Ўзбекистон | 15:28 / 14.01.2019
14632
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги мактабда директор ўқитувчиларни обунага мажбурлаган

Фото: Depositphotos

2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий назорат Хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 31-мактабнинг педагог ходимларини обунага мажбурланаётганлик ҳолати бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, ўрганиш жараёнида мактаб директори таълим муассасасида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга декабрь ойидаги маошлари ҳисобидан 200 минг сўмдан, шунингдек, синф раҳбарларидан эса белгиланган 200 минг сўмдан ташқари яна қўшимча 300 минг сўмдан (керак бўлса ота-оналардан йиғиб) газета ва журналларга мажбурий обуна бўлишларини бир неча бор таъкидлаганлиги аниқланган. Лекин ойлик иш ҳақи берилмаганлиги сабабли обунага пул йиғилмагани, директор томонидан ҳақиқатан ҳам обунага мажбурлаш содир этилгани маълум бўлган.

Текширув жараёнида мутасаддилар томонидан мактаб раҳбари ҳамда жамоага мажбурий обуна учун пул йиғиш ноқонуний эканлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 31-сонли мактаб директорига ўқитувчиларни обунага мажбурлагани учун меҳнат қонунчилигига кўра чора кўрилди, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги ҳудудий раҳбарлардан таълим тизими ходимларининг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишни сўраган.

Мавзуга оид