Спорт | 21:21 / 16.01.2019
30632
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоаси Япония билан ўйинга тайёр (фоторепортаж)

Эртага, 17 январь куни Осиё Кубогида гуруҳ босқичи якунига етади. Муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги турда «F» гуруҳидан нимчорак финалга чиққан яна бир жамоа – Японияга қарши баҳс олиб боради.

16 январь куни Ал-Айндаги «Халифа бин Зайд» спорт мажмуасида ўйинолди расмий тадбирлари бўлиб ўтди. Дастлаб учрашув расмийлари иштирокида ўтган митингда маълум бўлдики, эртанги баҳсда Ўзбекистон оқ, Япония кўк рангли либосда тўп суради. Шундан сўнг матбуот анжуманининг дастлабки қисми Япония термаси бош мураббийи Ҳадзиме Мориясу ва яримҳимоячи Тошиҳиро Аояма иштирокида ўтди. Унда японлар устози нимчорак финалда Австралияга тўқнаш келишни истамаслиги, шу боис ўйинда ғолиб чиқиб, гуруҳ пешқадами бўлиш ниятида эканини қайд этди. ЖЧ-2018дан кейин Япония термаси бошқарувига келган мураббий, шунингдек, Осиё Кубогидаги 7та ўйин ёрдамида жамоаси ўйинини такомиллаштириб олишни ҳам мақсад қилганини қўшимча қилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва яримҳимоячи Жавоҳир Сидиқов журналистлар саволларига жавоб берди. Купер ўз сўзида минимум вазифа уддалаб бўлинганидан келиб чиқиб, плей-офф босқичи ҳақида ҳозирдан ўйлай бошлагани, шу боисдан жароҳатлардан эҳтиёт бўлишга уринишига урғу берди. У Миср терма жамоаси бош мураббийи сифатида Африка Кубогига борган вақтида жароҳатлар билан боғлиқ тажрибасидан сабоқ чиқарганини таъкидлади. Шу билан бирга, Купер плей-оффнинг илк раундидаёқ Австралия дуч келиши мумкинлигига аҳамият қаратмаётганини айтди ва рақиб танламаслигини яна бир бор такрорлади.

Купер қайд этганидек, Ўзбекистон термасининг барча 23 аъзоси соғлом ва ўйинга шай ҳолатда.

Анжуманда эътиборга молик яна бир гап Сидиқов томонидан янгради. У ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари миқёсида Японияга қарши бир неча марта тўқнаш келганини айтиб, улардан ҳали бирортасида мағлуб бўлмаганини таъкидлади. Жавоҳир бу ҳақда япониялик журналистнинг бир йил олдин Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатини эслатиб берган саволига жавобан гапирган эди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг январь ойи ўрталарида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионати чорак финалида Япония устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган, голлардан бирига Жавоҳир Сидиқов муаллифлик қилганди.

Матбуот анжуманидан сўнг ўйинолди расмий машғулоти ўтказилди. Жараённи кузатган Kun.uz фотомухбири Ал-Айндаги стадиондан бир қатор эътиборли лаҳзалар акс этган суратларни тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, Япония–Ўзбекистон ўйини эртага, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 18:30да бошланади. Ўйинни мезбон БАА вакили Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммад бошқариб боради.

Ўзбекистон бу учрашувда ғалаба ёки дуранг қайд этган тақдирда гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олади ва нимчорак финалда Қатар ёки Саудия Арабистони термасига қарши баҳс олиб боради; мағлубият қайд этилган тақдирда эса чорак финал йўлида Австралия билан ўйнашга тўғри келади.

Мавзуга оид