Жаҳон | 19:06 / 11.01.2019
12705
12 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс 2018 йилда қайси масалаларга катта эътибор қаратди?

Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири ҳисобланган Билл Гейтс gatesnotes.com сайти орқали 2018 йилда ишда нималар билан шуғуллангани, нималарни ўрганганини сарҳисоб қилди.

"Болалик дамларимда ҳар Рождествода ота-онам оила йил давомида қандай ишлар билан шуғуллангани ҳақидаги карточкаларни жўнатишар эди. Отамнинг юридик фирмаси ўсмоқда, онамнинг волонтёрлик иши яхши кетмоқда, қизлар мактабда яхши ўқишмоқда, Билл эса тутқич бермас.

Баъзилар буни оддий ҳолат деб ўйлайди, лекин менга бу анъана ёқади. Ҳар йилнинг охирида мен ўз ишим ва шахсий ҳаётимни сарҳисоб қилишни яхши кўраман. Мени нима ҳаяжонга солди? Нимани яхшироқ уддаладим?

Фото: Washington Times

2018 йилдаги хулосаларимнинг баъзилари билан бўлишишга қарор қилдим. Бугун 63 ёшимда ўзимга ўзим берадиган саволлар 20 ёшимдаги саволлардан анча фарқ қилади. Ўша пайтлар йил охирида барчаси бир саволга бориб тақалар эди: Microsoft персонал компьютерларга оид орзуни рўёбга чиқаряптими?

Бугунга келиб ҳам ўз ишим сифатини баҳолайман, бироқ ҳаётим ҳақидаги қатор бошқа саволларни ҳам қўяман. Оила аъзоларимга етарлича вақт ажратдимми? Етарлича янги билимларга эга бўлдимми? Янги дўстона муносабатларни ривожлантириб, эскиларини чуқурлаштирдимми? 25 ёшимда бу каби саволлар кулгили туюлган бўларди, ёш ўтган сайин эса уларнинг аҳамияти ортиб боради.

Мелинда (Билл Гейтснинг турмуш ўртоғи - таҳр.) менинг бу масала бўйича қарашларимни кенгайтиришга ёрдам берди. Шунингдек, "Сиз ғамхўрлик қиладиган инсонлар сизни худди шундай яхши кўришадими?" деган савол муваффақияти сири эканини айтган Уоррен Баффет ҳам. Ўйлашимча, бу ҳам шундай.

Инсоният тарихи давомида узоқроқ яшашга ҳаракат қилганмиз. Бунинг натижасида ҳаёт давомийлиги ошмоқда. Бунда технологиялар вакциналар, дори-дармонлар ва санитария ҳолатининг яхшиланиши орқали муҳим роль ўйнади.

Безгак, семизлик каби муаммолар ечимини топиш учун ҳали ҳам кўп инновацияларга муҳтожмиз. Фикримча, бу келгусида йирик кашфиётларга йўл очади.

Бир йил ортга боқиб, ўзим ишлаётган муайян соҳалар ҳақида ўйлаб қоламан. Бу ишлар қисман фондимиз орқали амалга оширилади, лекин ҳаммаси эмас. Ишончим комилки, инновациялар ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаши мумкин. Кўпчилик одамлар инновациялар ҳаётни қанчалик енгиллаштиришини етарлича баҳолай олишмайди. Қуйида ўзим ишлаётган баъзи йўналишлар бўйича фикрларимни баён қиламан.

Альцгеймер касаллиги

2018 йилда Альцгеймер касаллигини тадқиқ қилишда икки ижобий тенденцияни кузатдим.

Фото: Gates Notes

Биринчидан, тадқиқотчилар Альцгеймер касаллигини қандай тўхтатишга оид ғояларга эътибор қаратишди. Биологияга оид тушунчаларимизни бойитиш бизнинг тиббий харажатларимиз ва азоб-уқубатларимизни қисқартиради.

Иккинчидан, Альцгеймер касаллигига йўлиққан кишилар ҳамжамияти кўпроқ маълумотларга кириш имконини қўлга киритди. Касалликнинг ривожланишига доир масалаларни яхшироқ тушуниш учун тадқиқотларимизда олимларнинг ўзаро маълумот алмашиши енгилроқ бўлиши устида ишлаяпмиз.

Сўнгги йилларда АҚШ ҳукумати Альцгеймер касаллиги билан боғлиқ тадқиқотларни молиялаштиришни оширди. Шу билан бирга, янада яхшироқ диагностика қилиш учун катта ишлар қилинмоқда.

Аниқ ечимини кўра олмаётган ягона муаммо қандай қилиб клиник синовлар учун беморларни самаралироқ жалб қилиш усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Оддий ва ишончли диагностикасиз Альцгеймер касаллигининг эрта босқичида бўлган беморларни топиш қийин. Етарлича беморларни рўйхатдан ўтказишга йиллар кетиши мумкин. Муаммо ечими топилган тақдирда янги синовларни тезроқ бошлаш имконига эга бўламиз.

Ишонаманки, илмий жиҳозлар, такомиллашган диагностика ва кўпроқ маълумот алмашиш имкони туфайли келгуси ўн ёки йигирма йилликда бу йўналишда сезиларли тараққиётга эришамиз.

Полиомиелит

Бугунга келиб полиомиелитни бартараф қилишга кечагидан яқинроқ бўламиз, деб ўйлагандим. Афсуски, 2018 йилда полиомиелит кўрсаткичлари 2017 йилгига нисбатан кўпайди.

Сиёсий зўравонлик ва уруш бор жойларда вакцинация ўтказиш қанчалик қийин бўлишини тўғри баҳолай олмаган эканман. Урушдан қочиш мақсадида оилалар бир жойдан бошқасига кўчади, натижада эса уларни кузатиш ва рўйхатга олиш имконсиз бўлади. Афғонистон ва Покистоннинг ҳеч қачон полиомиелитдан қутула олмаслигининг асосий сабаби ҳам шу.

Мен ҳомийлар билан гаплашишга кўп вақт ажратаман, уларнинг ўз вазифасини тўлақонли бажараётган ёки йўқлигига ишонч ҳосил қиламан. Касалликларни даволашга биз истаган-да кўп вақт кетади. Ҳамкорларга агар ишимизни тугатмасак, касаллик хавфи ошишини ёдга соламан. 

Ниҳоят, Бельгия ва Панамада янги орал вакцина синовдан ўтказилишига умид қиламан. Натижалар 2019 йилда чоп этилиши керак. Агар бу усул ўз самарасини кўрсатса, у аввалги вакциналар билан боғлиқ баъзи муаммоларни енгиб ўтиш имконини беради.

Мавжуд муаммоларга қарамай, тез орада полиомиелитни йўқ қилишнинг уддасидан чиқишимизга оптимистик умид билдираман.

Электр энергия

2018 йилда парник газларнинг ҳавога ажралиш кўрсаткичи ошди. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ энг ёмон сценарийларнинг олдини олишнинг ягона йўли - "яшил энергия" бўйича катта ўзгаришга эришиш.

Фото: Gates Notes

Қуёш ҳамда шамол энергетикаси арзонлашаётганидан хурсандман, албатта, уларни зарур жойларда ривожлантиришимиз керак. Бироқ қуёш ва шамол энергияси - барқарор энергия манбалари эмас, яқин орада қуёш чиқмаган ёки шамол эсмаган вақт фойдаланиш мумкин бўлган ўта арзон батареялар пайдо бўлиши эса амри маҳол. Бундан ташқари, барча парник газларининг 25 фоизи электр энергия ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилда "яшил энергия" йўналишида фаолият юритувчи Breakthrough Energy Ventures инвестицион фонди биз пул тикаётган илк компаниялар ҳақида маълум қилди. Биз иқлим ўзгаришидаги асосий кучларни кузатяпмиз. Биз танлаган компаниялар ажойиб одамлар тасарруфида бўлиб, экологик соф энергияга доир инновацион ғояларни лабораториядан ташқарига чиқариш истагини намойиш қилмоқда. 

