Жамият | 12:53 / 17.01.2019
56127
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ИИББ томонидан машҳурликка интилган блогерларнинг фаолиятига чек қўйилди

Instagram ижтимоий тармоғига ўзларини блогерлар деб ҳисоблайдиган бир гуруҳ ёшлар томонидан тайёрланган видеолавҳалар жойлаштирилган. Бу ҳақда “Менинг юртим” телеканалида эфирга чиққан лавҳада айтилади.

Қайд этилишича, ушбу видеороликларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан тезкор суриштирув тадбирлари олиб борилган. 

Суриштирув давомида аниқланишича, болалар томонидан тайёрланган видеоларнинг бири пойтахтда жойлашган супермаркетда ўзларининг таниши ёрдамида олинган бўлиб, унда сунъий жанжал уюштирилиб, жамоат жойида ҳақоратли сўзларни қўллаганликлари, шунингдек, бу қаҳрамонлар Мирзо Улуғбек туманида ўртоғига тегишли бўлган автомашинани олиб қочиб, унинг ортидан шериги бошқа автоулов орқали қувиб ўтган ҳолда йўл хавфсизлиги қоидаларига зид бўлган ҳаракатларни амалга оширганликлари аён бўлган.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси Нилуфар Исахонованинг сўзларига кўра, юқоридаги ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлган. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан автоуловлар вақтинчалик жарима майдонига қўйилиб, ҳайдовчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига асосан баённома тузилган ва ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилган.

Мавзуга оид