Спорт | 12:38 / 04.01.2019
20606
20 дақиқада ўқилади

Чемпионлик масаласи очиқ қолди. АПЛда тур якунлари

Янги йилнинг дастлабки кунларида Англия чемпионатида 21-тур учрашувлари давом этди. Турнинг марказий учрашуви мавсум чемпионлиги учун асосий икки даъвогар - «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида кечди.

«Манчестер Сити» - «Ливерпуль» - 2:1 (1:0)
Голлар: Агуэро, 40 (1:0). Роберто Фирминьо, 64 (1:1). Сане, 72 (2:1). 
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Стоунс, Компани (Отаменди, 88), Ляпорт (Уокер, 86), Данилу, Бернарду Силва, Фернандинью, Сильва (Гундўған, 65), Стерлинг, Агуэро, Сане.
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд, Ловрен, ван Дейк, Робертсон, Вейналдум (Старриж, 86), Ҳендерсон, Милнер (Фабинью, 57), Салоҳ, Роберто Фирминьо, Мане (Шақири, 77).
Огоҳлантиришлар: Ловрен, 20. Компани, 31. Вейналдум, 38. Ляпорт, 45+2. Бернарду Силва, 89. Эдерсон, 90+5. 
Ҳакам: Тейлор.
3 январь. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.

Гвардиола vs Клопп

«Ливерпуль» сафардан ғалаба билан қайтса, «Манчестер Сити» билан орадаги фарқни 10 очкога етказган ва Чемпионлар лигаси плей-оффида «Бавария»га қарши кечадиган ўйинга хотиржамлик билан тайёргарлик бошлаши мумкин бўларди. 

Икки жамоа мухлисларини қизиқтирадиган яна бир масала бор эди: Хосеп Гвардиола Юрген Клоппга қарши ўйинлардаги статистикасини яхшилай оладими? Шу вақтгача бу ҳолат Клопп фойдасига 9:5 кўринишида эди (яна икки ўйинда дуранг қайд этилган). Охирги марта Гвардиола ўзи учун энг ноқулай бўлган Клоппни 2017 йилнинг сентябрида мағлуб этолганди. Ўшанда биринчи бўлим ўрталарида меҳмонлар ҳужумчиси Садио Мане қизил карточка олиб майдонни тарк этган ва «Сити» якунда 5:1 ҳисобидаги ғалабага эришганди. Шундан кейин икки жамоа 5 марта учрашди, шундан 4тасида мерсисайдликлар устун келди, бешинчи ўйинда - жорий чемпионатнинг биринчи даврасида кечган ўйинда голсиз дуранг қайд этилди.

Бундай тарих навбатдаги учрашув олдидан катта интрига ҳосил қилганди. Гвардиола ўйиндан аввалги матбуот анжуманида «Ливерпуль»ни Европанинг энг кучли жамоаси сифатида эътироф этди, Клопп ҳам «Манчестер Сити» жаҳондаги энг яхши жамоалардан бири эканини айтди.

Технология «Сити» фойдасига

Бу ўйинда икки мураббий ҳам ўрта чизиққа эътибор қаратди - Фернандиньо, Бернарду Силва ва Давид Сильвага қарши Ҳендерсон, Милнер ҳамда Вейналдум учлиги. Айнан яримҳимоячилар ўз вазифаларини маҳорат билан уддалаганликлари учун ўйин тенг курашлар остида кечди.

«Сити» дарҳол меҳмонларни прессинг қилишга киришди. Мезбонлар босимни кучайтириши билан Эдерсон дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келди, бу вазиятда Фернандиньо жамоасини қутқарди, лекин бу вақтга келиб Клопп шогирдлари ўн киши бўлиб прессинг уюштиришга ўтишганди.

Иккинчи хавфли вазиятда «қизиллар» ҳисобни очишга жуда жуда яқин келишганди, аммо 18-дақиқада Маненинг берган зарбасини Стоунз дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборди. Кўринишидан тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтгандек эди, аммо Англияда жорий этилган VAR (видеотакрор) ва Hawk-Eye (голни аниқлаш тизими) «Сити»ни голдан қутқарди, эҳтимол «Ливерпуль»ни чемпионликдан 12 миллиметр ажратиб қолди. 

Агуэронинг барқарорлиги
Шундан сўнг «Сити» яна ўйинни кучайтира бошлади. Аввалига Стерлинг Давид Сильвани голли вазиятга чиқарди, аммо испаниялик футболчи бир уринишда тўпни дарвозага жойлай олмади, унинг йўлига ван Дейк чиқиб тўпни қайтариб юборди. Кейин ҳам нидерландиялик футболчи нега ўзини дунёдаги энг кучли марказий ҳимоячи деб аташларини исботлади. У позиция танлашда совуққонлик билан бехато қарорлар қабул қилди ва икки марта жамоасини голлардан қутқарди.

Аммо мезбонлар барибир биринчи бўлимдаёқ ҳисобни очишга эришишди. Ҳужумларнинг иккинчи босқичида «шаҳарликлар» меҳмонларни хато қилишга мажбур қилишди, бу вазиятда Агуэрони ван Дейк эмас, Ловрен қўриқлагани ҳам голга олиб келгандир, балки. Аргентиналик ҳужумчи хорватиялик ҳимоячидан қочиб кетди ва Бернарду Силванинг узатмасини бир уринишда дарвоза тўрига жойлади. Бу гол Агуэро учун «Ливерпуль» дарвозасига қаторасига еттинчи уй учрашувида урилган еттинчи гол бўлди.

Чемпионлик интригаси сақланиб қолди
Ҳакамнинг биринчи бўлим якунлангани ҳақидаги ҳуштаги «Сити» фойдасига ишлади. «Ливерпуль» эса жавоб қайтаришга улгурмади. Иккинчи бўлим бошида ван Дейк ҳам хато қилди, Мане унинг хатосини тузатди. Бир неча дақиқа ўтиб Стерлинг рақиб жарима майдонида йиқилди ва пенальти сўради. Аммо Энтони Тэйлор бу вазиятда ҳеч қанақа қоида бузилиши йўқлигини кўрсатди. «Ливерпуль» иккинчи голни ҳам ўтказишга яқин келди, аммо ҳимоячилар яхши ҳаракат қилишди. Биринчи бўлиб Клопп футболчи алмаштиришни бошлади, ҳали тўлиқ соғаймаган Милнер ўрнини Фабиньо эгаллади.

Ўйин вақтининг бир соати ўтиб бошлагач, Клопп футболчиларини фаоллик билан олдинга ундай бошлади. Унинг илтимосини эшитишди - Арнольд қарама-қарши қанотдаги Робертсонни тўп билан таъминлади, шотландиялик ҳимоячи эса рақиб дарвозаси қаршисида бўш қолган Фирминьони топди - 1:1.

Лекин бу гол «Ливерпуль» учун тақдир ҳазили бўлиб чиқди. Меҳмонлар ғалаба учун интилиб яна катта куч билан олдинга ўтишди ва жазоланишди. Ловрен оффсайд ҳосил қилишда хатога йўл қўйди ва «Сити» тезкор қарши ҳужумда гол уриб кетди. Агуэрони ёпиш учун марказга югарган Арнольд қанотда Санени бўш қолдирди, германиялик футболчи совуққонлик билан ҳаракат қилиб, жамоаси ғалабасини таъминлади.

Қолган вақт ичида Эдерсон Салоҳнинг зарбасини бартараф этиб, «Сити»ни голдан сақлади. Манчестерликларда ҳам учинчи голни уриш учун имкониятлар бўлди, аммо Алиссон охиригача «Ливерпуль»га дуранг учун умид сақлаб турди.

Лекин Клопп шогирдлари иккинчи голни ура олишмади ва мавсумда илк марта мағлубият аламини тотиб кўришди. Чемпионлик учун интрига сақланиб қоладиган бўлди, «Сити» пешқадам билан орадаги фарқни 4 очкога қисқартирди.

«Қизиллар»нинг мағлубиятсиз серияси 20 ўйин билан кифояланди (17 ғалаба ва 3 дуранг). Гвардиола учун бу «Сити» бошқарувидаги 100-ғалаба бўлди.

Раньери Эмерига шахмат ўйинида ютқазди

«Арсенал» - «Фулҳэм» - 4:1 (1:0)
Голлар: Чака, 25 (1:0). Ляказетт, 55 (2:0). Камара, 69 (2:1). Рэмси, 79 (3:1). Обамеянг, 83 (4:1). 
«Арсенал»: Лено, Папастатопулос, Мустафи (Торрейра, 46), Косьельни, Колашинац, Чака, Мэйтланд-Найлс, Гендузи, Ляказетт (Рэмси, 75), Обамеянг, Ивоби (Сака, 83). 
«Фулҳэм»: Рико, Одуа, Рим, Кристи (Фосу-Менса, 56), Ле Маршан, Брайан, Кэрни, Сиссе (Сери, 61), Сессеньон, Шюррле (Камара, 61), Митрович.
Огоҳлантиришлар: Фосу-Менса, 77. 
Ҳакам: Скотт.
1 январь. Лондон. «Эмирейтс» стадиони.

Янги йил арафасидаги ёқимсизликлар
2018 йил охири «Арсенал» учун оғир келди. 28 декабрь куни клубни 1982 йилдан 2013 йилгача бошқарган президент Питер Ҳилл-Вуд оламни тарк этди, кейинги куни эса «Энфилд»да 1:5 ҳисобидаги мағлубият қайд этилди. Қолаверса, мавсум ярмига келиб «Арсенал»нинг лазерети тўлиб қолди - Ўзил, Мхитарян, Уэлбек, Начо Монреаль, Эктор Беллерин, Ҳолдинг, Мавропанис каби футболчилар жароҳатидан тузала олишмаяпти. «Фулҳэм»га қарши ўйиндан олдин бир дақиқалик сукут сақланиши учун етарлича сабаблар бор эди. Лекин статистика мезбонлар тарафида эди - «Фулҳэм» «Арсенал» уйида 114 йилдан буён ғалаба қозона олмаганди. Лондонликлар ўйинни ҳужумкор таркиб билан бошлашди - Обамеянг, Ивоби ва Ляказетт учлиги илк дақиқаларданоқ майдонда эди.

Айнан улар ўйин бошиданоқ Раньери шогирдларини ҳимояга қамаб қўйишди. Лекин мезбонлар босимни сусайтириши билан Сессеньонда иккита имконият бўлди. Аввалига у дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, кейин қулай вазиятда туриб тўпни дарвоза тўрига жойлай олмади. Шундан сўнг «Арсенал» бу хатоларни жазолашга ўтди. Ляказетт ўз вақтида Ивобини қанотда олдинга ташлади, ниериялик футболчининг узатмаси эса Чакага келиб тушди ва ҳисоб очилди.

Бу гол ўйин янада томошабопроқ кечишини кафолатлади. Танаффусга қадар мезбонлар кетма-кет ҳужумлар қилишди, аммо Чака ва Обамеянг ўз имкониятларидан фойдалана олишмади. Меҳмонларда ҳам жавоб голини уриш учун имконият бўлди, аммо Лено ўз ватандоши Шюррленинг зарбасини бартараф этди.

Танаффусда Эмери футболчиларнинг жойлашувини ўзгартирди. Ҳимоячи Шкодран Мустафи ўрнига яримҳимоячи Лукас Торрейра туширилди. Шу тариқа, мезбонлар уч марказий ҳимоячи схемасидан воз кечишди ва майдон марказини мустаҳкамлашди. Бу ўзгариш «канонирлар» устунлигини таъминлади, иккинчи бўлим бошидаёқ тўп аутдан ўйинга киритилган маҳалда тўп Ляказеттга келиб тушди ва франциялик ҳужумчи қайтариб бўлмас зарба бериб, ҳисобни оширди. Кўп ўтмай у ҳисобни йириклаштириши ҳам мумкин эди, аммо у бу сафар Рикони алдай олмади.

Иккинчи голдан кейин Раньери 5 дақиқа ичида 3 футболчини алмаштирди. Кристи, Шюррле ва Сиссе ўрнига Фосу-Менса, Камара ва Сери туширилди. Италиялик мутахассиснинг футболчи алмаштиришлари изсиз кетмади, Абубакар Камара жавоб голи муаллифи бўлди.

«Фулҳэм» ўйинни қутқариб қоладигандек кўринганди, аммо Эмери ҳам тўғри футболчи алмаштиришни амалга оширди. Рэмси майдонга тушишидан 4 дақиқа ўтиб учинчи голни урди. Уэльслик бу футболчи кейинги мавсумда «Арсенал»да бўлмаслиги ҳақиқатга айланиб бормоқда. Аммо у керакли вақтда жамоага ёрдам беришда давом этмоқда. Кўп ўтмасдан Обамеянг ўйинга нуқта қўйди - 4:1.

