Спорт | 16:47 / 23.01.2019
41619
3 дақиқада ўқилади

Марат Бикмаев клубини ўзгартирмоқда

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳужумчиси Марат Бикмаев фаолиятини бошқа клубда давом эттиради.

Tribuna.uz манбаси тасдиқлашича, Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё Кубогида иштирок этиб қайтган ҳужумчи Тошкентнинг бошқа бир жамоаси - «Пахтакор» клубига ўтади. 

Айни вақтда томонлар келишувга эришиб бўлган. Ушбу трансфернинг қўшимча тафсилотлари яқин вақтлар ичида маълум бўлади.

Қайд этиш керакки, Марат Бикмаев аввал ҳам «шерлар» сафида тўп сурган. У футболчилик фаолиятининг бошида, 2002-2004 йилларда «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган, 39 ўйинда майдонга тушиб, 14та гол урган, қаторасига 3 мавсумда тошкентликлар жамоаси билан чемпион бўлганди.

Кейинчалик «Крилья Советов» (2004-05), «Рубин» (2006-07), «Спартак-Нальчик» (2008-10), «Алания» (2010-12) ва «Ақтўбе» (2012-12) каби клублар сафида тўп сурган футболчи 2014 йилда Ўзбекистонга қайтиб, «Локомотив»да ўйнай бошлаганди. У ўтган вақт давомида «темирйўлчилар» билан 3 марта Ўзбекистон чемпиони бўлди, 2017 йилда Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида тақдирланган. 

Марат Бикмаев 2004 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасида дебют қилган ва ўтган вақт ичида 45 ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урган.

Бундан аввалроқ, қишки йиғин арафасида турган «Пахтакор» «Бунёдкор»нинг собиқ футболчилари Акром Комилов ва Сардор Собирхўжаев, «Насаф» дарвозабони Санжар Қувватов «Навбаҳор» яримҳимоячиси Азиз Турғунбоев ҳамда «Анжи» аъзоси Достонбек Ҳамдамовни ўз сафига қўшиб олганди. Шунингдек, Жалолиддин Машарипов ва Егор Кримец билан шартнома янгиланди.

Ўз навбатида жамоани ҳужумчилар, ўтган мавсумда тўпурар бўлган Исмоил Гонсалвеш (12) ва Тиаго Безерра (10), дарвозабон Александр Лобанов («Металлург»)га, ҳимоячилар Камолиддин Тожиев («Металлург»га) ва Акмал Шораҳмедов (ОКМКга) ҳамда яримҳимоячи Жамшид Искандаров («Локомотив»га) жамоани тарк этди.

Мавзуга оид