Ўзбекистон | 19:00 / 02.01.2019
43463
3 дақиқада ўқилади

Молия вазири: «Газ заправка»ларда вазиятни барқарорлаштириш учун таклиф ишлаб чиқилмоқда

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

2019 йилнинг 1 кунидан бошлаб, республиканинг айрим ҳудудларида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари — газ тўлдириш компрессор станцияларида хизматлар нархи яна кескин кўтарилди. Бу охирги 3 ойда иккинчи марта кузатилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz  мухбири хабар бермоқда.

Айни пайтда АГТКСларда бир кубометр метан газ нархи ўртача 300–400 сўмга ошди ва кузатилган энг қиммат баҳо 2200 сўм бўлди. Охирги марта ушбу ҳолат 2018 йил ноябрь ойида, республиканинг барча ҳудудларида жойлашган шохобчаларда кузатилган. Хизмат нархининг кескин ошиб кетишига лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун 2 коэффициентда тўлов амалга оширилиши важ қилиб кўрсатилганди. Ўша пайт, АГТКСда газ танқис бўлишини олдини олиш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» ноябрь ойи учун қўшимча 40 миллион куб.м газни реализация қилишга киришганди

1 январдан бошлаб, АГТКС харажатлари орасида ижтимоий солиқ ҳам 55 сўмга қимматлади, шунингдек, лимитдан ортиқ газ сарфи учун ўрнатилган 2  коэффициентда тўлов масаласи ҳал этилмай қолмоқда. Гап шундаки, «газ заправка»лари талабидан келиб чиқиб, ресурс ҳеч қачон тўлиқ етказиб берилмаган. Шунинг учун, уларга газ реализациясида лимит қўйилади. Ана шу ўрнатилган лимитдан ҳам ортиқ сотув амалга оширилса, етказиб берилаётган газ нархи 2 баробар қимматлайди. Тадбиркорлар эса лимитгача ва ундан бошқа нархда харид қилган газни реализация қилиш учун «олтин меъёр»даги нархни белгилаб, хизмат кўрсатади. 

Агар лимит тугагандан сўнг, «газ заправка» ишламаса ё мажбуран ёпиб қўйилса, аҳвол қанақа бўлишини декабрь ойида кузатдик. Бу вазият энг камида транспорт-логистика нархининг ошиб кетишига олиб келди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг Kun.uz'га айтишича, лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун белгиланган 2 коэффициент миқдордаги тўловни амалга ошириш тартиби бекор қилиниши кутилмоқда. Амалда «газ заправка»ларда вазиятни барқарорлаштириш учун таклиф ишлаб чиқилмоқда. 

Бироқ, Бош вазир ўринбосари - Молия вазирининг муносабати каби изоҳни вазирликнинг бошқа вакили ўтган йили ноябрда билдирганди. 

«Айни пайтда ушбу масала юзасидан амалдаги тартибга қўшимча ва ўзгартиш киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилмоқда. Бу ўзгариш айнан лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун белгиланган коэффициент миқдорида акс этиши мумкин», - деганди у.

Kun.uz вазиятни кузатади.

Мавзуга оид