Бу гол габонлик ҳужумчи учун Премьер-лиганинг жорий мавсумидаги 14-гол бўлди. «Арсенал» футболчиси лига тўпурарлари рўйхатини бошқармоқда. «Канонирлар» йилни ишончли ғалаба билан бошлашди, аммо 19-ўриндаги «Фулҳэм» устидан қозонилган йирик ғалаба ҳали кўп нарсани англатмайди. Айниқса, яқиндагина «Ливерпуль»дан 5та гол ўтказилганидан кейин.

Варди Руни ва Кейн билан бир компанияда
«Эвертон» - «Лестер» - 0:1 (0:0).
Гол: Варди, 58. 

«Эвертон» йилнинг биринчи кунида «Лестер»ни қабул қилди. Меҳмонлар бу ўйинга яхши кайфиятда етиб келишганди. Улар кейинги 3 ўйинда 6 очко жамғаришган, «Челси» ва «Манчестер Сити»ни мағлуб этишганди (кутилмаганда «Кардифф»га қарши ўйинда мағлуб бўлинди). Ливерпулликлар эса боксинг-дэйда «Тоттенҳэм» (2:6) ва «Брайтон»га (0:1) ютқазишган, «Бёрнли» дарвозасига 6 гол уриб ғалаба қозонишганди (6:1).

Ўйин давомида мезбонлар ҳужумкор ўйнашган бўлишсада, Шмейхель жамоасини голлардан сақлаб турди. Меҳмонлар эса юзага келган илк имкониятданоқ фойдаланиб қолишди. Перрейра Вардини қулай вазиятга чиқарди, тажрибали ҳужумчи жамоаси ғалабасини таъминлаган голни урди. АПЛда йилнинг энг биринчи голига муаллифлик қилган англиялик ҳужумчи 2011 йилда ва 2017 йилларда йилнинг биринчи голларига муаллиф бўлган Уэйн Руни ва Ҳарри Кейн билан бир компанияда.

«Эвертон» охиригача мағлубиятдан қутулиб қолишга ҳаракат қилди, аммо ўйинда ҳисоб сақланиб қолди. Бу ливерпулликларнинг охирги бешта ўйиндаги тўртинчи мағлубияти бўлди.

Кардифф – Тоттенҳэм 0:3 (0:3, 0:0)
Голлар: 0:1 – 3 Кейн, 0:2 – 12 Эриксен, 0:3 – 26 Сон Ҳён Мин.
Кардифф – Этериж, Манга, Моррисон, Бамба, Каннингем, Гуннарссон, Патерсон, Камараса (Роллс, 59), Артер, Мерфи (Хойлетт, 46), Рид (Мендес-Лэйнг, 72).
Тоттенҳэм –Льорис, Триппьер, Санчес, Алдервейрелд, Роуз, Уинкс, Сиссоко, Эриксен, Алли (Льоренте, 86), Сон Ҳён Мин (Скипп, 76), Кейн.
Огоҳлантириш: Бамба (53).

Ўтган турда кутилмаганда ўз уйида «Вулверҳэмптон»га имкониятни бой бериб, учинчи ўринга тушиб қолган «Тоттенҳэм» яна ғалаба қозонишни бошлади. «Шпорлар» бу турда «Кардифф» майдонида йирик ҳисобда ғалаба қозонишди – 3:0. Ҳарри Кейн, Кристиан Эриксен ва Сон Ҳён Мин биринчи бўлимнинг илк 26 дақиқасидаёқ ўз номларига биттадан гол ёзиб қўйиб, ўйин тақдирини анча эрта ҳал этиб бўлишди.

«Шпорлар» Премьер-лиганинг ушбу мавсумида сафарда ўтказган 12та ўйинидан 10тасида ғалаба қозонди. Бу билан клуб ўз рекордини янгилади. Бунга қадар лондонликлар 2012/13, 2013/14 ва 2017/18 мавсумлари бошидан охирига қадар меҳмондаги 10та ўйинда уч очко олишган, булар ҳозиргача энг юқори кўрсаткич бўлиб қолаётганди.

