобиль йўлида ҳарбий колонна ва «Ласетти» автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бунинг натижасида «Ласетти» автомобилидаги 3 киши ҳалок бўлди.

Декабрь ойи охирида Қорақалпоғистонда ЙТҲ оқибатида Қорақалпоғистон ҳукумати аъзолари - Қорақалпоғистон уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари, «Тўямўйин—Нукус» минтақавий сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши етакчи мутахассиси ҳалок бўлишди. Бу ЙТҲ автомобиль йўл четидаги тўсиққа урилгач, ундаги газ баллони портлаб, ёнғин чиқиши билан бирга кечди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ИИВ мамлакатдаги йўл-транспорт ҳодисалари ва улар оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар сони ҳақидаги ҳафталик статистикани фақат юқорида келтирилган уч ҳафта мобайнида эълон қилди. Шундан кейин статистика берилиши тўхтатиб қўйилди. Йил якунида ҳам якуний статистика берилмади. Шаффофлик даражаси шунга мос баҳоланади.


Ис гази қурбонлари

ОАВда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича ўнлаб хабарлар берилди, ўтган кузда ва қишда ўнлаб кишилар вафот этди.

Ис гази билан боғлиқ энг нохуш воқеа октябрь ойи охирида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида рўй берди. Тумандаги Дилхуш кўчасидаги уйлардан бирида истиқомат қилувчи оиланинг 22, 17, 16 ва 6 ёшда бўлган фарзандлари вафот этди. Уларнинг ота-онаси беҳуш ҳолда шифохонага олиб борилди ва жони сақлаб қолинди.

Бу фожиадан кейин зудлик билан ҳукумат комиссияси тузилди. Унинг олдига шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилди. Комиссияга Очилбой Раматов бош қилиб тайинланди.

Ис гази билан боғлиқ яна бир шов-шувли воқеа ноябрь ойи охирида рўй берди. Хориж нашрларида 1 декабрга ўтар кечаси Фарғона водийсида кучли шамол кузатилгани, бунинг оқибатида Андижонда бир кечада қарийб 100 киши ис газидан заҳарлангани ҳақида ёзилди.

Kun.uz мухбири хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Шаҳрихон туманида бўлди ва ис гази билан заҳарланиш ташхиси шифокорларга мурожаат қилган 35 беморга қўйилгани ҳақида хабар берди. Ҳодисага чиндан ҳам кучли шамол сабаб бўлгани, шу билан биргаликда шикоят қилганларнинг ҳеч бирининг ҳолати оғир бўлмагани аниқланди.

Маълумот учун, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари табиий газ тўлиқ ёнмаслиги ва хона ичида тўпланиши, улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, муқобил ёқилғи манбаларидан (кўмир, ўтин ва бошқа воситалар), қўлбола ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш оқибатида келиб чиқади. Бундан кўриниб турибдики, бу оғриқли муаммонинг манбаи ҳам қиш кунларида уйлар ишончли иситиш воситалари билан таъминлаб берилмаганидадир.

Ўрганиш давомида қизиқ ҳолат юзага чиқди. 2018 йилнинг августида «Ўзтрансгаз» АЖ иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2018 йилнинг 4 ойида (январь-апрель ойларида) ис газидан заҳарланиш оқибатида 54 киши жабрлангани, 58 киши вафот этгани айтилганди (2017 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб 81та ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган ва 83 киши ҳалок бўлиб, 110 киши жабрланган). Аммо 2018 йилнинг октябрига келиб, йил кўрсаткичлари камайиб қолди. Жорий йилнинг 10 ойида ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 киши жароҳатлангани, 35 киши вафот этгани маълум қилинди...
 

Пахта ва маънавият

Пахта-2018 кўп антиқа ишлар билан ёдда қолди.

Мавсум бошида ҳукумат томонидан пахта хом ашёси машинада терилганда бир тонна учун 400 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланди. Пахта мавсумида теримчилар учун яхши яшаш шароитлари, ётоқхоналар тайёрлаб бериш вазифа қилинди, мажбурий меҳнатга қарши тарғиботлар олиб борилди.