Ядровий технология иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун айни муддаодир, зеро у - 24 соат давомида фойдаланиш мумкин бўлган ягона углеродсиз энергия манбаи. Замонавий реакторлар билан боғлиқ муаммолар ё авария хавфи инновациялар ёрдамида ҳал қилиниши мумкин.

Қўшма Штатлар ўзининг олимлари, ишбилармонлари ва инвестицион капитали билан бундай ютуқлар учун жуда яхши тўғри келади.

Афсуски, Америка 50 йил аввал бўлгани каби ядровий энергия соҳасида етакчи эмас. Ушбу позицияни қайта тиклаш учун мамлакат янги маблағлар ажратиши, қонун-қоидаларни янгилаши ва инвесторларга бунинг бари жиддий эканини намойиш этиши керак бўлади.

Бу тўсиқларни енгиб ўтсак, замонавий ядровий энергетика соҳасида ўрганиш керак бўлган бир неча умидли ғоялар бор. Мен 10 йил аввал асос солган TerraPower компанияси хавфсиз ёндашувни қўллайди, жуда кам парник гази чиқаради.

Биз Хитойда янги лойиҳа йўлга қўйишга умид қилаётгандик, бироқ яқинда АҚШ сиёсатида рўй берган ўзгаришлар буни амалга ошириш имконини қийинлаштирди. Эҳтимол, уни Қўшма Штатларда қуришимиз мумкиндир, фақат бунинг учун молиялаштириш ва норматив ҳужжатларда ўзгаришлар рўй бериши керак.

Дунё иқлим ўзгаришини тўхтатиш учун турли қарорларга муҳтож. Илғор атом энергетикаси шундай қарорлардан биридир. Умид қиламанки, АҚШ етакчилари бу майдонда фаоллашишга ҳаракат қилишади.

Навбатдаги эпидемия

1918 йилда испанча грипп бутун дунё бўйлаб 50 миллион кишининг ёстиғини қуритди. У илгаригидек жаҳондаги энг ҳалокатли табиий офатлардан бири ҳисобланади. Бу эпидемияга 100 йил бўлиши бизнинг навбатдаги эпидемияга тайёр ёки йўқлигимизга доир кўп баҳс-мунозараларни келтириб чиқаради. Афсуски, биз ҳануз тайёр эмасмиз.

Фото: Gates Notes

Одамларнинг терроризм ва иқлим ўзгариши каби хавфлардан ташвишланиши тўғри. Бироқ агар қисқа вақт ичида нимадир ўнлаб миллион кишиларнинг ўлимига сабаб бўладиган бўлса, бу, эҳтимол, глобал эпидемия бўлар. Ҳонаҳой, бу грипп шаклларидан бири бўлади, чунки грипп вируси ҳаво бўйича осон тарқалади. Бугунга келиб 1918 йилдагидек грипп атиги олти ойда 33 миллион кишининг ўлимига олиб келди. 

Бир неча йил мобайнида буни ўргандим. Тайёр туриш учун бизга миллий ҳукуматларнинг қўшма фаолият режаси зарур. Биз карантинда нима қилиш кераклиги, муаммоли ҳудудларга жўнатмалар йўллаш, ҳарбийларни жалб қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. 2018 йилда бу масалалар бўйича катта муваффақият кузатилмади.

Инсонни грипп балосидан ҳимояловчи вакцина ишлаб чиқаришда муваффақиятга эришилгани яхши янгилик бўлди. Бу йил Мэриленддаги АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтида бўлдим ва бу ишни олиб борувчи баъзи кишилардан маълумотлар олдим.

Гриппга қарши универсал вакцина яратиш вазифаси қизиқ. Вируснинг барча тури маълум бир умумий тузилмага эга. Агар сиз ҳеч қачон гриппга чалинмаган бўлсангиз, иммун тизимингизни бу тузилмаларни излаб, уларга ҳужум қилишга ўргатадиган вакцина ихтиро қилиш мумкин. Бироқ касалликка чалиниб бўлгандан кейин иммунитетни умумий тузилмаларни қидиришга мажбур қилиш жуда қийин.

Муаммо ечимдан узоқ, бироқ янги тадқиқотлар учун маблағлар ажратилмоқда ва бунинг устида тобора кўпроқ олимлар иш олиб боришмоқда. Ушбу илмий тадқиқотлардан (улардан баъзиларини бизнинг фондимиз молиялаштиради) максимал даражада фойдаланиш учун глобал мониторинг ва эпидемияга қарши курашиш тизимини ишлаб чиқиш зарур. Бу эса ҳукуматлар етакчилари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни талаб қилувчи сиёсий масала. Аслида бу муаммо янада катта эътиборга лойиқ.

Генларни таҳрирлаш

Ноябрда генлар таҳрирлови ҳақида маълум бўлди, бунга хитойлик олимнинг икки қизнинг генларини эсмбрионлик даврида ўзгартиргани тўғрисида эълон қилгани сабаб бўлди.

Фото: Forbes

Мен бу олимнинг ҳаддан ташқари чуқурлашганини таъкидлаётганларнинг гапига қўшиламан. Бироқ агар бу ҳодиса генларни таҳрирлаш ҳақида кўпроқ одамни ўйлашга ва бу ҳақида гапиришга мажбур қилса, унинг иши яхшиликка хизмат қилиши мумкин.

Этник масалалар кўп. Генлар таҳрирлови касалликларни даволашда оптимизм бағишлайди. Бироқ технология тенгсизликни чуқурлаштириши мумкин, бу айниқса бадавлат кишилар билан боғлиқ ҳолатларда яққол намоён бўлиши мумкин.

Мен бу масалалар кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилмаганига ажабландим. Бугунга келиб сунъий интеллект қизғин баҳслар манбаи ҳисобланади. Генлар таҳрирлови эса ҳеч бўлмаганда сунъий интеллект каби эътиборга лойиқ. 

Имконингиз бўлиши билан бу ҳақида мутолаа қилишга ҳаракат қилинг. Янгиликлар лентасидаги мақолаларни кузатиб боринг. Агар бутун бир китобни ўқишга тайёр бўлсангиз, Сиддхартхи Мукержининг "Ген" асарини тавсия қиламан.

Келажакка назар

Одатда Янги йил билан боғлиқ сарҳисоблар тарафдори бўлмасам-да, доим аниқ мақсадлар қўйиб, уларни амалга оширишни режалаштиришга ҳаракат қиламан. Ёш ўтган сайин икки масала хаёлга келади. Шунинг учун 2019 йил учун қарорлар қабул қиламан.

Улардан бири конфиденциаллик ва инновациялар ўртасидаги мувозанатдир. Одамларнинг конфиденциаллигини ҳимоялашда таълим ёки соғлиққа оид тасаввурга (Масалан, паст даромадли ўқувчиларга таълим бериш бўйича қайси мактаблар энг яхши натижа кўрсатмоқда? Қайси шифокорлар ҳамёнбоп нархларда энг яхши хизматларни тақдим этишади?) эга бўлиш учун маълумотлардан қандай фойдаланишимиз мумкин?

Иккинчиси - таълим соҳасида технологиялардан фойдаланиш. Дастурий таъминот талабаларнинг ўқишини қанчалик яхшилаши мумкин? Кўп йиллар давомида технологияларнинг таълимга катта таъсири ҳақида эшитиб келяпмиз. Бироқ ўйлашимча, энди буни исботлаш вақти келди.

Гейтс ёзишмаларида шу ва бошқа масалалар бўйича янги фикрларим билан бўлишиб бораман", - деб ёзади миллиардер.

Мавзуга оид