Яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин бўлган давлатлар
Дунёдаги давлатлар сони ҳамиша ўзгариб турган. Тарихда қайсидир мамлакат кучайиб, ожизроғини забт этган, қайсидир давлат ички низолар натижасида бўлиниб кетган. Яқин ўтмишда СССР, Югославия каби давлатлар парчаланиб, ўнлаб мустақил давлатлар пайдо бўлгани бунга мисол бўла олади.
Катта эҳтимол билан...
Яман
Бу мамлакатда 5 йилдан буён давом этаётган қуролли зиддият охир-оқибат давлатнинг бўлинишига олиб келиши мумкин. Ўзи яқин ўтмишда ҳам Яман икки хил тизимли давлат бўлиб, социалистик Яман маркази Адан, капиталистик Яман маркази Сано шаҳри билан кун кечирганди. Кейинчалик эзгу мақсадлар, оташин хитоблар билан бирлашилди ва Сано ягона пойтахтга айланди. Аммо бугунги кунга келиб пойтахтни эгаллаб олган ҳусийчилар ва Саудия Арабистони томонидан қўлланаётган бошқа кучлар ўртасидаги тўқнашувлар охир оқибат бу давлатнинг ҳозирги кўриниши ўзгаришига олиб келиши эҳтимоли катта.
Сурия
Гарчи Ислом давлати номи остидаги террорчилар томонидан эгалланган майдонларнинг аксарияти озод қилинган бўлсада, бу давлатдаги 6 йиллик уруш ҳаммасини чалкаштириб юборган. Бугун йирик давлатларнинг куч синашиш майдонига айланиб қолган Сурия ҳудудида курдларнинг азалий орзуси амалга ошиши – Мустақил Курдистон давлати тузилиши мумкин. Туркия бунга қаршилик қилаётганига қарамай ҳам Туркия, ҳам Сурия, ҳам Ироқдаги кўп миллионли курдлар ўз орзуларидан воз кеча олмаяпти.
Ироқ
Ироқдаги муаммолар ҳам Яман ва Суриядагига ўхшаш. Амалда деярли ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган, АҚШ ҳарбий кўмагига таяниб қолган ҳукумат мамлакатда тўла тинчлик ўрнатишга қодир эмас. Катта ҳудуди террорчилар томонидан эгаллаб олингани, курдлар масаласи, қабилалар орасидаги зиддиятлар борган сари мураккаблашмоқда.
Ливия
Муаммар Қаззофий бошқарувидаги Ливия ҳозирданоқ фақат харитадагина қолган. Амалда бу давлат учта йирик ва бир нечта майда ҳудудларга бўлиниб бўлган. Ғарбдаги Триполи ҳудуди бир неча қуролли кучлар коалицияси бошқарувида, Бенгази маҳаллий миллий парламент назоратида, соҳил бўйларидаги нефтга бой Киренаика ҳудуди эса асосан экстремистлар қўл остида. Бу уч ҳудуднинг ҳар бири ўз бошқарув шаклини тузиб олишга улгурган ва энди бирлашишни умуман хоҳламайди. Бу давлатда парчаланиш кўп куттирадиганга ўхшамайди.
Мальдив ороллари
Қайсидир давлатлар қуролли зиддиятлар таъсирида якун топса, Мальдив ороллари давлати табиат ҳодисалари туфайли катта ўзгаришларга маҳкум бўлиши тахмин қилинмоқда. Гап шундаки, уммон ўртасидаги бу ороллар мажмуасининг аксарияти сувдан бир неча метр юқори юзада жойлашган ва океан сатҳининг қисман кўтарилиши ҳам уларга ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Шимолий Корея
Дунёнинг энг ёпиқ, энг ғалати давлати тўғрисида бир-бирига зид ва ақл бовар қилмас маълумотлар тарқалади. Лекин шуниси аниқки аҳолининг тахминан 25 фоиздан кўпроғи қашшоқ, табиий ресурслар поёнига етмоқда, ҳарбий салоҳиятни сақлаш имконияти тугамоқда, йигирма биринчи асрга келиб ОАВни, интернетни бўғиш борган сари қийинлашмоқда.
Бундай пайтда аҳолини шонли келажак ва «порлоқ юлдуздек доҳий»нинг сўзлари билан алдаш қийинлашаверади. Ҳозир ҳам бу давлатдан қочиш ҳаракати ўлим хавфига қарамай жуда юқори. Яқин келажакда бу жараёнлар тезлашиб, давлат бошқарувни йўқотиши ва темир деворлар қулаши мумкин. Ўшанда Шимолий Кореяни ҳозирги ҳолатда тасаввур қилиш қийин. Кучли ривожланган Жанубий Корея аянчли аҳволга келиб қолган қўшниси билан шунча интилишдан кейин бирлашишни истайдими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Сабаби иқтисодлар орасида фарқи шу қадар кучлики, жанубга осилган шимол биродарининг шунча ютуқларини дарҳол йўққа чиқариб қўйиши ҳам мумкин.
Кичик эҳтимол билан...
Буюк Британия
Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳамиша сепаратистик қарашлардан азият чекиб келган. Бир вақтлар ўзининг ҳозирги ҳудудидан бир неча карра катта ҳудудни бемалол бошқарган Буюк Британия ҳозирги кунда Шотландиянинг ажралиб чиқиши, Шимолий Ирландиянинг мустақилликка интилишидан безор бўлган. Гарчи шотландларнинг ва ирландларнинг аксарияти куч бирликда эканлигини англаб етишган бўлишсада, Лондондан қутулиш истагидагилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Деярли ҳар йили бу масала кун тартибидан жой олади ва йирик митинглар уюштирилади.
Бельгия
Европанинг энг тинч, энг ривожланган, қатор нуфузли ташкилотлар жойлашган давлатларидан бирида ҳам бу масалада жиддий муаммо бор. Бельгия азалдан парчаланиш хавфида яшаган. Гап шундаки, бу давлатнинг асосий аҳолиси бўлган фламандлар ва валлонлар ўзаро кескин фарқ қилишади ва бир-бирларининг турмуш-тарзларини, маданиятини эрмаклаб юришади.
Айрим радикаллар шунчаки ҳазиллар билан чекланмай, Бельгиянинг Фландрия ва Валлонияга бўлиниши шартлигини таъкидлашади. Французча гапирувчи валлонлар мустақиллик ва Франция билан иттифоққа интилишса, фламандлар буюк Фландрияга асос солиш тарихий адолатнинг тикланиши дея баҳолашади. Бу зиддият 2007-2011 йилларда кучли тус олган ва бирор партия давлатни бошқаришни зиммасига ола олмаган. Ўша йиллари бутун ҳукумат аъзолари вазифани вақтинча бажарувчи мақомида бўлишган.
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
20:27 / 23.11.2024
Сурия ҳудудидан энг қадимий алифбо топилди
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
12:33 / 06.11.2024