Ўзбекистон | 12:15 / 21.01.2019
25253
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда самолёт парвози узоқ вақт ушланиб қолди

20 январь куни Uzbekistan Airways компаниясининг Урганч-Тошкент йўналишида парвоз қилиши режалаштирилган A320-214 ҳаво кемаси узоқ кечикиш билан манзилга етиб келди. Манбанинг таъкидлашича, парвознинг ушланиб қолиши 6 соатга чўзилган.

«HY-52 рейси 6 соатлик ушланиб қолиш билан Урганчдан учиб кетди. Бунга HY-51 рейсининг кечикиш билан парвоз қилгани ҳам сабаб бўлди. Йўловчиларга парвознинг қолдирилиши тушунтирилмади. Улар 6 соат, шунчаки, тушунарсиз нарсани кутишди», – деб ёзилади AviaSpotter Telegram-канали хабарида.

AviaSpotter'нинг ёзишича, парвозларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганига учиш йўлаклари шай ҳолатда бўлмагани сабаб бўлган.

Фото: AviaSpotter

«Парвоз тўхтатилган вақтда йўлакнинг сирпанчиқлик коэффициенти 0,3га тенг эди. Бу вазиятда тормоз эффекти «ишончсиз» дея ҳисоблар ўзгартирилади. Аммо, одатда, бундай муаммолар махсус техникалар ёрдамида ҳал қилинади. Катта эҳтимол билан, учиш йўлакларини музлардан тозаловчи махсус техника Урганч халқаро аэропортида йўқ»,  – дейилади хабарда. 

Фото: Uzbeksitan Airways

Uzbekistan Airways компанияси расмий вакилининг айтишича, Урганч халқаро аэропортида махсус техника, куч воситалари тинимсиз ишлаган.

Фото: Uzbeksitan Airways
Фото: Uzbeksitan Airways

«Парвозлар ушланиб қолишига ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлди. Улар йўлакларни қордан тозалаб улгурмади. Парвозларнинг ушланиб қолиши компанияга фойда бермайди. 

Авиакомпаниянинг парвоз хавфсизлиги қоидаларига кўра, учиш йўлагидаги сирпанчиқлик коэффициенти баланд бўлгани туфайли парвозни амалга ошириш имконсиз эди»,  – дейди вакил. 

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган «Ўзгидромет» мутахассиси 20 январь куни Урганчда 2 см қалинликдаги қор ёғганини маълум қилди. 

«Шунга қарамай, қор миқдори парвознинг тўхтатилишга асосий омил бўлиб хизмат қилмайди. Метеорологик сабабларга кўра, самолётнинг учмаслигининг асосий сабаби - турли метеорологик шароитлар, масалан кучли шамол, булутлилик (оқибатда кўринувчанликнинг пасайиши) бўлиши мумкин», – дейди у.

«Ўзгидромет» мутахассисининг қўшимча қилишича, қор ҳам ҳар хил бўлади: юмшоқ, қаттиқ, музли ва аралаш. Шунга қараб, тозалаш ишлари ҳам турлича ташкил қилинади.

Шунга қарамай, парвозга отланган, олис манзилни кўзлаган йўловчилар узоқ вақт мобайнида тегишли ахборотсиз қолдирилганини оқлаб бўлмайди. Айнан шу парвоз йўловчилари орасида Бельгиянинг TCR Group – аэропортлар учун ер усти техникаларини етказиб беришда илғор бўлган халқаро компания вакиллари ҳам бўлган. Улар 21 январь куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгиланган музокаралар учун келаётганди. Шунингдек, катта эҳтимол билан эътиборсиз қолдирилган йўловчилар орасида бошқа хорижий давлат фуқаролари ва сайёҳлар ҳам бўлиши мумкин.

Фото: AviaSpotter

Мавзуга оид