Шу билан бирга, кечаги баҳснинг 3-дақиқасида ҳисобни очган Ҳарри Кейн ҳам ўзига хос натижа соҳибига айланди. Эндиликда АПЛда англиялик ушбу ҳужумчидан гол ўтказмаган клуб қолмади. Кейн «Кардифф»га қарши баҳсгача 27та рақиб дарвозасини камида бир мартадан ишғол этиб улгурган эди.

Маурисио Почеттино жамоасини кейинги турда 13 январь куни ўзини мураббийликка номзод сифатида кўраётган «Манчестер Юнайтед»га қарши бошлаб тушади. Унгача эса лондонликлар Англия Кубоги 3-босқичи доирасида «Транмере» (4 январь), Англия Лига кубоги яримфиналида «Челси» билан (8 январь) тўқнаш келишади.

Сульшернинг ғалабали серияси
«Ньюкасл» – «Манчестер Юнайтед» – 0:2 (0:0).
Голлар: Лукаку, 64 (0:1). Рэшфорд, 80 (0:2).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Валенсия, Джоунс, Шоу, Линделеф, Мата (Санчес, 63), Эррера, Погба, Матич, Марсияль (Лукаку, 63), Рэшфорд (Лингард, 87).

2 январнинг марказий учрашуви Ньюкаслда кечди. Боксинг-дэйни одатда юқори формада ўтказадиган «қизил иблислар» бу сафар умуман йўқотишларга учрамади. Рафа Бенитес ҳимоявий тактика қўллади, биринчи бўлимда Моуриньо кетгач, 4та гол уриб, 3 голга узатма берган Погба ҳам, асосий таркибга қайтарилган Маркус Рэшфорд ҳам, Оле Гуннер Сульшернинг қолган футболчилари ҳам мезбонларнинг зич ҳимоясини ёриб ўта олишмади.

Бундан ташқари, илк голли вазиятни айнан «Ньюкасл» футболчилари юзага келтиришди. Аввалига кулгили ҳаракати билан тўпни йўқотган Фил Жонс тўпни дарвозага йўллашга чоғланган Муҳаммад Диаменинг оёқлари остидан олиб қўйди. Мартин Дубравка қўриқлаган дарвоза яқинида эса биринчи бўлимда голга тортувчи вазиятлар бўлмади.

Иккинчи бўлимда Сульшернинг футболчиларни алмаштиришлари ўз сўзини айтди. Мата ва Марсиял ўрнига Санчес ва Лукаку туширилди. Биринчи гол жарима зарбаси амалга оширилган вақтда, Рэшфорднинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қўлидан чиқариб юборди ва унга биринчи бўлиб етиб келган Лукаку ҳисобни очди. Бельгиялик ҳужумчи иккинчи марта захирадан тушиб иккинчи марта ҳам гол урмоқда. Кўп ўтмай Лукаку, Санчес ва Рэшфорд комбинацияси гол билан якунланди. «МЮ» Сульшер бошқарувида ғалабали серия қайд этмоқда - 4 ўйинда 4 ғалаба.

Борнмутдаги ёнғин
«Борнмут» – «Уотфорд» – 3:3 (3:3)
Голлар: Дини, 14 (0:1). Дини, 27 (0:2). Аке, 34 (1:2). Уилсон, 37 (2:2). Сема, 38 (2:3). Фрэйзер, 40 (3:3).
2 январь. Борнмут. Vitality Stadium (Dean Court).

Англия чемпионати мухлислари учун ҳақиқий боксинг-дэй ўйинини Борнмутда ташкил этиб беришди.

Ўйин ўзига хос тарзда ёнғин билан бошланди. Борнмутда кимдир ҳазиллашишга қарор қилди ва «Дин Корт» стадионининг шарқий трибунасида олов чақнади. Шу туфайли «Уотфорд»га қарши ўйин 15 дақиқага кеч бошланди.

Асосий ёнғин эса ўйинда бўлди. «Борнмут» ва «Уотфорд» бу кеча ҳимояни унутган ҳолда ўйнашга қарор қилишганди. Ўйиннинг биринчи бўлимининг биринчи ярмида меҳмонлар ҳужумчиси Трой Дини икки гол уриб улгурди. Меҳмонлар октябрь ойида Уотфорддаги йирик мағлубият (0:4) учун реванш олиш учун тушишгандек эди.

