Жамият | 13:44 / 07.01.2019
21976
5 дақиқада ўқилади

Хоразмда дўконлар сотилишида ихтилофлар вужудга келганми? Ҳолат юзасидан масъул шахс изоҳ берди

Яқинда Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар номидан мурожаат келиб тушди. Унда ёзилишича,  ҳозирда Ҳазорасп туманида жойлашган бозор белгиланган давлат талабларига  жавоб бермайди. Янги қурилаётган бозор эса ҳануз тадбиркорларга топширилмай келинмоқда. Баъзи дўконлар эса бир вақтда бир неча тадбиркорга сотилган ва ҳозирда улар орасида катта жанжал келиб чиқмоқда деб иддао қилинган.

Kun.uz мурожаатни жойига бориб ўрганди. Аввалига эски бозорни кўздан кечирдик. У ерда ҳали ҳануз йигирманчи аср бозор кўриниши ҳукмрон. Йўллар расво, ёғингарчилик бўлиши билан деярли ҳамма жой лой бўлади. Бозор бўлган кунлари (сешанба, пайшанба ва шанба) фавқулодда ҳолатга тайёр туриш тугул одамлар юришга қийналади. Тартиб умуман йўқ. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ҳазорасп туман бозор бошлиғи Қўчқоров Мадиёр акага юзландик. «Ҳазорасп универсал савдо комплекси» МЧЖ бошқарув раиси Мадиёр аканинг айтишича, эски бозор давлат стандартларига умуман жавоб бермайди. Ҳозирда фойдаланилаётган бозор тахминан 25-26 йил аввал қурилган. Майдони ҳам жуда кичик. Қишда йўлаклар лой бўлади, иссиқ ёзда эса усти ёпилмагани сабабли  соғлиқ учун хавфли. Иссиқ уриши мумкин. Камига тадбиркорлар сони ортиб кетгани сабаб мазкур жой зичлашиб кетган. Харидор савдо қилишга қийналади.

Қўчқоров Мадиёр

«Шуларни ҳисобга олиб 2014 йил вилоят ҳокими ташаббуси билан хусусий савдо, маиший хизмат кўрсатиш дўконлари қурилиши учун «Ҳазорасп бозор қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси ташкил этилди. Ўша вақтда давлатдан кредит олмай шу ерда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳисобидан қурилиш ишлари бошланган. Ҳозирда мазкур қурилиш ишларининг 80 фоизи битказилди. Тез орада қолгани ҳам бажарилади. Тахминан 1300 та савдо шохобчасида бир неча минг тадбиркор савдо билан шуғулланиши мумкин бўлади. 

Битказилаётган бозор замон талабларига жавоб беради. Унинг ҳар бир қаричи камералар орқали назорат қилинади. Қўриқлаш хизмати йўлга қўйилади. Енгиллик бўлсин деб аравачалар ҳам хизмат кўрсатади. Ёнғин талабларига жавоб берадиган бозор битиш арафасида. Шу билан бирга одатда бозорлар атрофида мавжуд бўладиган машиналар тирбандлигига ҳам барҳам бериш учун бир неча қаватли автотураргоҳ қуриш ҳам режамизда бор.

Дўкон сотиш масаласига тўхталсак, одатда унитар корхона ва буюртмачи ўртасида шартнома имзоланади. Унинг 4.1 бандига мувофиқ, буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб 3 ой муддат ичида белгиланган график бўйича суммани тўлаши лозим. Бўлмаса, шартнома бекор қилинади. Қисман тўланган маблағ қайтариб берилади. 

Баъзи буюртмачилар сумманинг маълум қисмини тўлайди-да қолганини тўламай юради. Муддат ўтиб кетгач яна тўламоқчи бўлади. Бундай ҳолатда эса дўкон  аллақачон бошқа буюртмачига ўтиб кетган бўлади. Орада бундай ҳолатлар ҳам учраб турди. Аввалига судга беришди. Шартнома шартларига кўра суд сўнгида ютқазишди. Уларнинг баъзилари билан  янги шартнома тузиб уларга ҳам янги қурилаётган дўконлардан жой қилиб бердик. Гина сақламадик», - деди Мадиёр ака.

2012 йилнинг 28 августида Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорлар ва савдо комплексларини тартибга солиш тўғрисида»ги 253 сонли қарори қабул қилинганди. Ҳозирда мазкур ҳужжатга ўзгартириш киритиш ва уни такомиллаштириш устида тегишли ташкилотлар томонидан иш олиб борилмоқда. Ўйлаймизки, янги қабул қилинадиган норматив ҳуқуқий ҳужжатда замон талабларига мос талаблар қўйилади. Мана шундай савдо комплекслари давлат стандартлари асосида аҳолига узоқ муддат хизмат қилади. Яқин муддат ичида қуриб битказилиши кутилаётган Ҳазорасп савдо, маиший хизмат кўрсатиш дўконлари ҳам ўз фаолиятини белгиланган қонунлар асосида  фаолият юритишига ва халқимизга узоқ йиллар давомида хизмат қилишига тилакдошмиз.

Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид