Жамият | 09:52 / 21.01.2019
50639
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Самарқанддаги молиявий пирамида ҳақида маълумот берди

Фото: REUTERS

Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси кибержиноятчилик ҳақида маълумот бериб, мамлакатда қайд этилган шундай ҳолатлар ҳақида баъзи тафсилотларни очиқлади.

Хусусан, Самарқанд вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан «OLTINYUL.UZ» ва «E-SUM.UZ» веб-сайтлари орқали фуқароларни мулкий манфаатга қизиқтириб, «Молиявий пирамида» лойиҳаси тузилган. 

Шу асосда 8 200 нафардан зиёд фуқародан жами 450 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари йиғилиб, ушбу гуруҳ томонидан ўзлаштирилган.

Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Н.Р. ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188(1)-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, 2018 йил 23 июль куни Тошкент шаҳрида 5 та автотранспорт воситаси давлат рақамлари ўғирланиб, жабрланувчилардан давлат рақамларини қайтариш эвазига Интернет тармоғидаги “QIWI” ва “WEB money” электрон тизимлари орқали пул талаб қилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Бектемир туманида яшовчи 19 ёшли фуқаро содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинган.

Шунингдек, 2018 йилнинг 4 октябрь куни Интернет тармоғидаги “Telegram” мессенжеридаги 374 мингдан ортиқ аъзолари бўлган каналдан телефон ва компьютер воситаларига зарар келтирувчи дастурлар тарқатилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи М.В. содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинди.

Мавзуга оид