Шундай тадбирларга қарамасдан, пахта терими учун нафақахўрлардан пул йиғиб олиниши ҳолатлари, сабзавот етиштирувчи фермерларни пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари кузатилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сентябрь ойидаёқ мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати бўйича фуқаролардан 110дан ортиқ мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Сентябрь ойи охирида мажбурий меҳнат бўйича 26 ҳолатда мансабдорлар жавобгарликка тортилди.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда мажбурий меҳнатга, хусусан, болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида АҚШ Ўзбекистон пахтаси маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. Эндиликда вояга етмаган болаларни пахта даласига ҳайдаш эмас, уларни даладан «ҳайдаш» амалиёти кузатилди.

Октябрь ойида вилоят ҳокимлари пахта теришга чиқа бошлашди, Андижон вилояти ҳокими тушликкача 50 килограммдан ортиқ пахта терди, Сирдарё вилояти ҳокимининг натижаси маълум эмас. Кейинроқ давлат ташкилотлари раҳбарлари, жумладан «Ўзагротехсаноатхолдинг» раиси, «Ўзпахтасаноат» АЖ ходимлари, «Ўзбекэнерго» марказий аппарати ходимлари ва ҳатто Халқаро пресс-клуб жамоаси пахта ҳашарига чиқди. Бу вақтда эса Тошкент шаҳридаги нашриётлар раҳбарлари пахта далаларига чиқиб, теримчиларга бадиий китоблар тарқатишди...

Лекин бу чоралар наф бермади.

15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-теримига бағишланган жиддий селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш, теримчиларни далага сафарбар қилиш, кунлик терим суръатини оширишда жойларда мутасаддилар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар туфайли жойларда сектор раҳбарлари (туман ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиқлари, ДСИ бошлиқлари) бўлган 100дан ортиқ кишига нисбатан интизомий чора (ишдан бўшатиш, икки ойлик маошдан маҳрум этиш, ҳайфсан) қўлланиши маълум қилинди. Кейинроқ ўнга яқин туман ва шаҳар ҳокимлари пахта иши туфайли ишдан олинди. Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ва Тошкент вилояти прокурори ҳам ишдан кетди.

Ноябрь ойи бошида пахта теримини 45 килограммдан оширганлар учун 1 литр ёғ ваъда қилинди.

Шунча оворагарчиликларга яраша пахта ҳосили режаси барибир бажарилмади. Ҳосил қанчани ташкил этгани, ундан қанча даромад келиши тўғрисида ҳам маълум қилинмади, ҳар ҳолда ОАВ бундан бехабар.

Ўзбекистонда пахта ўрнига бошқа экинлар экиш масаласи кун тартибига чиқди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда пахта соҳаси кластерларга топширилиши, 2020 йилгача пахта хомашёсини экспорт қилиш тўхатилиши, маҳсулот қайта ишланиши йўлга қўйилиши ҳақида бот-бот гапирди.


Қўрқув ортидаги ёлғонлар

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистоннинг энг янги тарихидаги энг шармандали ҳолатлар шу йилнинг октябрида, Тошкент вилояти Оққўрғон ҳамда Бекобод туманларида кузатилди. Бу манзаралар маълум маънода ҳақиқий аҳволимизни кўрсатиб қўйди.

26 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блокнотлар кўтаришидан ҳокимият вакиллари экани кўриниб турган 6 киши ариқ сувида қўл қовуштириб турган ҳолати тасвирланган сурат тарқалди. Интернетдагилар уларга «Ариқдаги олтовлон» деб ном беришди.

Кейинроқ маълум бўлдики, бу ҳолат Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев Оққўрғон туманига ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнини текшириш учун келганида рўй берган, ишда камчиликларга йўл қўйган мансабдорлар шу тариқа жазоланган эди.

