Собиқ боксчи бир зарба билан Порошенкони қўриқлаш хизмати ходимини ўлдириб қўйди
Украинада можаро оқибатида президентни қўриқлаш хизмати ходими, 27 ёшли Василий Хмелюк ўлдирилди. Воқеа 2 январь кечки вақт Киевнинг нуфузли туманларидан бирида юз берган. Интернетда можаронинг кузатув камераларидан олинган видеоси тарқалган.
Қотиллиқда гумонланувчи кимса профессионал боксчи Петр Очеретяний бўлиб, у 2009 йилгача 90 кг гача вазн тоифасида боксчилик фаолияти билан шуғулланган.
Маълум қилинишича, гумонланувчи кечки вақт иккита итини сайр қилдиришга олиб чиққан. Шу вақт воқеа юз берган турар жой мажмуасига Хмелюк, унинг оиласи ва дўсти машинада келган. Машина собиқ боксчининг итларидан бирини босиб олай дегач, гумонланувчи ўз эътирозини билдирган. Натижада можаро чиқиб, у фожиа билан якунланган.
Спортчи можаро вақтида Хмелюкнинг жағига мушт туширган. Жабрланувчи йиқилиб, ҳушини йўқотган. Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам ходимларининг уринишларига қарамай, у ўзига келмай жон берган.
Воқеа жойидан кетиб қолган гумонланувчи бироздан кейин ўзи полиция бўлимига келган. Унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.