Аммо «Борнмут» Натан Аке ва Каллум Уилсоннинг 3 дақиқа ичида урилган икки голи билан жавоб қайтарди. Дини эса тўхтай демади ва унинг пасидан кейин швециялик яримҳимоячи Кену Сема учинчи голни урди. Аммо бир дақиқа ўтмасдан Райан Фрейзер биринчи бўлимдаги олтинчи голни дарвозага йўллади. Ҳеч ким, айниқса дарвозабонлар Асмир Бегович ва Бен Фостерлар атрофда нима бўлаётганини тушунмай қолишганди. Улар жами 6 гол ўтказишган бўлишсада, кўплаб зарбаларни бартараф этишганди. Мезбонлар танаффусга ғалабали ҳисоб билан чиқиши ҳам мумкин бўлганди, аммо Фостер яна бир неча марта жамоасини голдан сақлади.

Аммо иккинчи бўлимда жамоалар эҳтиёткорона ҳаракат қилишни маъқул кўришди ва мухлислар бошқа гол кўришмади. Дини яна гол урди, аммо ҳакам ҳуштаги чалингандан кейин. Қўшимча вақтлар давом этаётган вақтда мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланиши керак эди, аммо ҳакамлар Аке тўпни қўли билан ўйнаганини кўрмаганга олишди. «Уотфорд» дуранг натижа учун Бен Фостердан миннатдор бўлиши керак, у иккинчи бўлимда ҳам бир неча марта жамоасини голдан қутқарди.

«Челси»нинг ҳужумдаги йўқотишлари давом этмоқда
«Челси» – «Саутҳемптон» – 0:0.
«Челси»: Аррисабалага, Давид Луиз, Аспиликуэта, Алонсо, Рюдигер, Баркли (Фабрегас, 68), Жоржинью, Канте, Виллиан (Лофтус-Чик, 38), Азар, Мората.
2 январь. Лондон. Stamford Bridge.

«Стэмфорд Бриж»да турнинг энг зерикарли ўйинларидан бири бўлиб ўтди. Бунга асосий сабаблардан бири жароҳатлар эди. «Кристал Пэлас»га қарши ўйиндан олдин Оливье Жиру жароҳат олганди. «Саутҳемптон»га қарши ўйин арафасида эса Маурисио Сарри Виллиандан айрилди. 

«Челси» мухлислари учун янги йилдаги ягона яхши янгилик «Боруссия» Дортмунддан 64 миллион Кристиан Пулишич трансфер қилингани бўлди. Аммо америкалик футболчи кейинги мавсумдан сафга қўшилади, унинг трансфери «Челси»нинг ҳужумдаги муаммоларини ечиб бера олмайди. Лондонликлар «Саутҳемптон»да дебют қилган Ангус Ганн дарвозаси томон 8 марта аниқ зарба йўллаган бўлишсада, битта ҳам гол ура олишмади.

«Вулверҳэмптон» – «Кристал Пэлас» – 0:2 (0:0).
Голлар: Айю, 83 (0:1). Миливоевич, 90+5 – с пенальти (0:2).
«Ҳаддерсфилд» – «Бёрнли» – 1:2 (1:1).
Голлар: Мунье, 33 (1:0). Вуд, 40 (1:1). Барнс, 74 (1:2).
«Вест Ҳэм» – «Брайтон» – 2:2 (0:0).
Голлар: Стивенс, 56 (0:1). Даффи, 58 (0:2). Арнаутович, 66 (1:2). Арнаутович, 68 (2:2).

Турнинг қолган учрашувлари АПЛнинг янги йил ўйинларига хос тарзда кечди. «Вест Ҳэм» ва «Брайтон» ўртасида кечган кичик Лондон дербисида ҳам иккинчи бўлимда 4 гол урилди. Меҳмонлар 56 ва 58-дақиқаларда иккита гол уришди, аммо мезбонлар ирода кўрсатиб 66 ва 68-дақиқаларда Арнаутович томонидан урилган голлар эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди.

«Кристал Пэлас» эса ўтган турда «Тоттенҳэм» майдонидан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган «Вулверҳэмптон»ни сафарда 2:0 ҳисобида мағлуб этди. «Ҳаддерсфилд» ўз уйида «Бёрнли»га мағлуб бўлиб (1:2), турнир жадвалининг энг қуйи қисмидан мустаҳкам ўрин олди.

Турнирнинг энг яхши ассистентлари

Турнир тўпурарлари

Турнир жадвали

Мавзуга оид