Жамият | 18:38 / 20.01.2019
13831
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Элина Ҳиндистонга жўнаб кетди. Қизалоқни дуо қилайлик

Хабарингиз бор Kun.uz сайти хайрия акциялари доирасида яқиндагина «Эндигина олти ой умр кўрган чақалоқ оғир дард билан курашмоқда: Ёш оила яхшилар кўмагига муҳтож» сарлавҳали хайрия акцияси эълон қилинган эди. Унда Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи ёш оила — Фаррух Норқулов ва Фарида Бўроноваларнинг 2018 йил 8 июлда туғилган қизи Элина ҳақида сўз боради. Қизалоққа Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий марказида билиар жигар циррози ташхисини қўйишган. Шифокорлар бу касалликни донорлик жигарини транцплантация қилиш орқали даволаш мумкинлигини айтишган. Бу турдаги жарроҳлик амалиёти Ҳиндистонда қилинар экан. Ота-она Нью-Деҳли шаҳридаги «Макс» клиникаси билан боғланишган. Бу жарроҳлик амалиёти ва ундан кейинги даволаниш учун 38.000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ зарурлиги, лекин оила маблағни топишга имконияти йўқлиги сабаб ёрдам сўраб муражаат қилишган.

Сиз азизларнинг ёрдамингиз билан керакли маблағ йиғилди. Улар бугун шифо илинжида Ҳиндистонга учиб кетишмоқда. Биз ҳам ижодий гуруҳимиз билан Элинага оқ йўл тилаш мақсадида аэропорт томон шошдик. Ёш оила билан кўришдик. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Элинанинг отаси Фаррух Норқулов меҳрибон халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб ўтди. Шу ўринда Kun.uz жамоаси ҳам хайрия акциясида иштирок этган барча юртдошларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради. Қилган савоб ва хайрли ишларингиз нур бўлиб йўлингизни ёритсин. Оилангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз, азиз ва саховатпеша юртдошлар!

Мавзуга оид