Ўзбекистон | 16:50 / 09.01.2019
187556
3 дақиқада ўқилади

«Одилбой» гаров пули эвазига озодликка чиқди

Фото: zero-max.com

Zeromax компаниясининг собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов 8 январь куни ДХХ тергов изоляторидан озод қилинди ва уйига қайтди. Унинг турмуш ўртоғи Фотима Жалолованинг маълум қилишича, Жалоловга нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилган.

У жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида гаров эвазига қўйиб юборилган. Шу билан биргаликда, Жиноят кодексининг 167-моддаси («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш») ва бошқа моддалари бўйича айблов эълон қилинган Миродил Жалоловга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этади.

«Газета.uz» нашри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, суд Миродил Жалоловни ЖКнинг 167-модда 3 қисм «а» банди («кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш»), 228-модда 2-қисм «а» ва «б» бандлари («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб») ҳамда 228-модда 3-қисми («ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш») бўйича айбдор деб топган.

Суд қарори билан судланувчига 17 687 040 сўм (2 минг доллардан ортиқроқ) миқдорида жарима жазоси қўлланган.

Маълумот учун, Швейцарияда рўйхатга олинган Zeromax GmbH компанияси 2005 йилда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган эди. Мазкур компания Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик ва пахта саноати, транспорт, шунингдек, нефть, газ ва олтин қазиб чиқариш билан шуғулланган, Ўзбекистон иқтисодиётининг кенг жабҳалари, жумладан озиқ-овқат, энергетика ва спорт соҳаларида ҳам фаолият юритганди.

2010 йилнинг май ойида Ўзбекистонда Zeromax компанияси фаолияти тўхтатилган, мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган, ҳисоб рақамлари музлатилганди. Халқ орасида «Одилбой» номи билан машҳур бўлган Миродил Жалолов эса ўша йилнинг сентябрь ойида қамоққа олинганди.

Унинг иши 2017 йилнинг 4 январида ҳам кўриб чиқилган, ўшанда ҳам Миродил Жалолов суд залидан озод қилинган, ўшанда суд қарорида унга «етказилган зарарни қоплаш учун вақт берилгани» қайд этилганди.

Лекин 2017 йилнинг мартида у яна қамоққа олинган ва шу пайтгача ДХХ тергов изоляторида сақланаётганди. Бу «давлатга етказилган ўнлаб миллион доллар зарар қопланмагани» билан изоҳланганди.

Ўз даврида Zeromax нефть ва газ ширкати таркибидаги UzGazOil ёқилғи қуйиш шохобчалари билан республикада монополия ўрнатганди.

2008 йилда эълон қилинган расмий рақамларга кўра, ширкат активлари ўшанда 3.298 миллиард Швейцария франкини (4,5 миллиард АҚШ доллари атрофида) ташкил қилган. Компания фаолияти тўхтатилиб, «Одилбой» ҳибсга олингач, Zeromax активлари ва АЁҚШлари UzGazOil миллий холдинги тасарруфига ўтказилган эди.

Мавзуга оид