Фото: Facebook

Худди шу вақтда бошқа бир 6 киши улкан кесаклар кўтарган ҳолати тасвирланган сурат ҳам тарқалганди. Уларга «Тош кўтарган олтовлон» деб ном беришди. Бу сурат ҳам бош вазирнинг Тошкент вилоятига сафари вақтида, Бекобод туманида олинганди. Суратдагилар «яхши тайёрланмаган майдонга буғдой уруғини қадалиши»га йўл қўйган масъуллар сифатида жазоланган турли даражадаги амалдорлар эди.

Бу суратлар бутун дунёга тарқалиб кетиши ортидан, 29 октябрь Зойир Мирзаевни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармон эълон қилинди (Абдулла Арипов аниқлик киритиб, президент уни 27 октябрь куниёқ ишдан ҳайдаганини маълум қилди), кейинроқ Жиззах вилоятидаги Жиззах туманига раҳбар этиб жўнатилди. Шунингдек, Оққўрғон туманида олти киши ариққа туширилишига гувоҳ бўлган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқалар лавозимидан олинди.

Суратлар тарқалиши билан Kun.uz мухбири Оққўрғон туманига борди ва суриштирув ўтказди, бу суриштирув янада кулгили ҳолатни юзага келтирди: ариққа тушган кичик амалдорлар бу ишни ўз ихтиёрларига кўра қилишгани ҳақида айтиб беришди, уларнинг жавоблари бир-бириникига тўғри келмас, улар мухбирга очиқчасига чўпчак тўқишарди. Жумладан, туман ҳокими ўринбосари Шерзод Муродов ғаллага сув қуйилмаганини ўзи аниқлаб, жаҳл устида оёқ кийими билан сувга тушиб кетгани ва бошқалар унга эргашиб, сувда маълум муддат туришганини ҳикоя қилди.

Бекобод туманидаги ҳолат бўйича суриштирувлар эса самара бермади. Кесак кўтариб суратга тушганлардан бири шундай қизиқ тафсилотни билдирди: «Мен воқеа жойига сал кеч қолиб келдим. Улар кесакни нега кўтариб олганига тушунмай, қаторга қўшилдим. Мен ҳам кесакни қўлга олдим».

Бу жамоатчиликка маълум бўлиб қолган икки ҳолат. Улар лавозимли амалдорлармиди ёки буйруқни сўзсиз бажарувчи аскарларми? Бу ҳолат фош бўлганидан кейин жабрланувчилар нега ўз ситамгарларини ҳимоя қилмоқчи бўлишди? Улар нега қип-қизил ёлғон гапларни тўқиб чиқаришди? Улар нега ўз қадрини, инсон қадрини бунчалар пастга уришди? Улар нимадан бунчалик қўрқишди?..


Қасамёд флешмоблари

Бу йилда бизни асло зериктириб қўйишгани йўқ.

Ноябрь ойининг иккинчи ярмида Сирдарё вилояти фермерлари «давлат хирмонига ва ички бозорга мўл ҳосил етказиб беришга қасамёд» қилишди. Қасамёд матнида «шартнома мажбуриятларини ҳалол ва виждонан бажармаган, қонун бузилишига йўл қўйиб, фуқаро, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказган тақдиримда қонун олдида жавоб бераман», деган сўзлар ҳам бор эди.

Бу флешмобни Андижон вилоятидаги фермерлар ҳам давом эттиришди. «Зарур бўлганда қўшимча тижорат кредити ва ўз маблағим ҳисобидан 200 килограммдан азотли минерал ўғит билан ғаллани озиқлантираман», деган сўзлар битилганди андижонлик фермерлар қасамёди матнида.

Эҳтимол бундай тадбирлар бутун республика бўйлаб ўтказилгандир, аммо ОАВда фақат икки ҳолат бўйича маълумот тарқалди.

Кутилмаганда фермерлар ортидан шифокорлар ҳам қасамёд қабул қилиб қолишди. Яна Сирдарё фаоллик кўрсатди. Сирдарёликларга Самарқанд вилоятидаги, водий вилоятларидаги шифокорлар ҳам қўшилди. Кўп эҳтимол бундай тадбирлар ҳам бутун республика бўйича ўтказилган, барчаси ОАВга маълум бўлмаган.

Декабрь ойи охирида эса Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган, «Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари: ахборот трансформацияси ва касб этикаси муаммолари» мавзусида семинар-тренингда тадбирга келган журналистлардан бири ўта жиддийлик билан «журналистларга қасам ичтириш»ни йўлга қўйиш таклифини берган.

Унинг асл нияти нима бўлган, чиндан ҳам қасам ичишни шунчалик қаттиқ истаганми ёки «қора пиар» орқали нашрини танитмоқчи бўлганми, бу номаълум. Лекин... Уят! Уят!


UzCard инқирози

15 сентябрь куни соат 18:52да UzCard тизимида жиддий носозлик юзага келди ва бу муаммо икки кун ўтиб ҳам бартараф этилмади. Тизим ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. 

Икки кун давомида савдо шохобчалари терминал бўйича тўловларни қабул қилмай қўйди, карточка орқали онлайн товар ва хизматларни сотиб олиш, PayMe ёки Click орқали ҳам тўлов қилишнинг имкони бўлмади. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан Ўзбекистондаги савдоларга жиддий таъсир кўрсатди.

UzCard тизими ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь—август ойларида тўлов терминаллари орқали 39,2 триллион сўм пул тушган. Бу эса кунига ўртача 160 миллиард, соатига ўртача 6,7 миллиард сўм дегани.

17 сентябрь куни UzCard онлайн тизими ишлаш жараёни тикланди. Қайд этилишича, тизимдаги носозлик аниқланганидан сўнг, мутахассислар томонидан уларни бартараф этиш, процессинг маркази фаолиятини тиклаш ва карточка маълумотлари сақланиб қолинишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган, шунингдек, рўй берган ҳодиса текширувдан ўтказилган.

Тизимни тиклаш ишларига қатор мутахассис-шериклар ҳам жалб этилди. Натижада барча техник ва дастурий носозликлар бартараф қилинди.

19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Қалампир кампанияси

2018 йил 27 январида Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жорий йил баҳорида ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 15 минг гектардан ортиқ майдонга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари қадалди.

Ўша вақтда катта шов-шув кўтарилиб, бир кило аччиқ қалампир жаҳон бозорида фалон доллар экан, ўзбек фермерларидан килосини фалон сўмдан олишаркан, деҳқоннинг кўкрагига ҳам шамол тегадиган кунлар келди, қабилида сўзлар янгради. Аммо жўжани кузда санашди.

Қалампир кампанияси баъзи ҳудудларда, масалан Қашқадарёда ўзини оқлаган бўлса-да, республиканинг аксар ҳудудларида, масалан, Хоразм, водий вилоятлари ва Самарқандда деҳқонлар меҳнатига ҳам, харажатига ҳам куйишди, олинган кредитлар учун қарздор бўлиб қолишди.

Юзага келган вазият сайтда эълон қилинган «Қорақалпоғистонда 2 миллиард сўмлик қалампир кўчати чиқитга ташланди - муаммонинг сабаби нимада?», «Қалампир кўчатини олдингиз, энди пулимизни беринг!», «Тўрткўллик тадбиркор қалампир кўчатлари учун 1 миллиард сўмдан ортиқ пулини ололмаяпти», «Фермернинг меҳнати ўзини оқлайдими? - Хоразм вилоятида аччиқ қалампир етиштириш муаммолари», «Чув тушган деҳқон энди қалампир чайнайдими?» Андижонлик фермерларда ҳам аччиқ қалампир муаммоси», «Қалампирнинг «аччиғи» Самарқандга ҳам етиб келди(ми?)», «Қалампир экканларни ҳам пиёз экканларнинг қисмати кутмоқдами?» каби материалларда батафсил баён қилинди.

Кейинги йилда Ўзбекистонда янада кўпроқ майдонга аччиқ қалампир экилиши режалаштирилган...

2019 йилда бундай воқеалар, аянчли ва кулгили ҳолатлар камроқ бўлишига, яхшиси умуман бўлмаслигига умид қилиб қоламиз.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид