Спорт | 07:59 / 24.01.2019
75910
21 дақиқада ўқилади

Автоматика. Купер Австралияни қандай тўхтатгани ҳақида ва «истеъфочилар»га жавоб

Албатта, инкор қилиш қийин, ўйин Австралия терма жамоаси устунлигида ўтди. Дарвозага берилган зарбалар, бурчак тўплари, узатмалар, тўп назорати – ҳар жабҳада Австралиянинг кўрсаткичлари юқори. Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу кўрсаткичлар ўйин айнан Арнолд тактикаси ва режалари асосида кечганини англатмайди. Аксинча, бу ўйинда Эктор Купернинг тактикаси кўпроқ иш берди ва агар мураббийлар жангини алоҳида оладиган бўлсак, таблодаги 0:0 ҳисоби айнан Купернинг ютуғидир. Пенальтилар сериясида ҳар қандай натижа бўлиши мумкин, томонларнинг имкониятлари тенг баҳоланади, демак, 120 дақиқадан сўнг, Австралия ва Ўзбекистоннинг имконияти тенг бўлишига эришганимизни эътиборга олсак, бу ўйинни Купернинг плюсига ёзишимиз лозим.

Умуман, мураббийнинг ҳимоявий ва эҳтиёткор тактикасини танқид қилаётганлар ва бу Австралияни енгишимиз шарт эди, деяётганлар, нимага асосланаётганларини тушунмаяпман. Агар ўзимиздан кучсизроқ саналган рақибга қарши дадил ўйнамай, якунда серияда ютқазиб қўйганимизда, мураббийнинг ўйинга муносабатини танқид қилсак бўларди. Аммо кучлироқ рақибнинг имкониятидан келиб чиқиб, шунга мос ёндашиш қачондан бери нотўғри бўлиб қолди? Қирғизистон ёки Суриянинг ўйинларини мисол келтирманг, уларда нима қилиб бўлса-да, натижага эришиш вазифаси турмаганди. Агар Австралия ҳисобни очганида, биз ҳам ҳужум қилган ва балки сўнгги дақиқаларда вазиятлар яратиб, зўр ўйнадик, деб чиқиб кетган бўлардик. Биринчи турда Уммон билан омадсиз ўйиндан кейин, Туркманистон биздан яхши ўйнади Япония билан, уларни қаранг, деб чиққанлар ҳам бор эди.

Елкасида натижага эришиш масъулияти бўлган ҳар қандай мураббий, ким бўлишидан қатъи назар, худди шу йўлни танларди менимча. Танлаш билан биргаликда, Ўзбекистон терма жамоаси бу вазифани эплади ҳам, ўйинни деярли хатосиз ўтказди, минимум мақсадга эришди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам Австралиянинг таркиби биздан кучли, терма жамоа таркибида Европанинг турли ўртамиёна лигаларида тўп сурадиган легионерлар сони 12 нафарни ташкил қилади. Австралия биздан кўра 2 кун ортиқроқ тикланиш даврига эга бўлди ва бусиз ҳам жисмоний тарафдан вакилларимиздан кучли саналади. Гап фақат табиий устунликда эмас, спорт формасида ҳам, зеро Европада футбол мавсуми авж палласига кирган, Ўзбекистон терма жамоасидаги аксарият футболчилар эса, икки ой олдин танаффусга чиқишганди.

Ва шундай ҳолатда ҳам, Купер рақибга қарши «паст ҳимоя» билан ўйнади ёки «автобус қўйди» деган фикрларга қўшилмайман. Агар эътибор берилса, учрашув статистикаси ва баъзи фактлар бундай иддаоларнинг нотўғри экани, аслида, Купернинг асосий режаси рақибнинг асосий устунликларини йўққа чиқариш ва ўз устунликларимиздан фойдаланиш бўлганини кўрамиз.

1) Жисмоний ҳолат тенг бўлиб турган пайтда Ўзбекистон ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди.  

Агар ҳар икки жамоа тетик бўлган биринчи бўлимни оладиган бўлсак, ташаббус ва устунлик вакилларимиз томонида бўлганини кўрамиз. Бу даврда тўп назорати деярли тенг бўлди, 51га 49. Дарвозага берилган зарбалар бўйича 5-3 ҳисобида биз устунлик қилдик. Рақиб жарима майдонига кириш бўйича ҳам тенг кўрсаткич қайд этилди – 3-3. Яъни, ўйинни Ўзбекистон қўрқоқлик билан, ҳимояга «ётиб олган» ҳолда бошлади, деб айтмаган бўлардим.

Австралиянинг асосий устунлиги, иккинчи бўлимнинг биринчи ярмига тўғри келди ва бу ҳақида Купернинг ўзи ҳам таъкидлаб ўтди. Шу ўринда Уммон билан ўйинда ҳам айнан шундай ҳолат кузатилганини таъкидлаш керак. Терма жамоа иккинчи бўлим бошларида рақибга устунликни бериб қўймоқда.

Тўртинчи бўлим, яъни, 105-120 дақиқалар оралиғида эса, яна устунлик биз томонга ўтди. Австралия терма жамоаси футболчиларида ҳам чарчоқ аломатлари сезилгач, уларнинг индивидуал устунликлари йўққа чиқди ва яна биз тактик томондан ташаббус кўрсата бошладик. Бу даврда Австралия бирор марта ҳам дарвозамизга зарба бера олмади, бирор марта ҳам тўпни жарима майдонимизга олиб кирмади, фақат бир марта майдоннинг сўнгги 1/3 қисмига ўта олди холос. Бу пайтда биз рақиб дарвозасини ишғол қилишга яқин келдик, 2 марта тўпни Австралия жарима майдонига олиб кирган бўлсак, 6 марта майдоннинг сўнгги 1/3 қисмига ўтилди. Хулоса ўзингиздан.

2) Тўпни Австралия назорат қилди, биз эса, Австралияни назорат қилдик.

Умумий ҳисобда тўп назорати 58га 42, Австралия фойдасига бўлди. Рақиб 920 марта тўп оширишни амалга оширган бўлса, бизда бу кўрсаткич – 573. Бир қараганда, сезиларли тарзда Австралиянинг устунлиги бўлган ва 0:0 ҳисоби, гўёки фақат омадимиз келганини англатаётгандек. Аммо аслида ундай эмас.

Тўп назорати айнан қайси зоналарда амалга ошгани ва узатмалар йўналишига аҳамият берсак, Австралия аксарият ҳолатларда тўп билан нима қилишни билмаганини, ҳимоямизни ёриб ўта олмаганини кўрамиз. Буни фақат мен эмас, ўйиндан кейин Австралия бош мураббийи ҳам алоҳида таъкидлади. Умуман олганда, чинакамига голга тортадиган хавфли вазиятлар, Нестеровнинг ҳақиқий қаҳрамонликлари кузатилмади ўша куни.

Австралия амалга оширган 920 пасдан энг кўпи (45) Жексон Ирвин томонидан Трент Саинсбёрига оширилган. Иккинчи кўрсаткич, Саинсбёри – Дегенек (43) ва кейинги ўринда Саинсбёри – Ирвин (41). Яъни рақиб сафида энг кўп тўп узатишлар таркибдаги энг қўйи чизиқ вакиллари – ҳимоячилар ўртасида амалга оширилган.

Шунингдек, узатмаларнинг йўналишига ҳам эътибор қаратиш мумкин. Австралиянинг 920 пасидан 246таси олдинга узатилган. Бу умумий пасларнинг атиги 26,7 фоизини ташкил қилади. Терма жамоамиз футболчилари ҳисобида бундай паслар умумий кўрсаткичнинг 33 фоизини ташкил қилади. Яъни, вакилларимиз тўпга эгалик қилганда кўпроқ олдинга тўп узатишга ҳаракат қилишган – 183 марта.

Солиштириш учун Австралиянинг Сурияга қарши ўйинини олдим. Сабаби, Иордания билан ўйинда «кенгурулар» ўйиннинг аксарият қисмида ҳисобда орқада борганликлари учун, кўпроқ ташаббусга эришган – ўша ўйинни Ўзбекистон билан ўйинга қиёслаб бўлмайди.

Хуллас, Сурия билан ўйинда анча очиқ футбол намойиш этилган ва Австралия 443 пасдан 41 фоизини олдинга узатган. Орқага паслар эса, атиги 12 фоизни ташкил қилган холос. Ўзбекистон билан ўйинда эса, Австралия футболчилари умумий пасларнинг 15 фоизини орқага узатишган.

3) Ўткир ўйнаш Купернинг асосий кўрсатмаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Асосий вақтни ҳимояда ўтказган бўлсак-да, Япония ва Австралияга қарши ўйинларни Уммон билан ўйинга таққослаб бўлмайди. Илк ўйиндан фарқли равишда, кейинги ўйинларда вакилларимиз вазиятни кўпроқ ҳис қилишди, ўзларини йўқотишмади ва иложи борича, вазият яратишга тайёр туришди.

Купер эҳтиёткорлик билан ўйнаш ҳақида ҳар қанча гапирмасин, бу кўрсатмалар, асосан ҳимояланишда, зоналарни ёпишда кўпроқ ишлатилмоқда. Тўп билан эса, рақибга нисбатан дадилроқ, креативроқ ҳаракат қилиш асосий ижобий жиҳатларимиздан бўлиб қолмоқда. Австралия тўпни биздан 1,5 баробар кўпроқ назорат қилган, узатмалар сони бўйича деярли 2 баробар устунликка эга бўлса-да, «ўткир паслар» сони бўйича яна биз устунликка эришдик. Австралия ҳисобида бундай паслар сони – 16та. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари эса, 18 марта мана шундай вазият яратишга ҳаракат қилиб кўришди. Муваффақиятли чиққан ҳаракатлар бўйича ҳам вакилларимиз олдинда 6га 7.

Буни фақат Австралиянинг ўйин услуби билан боғламаслик керак, масалан, ўша Сурия билан ўйинда Австралия 22 бор «ўткир паслар»ни амалга оширган. Сурияда эса, бу кўрсаткич атиги 7тани ташкил этган холос.

Юқорида айтилганидек, Австралия фақат майдон марказида тўпни назорат қилишда устун бўлди холос. Майдоннинг ҳужумдаги 1/3 қисмида Австралия 19 фоиз ўйнаган бўлса, Ўзбекистоннинг кўрсаткичи ҳам қолишмайди – 16,7. Ҳатто энг сўнгги 1/6 зонада вакилларимиз кўпроқ ҳужум қилишган – 6,9га 5,9. Жарима майдони бўйича ҳам кўрсаткичлар катта фарқ қилмайди – 1,7га 1,3 Австралия фойдасига.

Бундай кўрсаткичлар, аслида Австралиянинг майдонда устунлиги бизга туюлгандек бўлмагани, рақибнинг жуда кўп режалари ва ҳаракатлари ўхшамай қолганини ифодалайди. Аксинча, ўйин тўлиғича, Эктор Купернинг сценарийси асосида ўтган ва агар пенальтилар сериясида омадлироқ бўлганимизда, мураббийнинг кучли рақибга қарши жуда тўғри тактика танлагани ва якунда ҳамкасбини доғда қолдирганини бемалол айтсак бўларди.

4) Тўп назорати ва тўпни қадрлаш ҳам асосий йўналишларимиздан бўлиб қолмоқда

Купер танлаётган ҳимоявий услуб фақат рақиб хатосини пойлаш, очиқ зоналар пайдо бўлиб қолишини кутиш билан чекланиб қолмаяпти. Ҳимоядан ҳужумга чиқиш, тўпни ушлаб туриш, прессинг ва тўпни олиб қўйгандаги ҳаракатлар пала-партишлик ёки таваккал қарорларга эмас, аниқ белгиланган ва тўпни назорат қилишга қаратилганини билиш мумкин.

Масалан, Австралия билан ўйинда тўпни узун паслар (30 метрдан ортиқ масофага) орқали шерикларга оширишга уриниш умумий пасларнинг 17 фоизини ташкил қилди, холос. 30 фоиз паслар ўрта масофага ва 53 фоизи қисқа масофага узатилди. Масалан, Австралияга қарши ҳаракат қилган Сурияда узун паслар 22 фоизни ташкил қилган.

Абрамов бошчилигида Осиё Кубогида муваффақиятли ўйнай бошлаганимизда, ҳаммамиз ниҳоят арабларга қарши қандай ўйнашни ўрганиб олганимиз ҳақида гаплар кўпайганди. Бу рост эди. Чунки, Абрамовнинг услуби тўлиғича тўпни назорат қилишга асосланган, тўпсиз ўйнаш эса, араб жамоаларининг энг катта камчилигидир. Таркибда Аҳмедов, Жепаров, Кападзе, Ҳайдаров, Шацких, Гейнрих каби тажрибали футболчиларнинг бўлиши Абрамовнинг ишини осонлаштирган ҳам эди. Аммо ўша жараёнда, ўша паллада камчиликлар бўлган – ўша футбол билан Австралия, Жанубий Корея каби терма жамоаларга қарши ўйнаш имконсиз эдики, сўнгги босқичларда биз буни оғриқли равишда ҳис қилганмиз. Шу томондан Абрамов фалсафаси чиройли, томошабоп, лекин натижа эътибори билан универсал эмасди.

Ҳар қандай ҳужумкор ўйин аввало, ҳимояни қуришдан бошланишини Фергюсон айтиб кетган ва бугунги замонавий футболда ҳам, бу фараз тасдиғини топган. Гвардиола Манчестерда ҳужумкор жамоасини қуришда дастлабки йилда роса «калтак еди» – қачонки, ҳимоячилар ва дарвозабон учун 300 миллион фунтга яқин пул сарфлагандан сўнггина, чемпион бўлди. Юрген Клоппнинг ўта ҳужумкор, томошабоп ўйини натижа ҳам олиб келиши учун рекорд суммада Ван Дейк ва Алисоннинг трансферига муҳтож эди. Ниҳоят вақт ўтиб, Абрамов футболига ҳам прагматизм қайтиб, ҳимояга эътибор қаратиш бошланганида, ўйин янада шакллангандагина, биз Япония билан ҳам, Эрон билан ҳам муносиб ўйнадик.

Энди, Купердан, 5 ойдан сўнг, Япония ва Австралия билан позицион ўйнашни кутсак, адашамиз. Купер Абрамовдан фарқли равишда, ўйинни ҳужумдан эмас, ҳимоядан бошлаб шакллантира бошлади. Аввал шогирдларига Австралия ва Япония кабилар билан ўйнашни ўргатмоқда, қачонки, уларга қарши муваффақиятли тўп сура бошласак, ўз ўзидан, араб жамоалари ёки ўзимиздан кучсизроқ рақибларга қарши осонлик билан натижа кўрсатишни бошлаймиз, менимча.

Ҳозирги паллада, фақат, футболчиларнинг қандай ўйнаётганига қараб келажакни тахмин қила оламиз. Айтиш мумкинки, Купернинг ўз йўналиши, услуби ва режалари бор, уларни ҳозирданоқ пайқаса бўлади.

Автоматика

Агар фақат бир ўйин мисолида эмас, умуман Эктор Купер қураётган жамоа ҳақида фикр билдирганда, бугунги картинага эмас, мураббийнинг айнан қайси фалсафани илгари сураётгани, футболчилар айнан қандай йўналишда ҳаракат қилаётганига эътибор бериш керак бўлади.

Чунки, Купернинг футболчиларимиз билан том маънода ишлай бошлаганига атиги беш ой бўлди, турнирдан ташқари 4 марта йиғин ташкил қилинди холос. Ҳатто ҳар куни бирга бўладиган клублар футболида ҳам, 5 ой жуда кам вақт саналади. Ҳозир терма жамоамиз БААда кўрсатган ўйиинини якуний маҳсулот деб, айнан шу ўйинлар ёрдамида Куперга якуний баҳо берадиган бўлсак, адашаётган бўламиз. У ҳолда мураббий ва футболчилар муносабатлари, Купернинг талабларининг шогирдларига етиб бориши, ўзлаштирилишидаги камчиликлар, футболчиларнинг индивидуал хатолари ва ҳатто Бикмаевнинг ноаниқ пенальтисини ҳам Куперга ёзишимизга тўғри келади-ки, бу хато.

Мисол учун ҳозир ҳаммамиз Эроннинг ўйинига тан берамиз. Жамоа Кейруш бошчилигида деярли бирорта ҳам гол ўтказмай жаҳон чемпионатига чиқди, у ерда дунё футболи грандлари билан тенгма-тенг ўйнади. Лекин бу йўл қандай бошлангани эсингиздами?

2012 йилнинг ёзида Эрон терма жамоаси Тошкентга ташриф буюрганди. Ўшанда Кейрушнинг келганига бир йилдан сал ошган, мураббий сифатида ҳали бирор йирик турнирда қатнашмаганди. Абрамов эса, 2 йилдан ортиқ Ўзбекистонда ишлаган, терма жамоамиз тўлиғича мураббийники бўлиб улгурганди. Ўша ўйинда терма жамоамиз яққол устунлик қилган, жуда кўп вазиятлар яратиб, ҳатто гол ҳам урганди. Эрон эса, фақат ҳимояда вақтини ўтказган, умуман, кейинги йилларда ҳам, Эрон деганда биз ҳимоявий ўйин кўрсатадиган жамоани тушуниб келгандик. Аммо вақт ўтиб, ҳозир, ундай эмас, Эрон ҳар томонлама балансга эга бўлган, яхши ҳужум қиладиган ва рақибга кам имконият берадиган кучли жамоалардан бири. Ҳозир Осиёда ҳеч қайси жамоа Эрон билан ўйинда ўша биз Тошкентда, 2012 йилда кўрсатган устунлигимизни кўрсата олмайди. Нега?

Агар машина ҳайдасангиз ёки Play Station ўйнасангиз, билишингиз керак, бошида ҳаммаси мия орқали орқали бошқарилади. Масалан, Play Station ўйинларида маълум ҳаракатни амалга ошириш учун, ўша ҳаракат тугмасини хаёлингизда ўтказасиз, кейин босасиз. Вақт ўтиб эса, бу жараён автомат кўринишга келади. Энди сиз ҳар бир ҳаракат устида ўйлаб ўтиришингиз шарт эмас, қўл-оёқларингиз керакли ҳаракатни амалга оширади, тугмани босади. Миянгиз сиздан «берухсат» керакли кўрсатмаларни тана аъзоларингизга жўнатади.

Синаб кўрмоқчи бўлсангиз, машина ҳайдаётганда, ҳар бир ҳаракатингизни аввал ўйлаб кўриб, «энди газни босаман», «сцеплениени қўйвораман», «поворотни ёқаман» деб хаёлдан ўтказиб, кейин бажаришга ҳаракат қилиб кўринг. Ишонаверинг, ҳайдай олмайсиз, анча қийналасиз. Аммо эсланг, машина ҳайдашни энди ўрганаётганигизда, айнан шунақа ҳайдардингиз, тўғрими?

Бир пайтлар, Луи ван Гаал «Манчестер Юнайтед»ни бошқараётганда, ниҳоят футболчилари уни тушуна бошлашгани, жамоа тўғри ҳаракатланаётгани, эндиги босқич, бу жараённи автоматлаштириш эканини айтганди. Масалан, Клоппнинг «Ливерпуль»идаги ҳужум учлиги худди шундай автомат кўринишга келган. Кейруш бошчилигидаги Эрон ҳам 8 йил ичида бу мураббий қўл остида мана шу босқичга етиб келиб бўлди.

Эктор Купер жамоасини ҳақида ундай деб бўлмайди. Биз ҳозир ҳужумларнинг тезкорлигига эмас, айнан қандай йўналишда амалга оширилмоқчи бўлаётганига, футболчилар секин бўлса-да, қандай ҳаракатланишаётганига эътибор беришимиз керак. Жамоада тўпсиз тўғри ҳаракатланиш бор, тўпни назорат қилишга бўлган уринишлар бор, ўткир паслар билан шерикларига вазият яратишга ҳаракатлар етарли. Жамоа шунчаки, тўпни узоқлаштириш, рақиб хатосини пойлаш билан шуғулланмаяпти. Фақатгина бу ҳаракатларни амалга оширишда футболчилар секин ҳаракат қилаётани ўйинимизга таъсир қилмоқда. Сабаби, бу жараён ҳали автомат жараёнга айланмади, ҳар бир футболчи тўпни эгаллаганда, тўпсиз ҳаракат қилаётганда, қарор қабул қилаётганда, ўша кўрсатмаларни хаёлидан ўтказмоқда. Бу эса, табиийки, ўйин суръати пастроқ бўлишига олиб келади. Агар бу жараён узоқ вақт давом этса, мураббий-футболчи муносабати, футболчилар ўртасидаги ўзаро боғламлар янада шаклланиб, автомат кўринишга келса, янада тезроқ ва самаралироқ футбол кўришимиз мумкин.

Ҳозир эса, юқорида тилга олинган статистик кўрсаткичларга таяниб, жамоа мазмунли ўйнашга уринаётганини тан олиш керак холос.

Истеъфо талаб қилаётганларга...

Журналистлар ва мухлислар орасида бундай фикр тарафдорлари ҳам етарлича топилади. Купер терма жамоада ҳеч нарсани ўзгартирмагани ва унинг ўрнига бошқа мураббийни тайинлаш кераклиги талаб қилинган мақолалар ҳам чиқиб турибди.

Келинг, вазиятга реал қарайлик, Купернинг ўрнига кимни тасаввур қиласиз? Ўз номига эга бўлган чет эллик мураббий мана шу паллада таклифимизга рози бўладими? Яъни олти ой олдин Куперни тайинлаган ва БААдаги перформансдан кейин уни истеъфога чиқарган федерация билан ишлашга рози бўлармикин? Аҳмоқ эмас, у ҳам Купернинг олти ойлик ишини баҳолаб, айнан нима учун мураббийни ҳайдаганимизни ўйлаб кўрса керак, тўғрими? Ёки ўзимизнинг Ҳайдаров, Кападзе каби ёки бошқа мутахассисларимиздан бирини тайинлаш мумкин. Улар рад этишмайди, аммо бу мураббийлар қўл остида терма жамоамизни қандай тасаввур қиласиз?

Иккинчидан, истеъфо ҳақидаги гаплар, айнан Австралия билан ўйин тугагандан кейин кўпайгани ғалати. Нима, агар Бикмаев аниқ пенальти тепганида, Купер – қаҳрамон эдими? Бажарилган ишлар, кўрсатилаётган ўйин, мавжуд ўзгаришлар фақат биргина натижа, биргина зарбага боғлаб қўйилиши хато эканини айтиш шарт эмасдир?

Бир неча йил олдин, ўша пайтдаги ЎФФ раҳбари Мираброр Усмонов терма жамоамиз марказига Рио-2016 йўлланмасига эга чиқиш вазифасини қўйган ва агар шу натижа бўлмаса, Толибжонов, Акрамовдан тортиб, олимпия терма жамоаси мураббийларигача ишдан олишини айтганди. Ўшанда мен «Жаноби тўп ҳикояси» сарлавҳаси билан мақола ёзгандим. Бугунги чиқишимни ҳам ўша мақоладан парча билан тугатаман:

«Бир пайтлар Азамат Абдураимовнинг ўхшаб қолган зарбаси Рустам Акрамовга Осиё ўйинлари ғолиблиги билан бирга, то бугунгача мақтаниш ва устимиздан профессорлик қилиш имконини бериб келаётган бўлса, энди яна ўша қандайдир эпизод уни ишдан бўшатиб юбориши мумкин, қизиғ-а?

Саволлар пайдо бўляпти, тўсатдан. Хўш, Риони қўйинг, айнан бугун, Асқар Толибжонов, Рустам Акрамов, умуман терма жамоалар маркази фаолиятидан қониқяпмизми ёки йўқми? Бизмас, ЎФФ қониқяптими ёки йўқми? Терма жамоалар маркази фаолияти деганда, Рио-2016 йўлидаги бирор жамоа билан ўйинда гол уришимиз ёки уролмай қолишимиз эмас, қилинаётган бугунги ишлар, режа ва стратегиялар, ўша мусобақаларга қилинаётган амалий тайёргарлик баҳоланиши керак эмасми? 

Агар ЎФФ терма жамоалар марказидан қониқаётган бўлса, олимпиячиларимизнинг Рио йўлидаги натижалари ушбу баҳони ўзгартирмаслиги керак.

Агар ЎФФ терма жамоалар марказидан қониқмаётган бўлса, Рио йўлидаги ўйинлар натижасининг кутишдан нима наф?

Менимча, буни таклиф деса ҳам бўлади, ЎФФ президенти ва Терма жамоалар маркази ўртасида ҳам қандайдир мутахассислар гуруҳи бўлиши керак. Терма жамоалар марказига баҳони тўғридан тўғри ЎФФ президенти бермаслиги, айнан ўша мутахассислар гуруҳи томонидан марказ фаолияти таҳлил қилиниб, хулосаланиши, ана ундан кейин якуний қарорни ЎФФ президенти бериши лозим бўлади. Ана шундагина марказ фаолиятига том маънода баҳо берилади. Натижалардан қатъи назар хатолар таҳлил қилиб борилади.

Йўқ, мен бу гапларни терма жамоалар маркази фаолиятига салбий ёндашган ҳолда айтмоқчи эмасман, асло. Мен марказ ишини баҳолаш мезонлари ҳақида фикр юритдим. Бугун агар натижа яхши бўлса, марказ йўл қўйган жуда кўп хатолар беркитилиб, хаспўшланиб, яна қачондир ўша хатолар қайтарилиши мумкин. Шу билан бирга, мабодо натижа ёмон бўлиб қолса, амалга оширилган катта меҳнатлар, тўғри қарорлар ва режалар рўёбга чиқмай, эсланмай, кейинчалик тажриба сифатида давом эттирилмай қолиб кетиши мумкин.

Тасаввур қилинг, Ҳолливуд фильмлари ҳам, Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»си ҳам бир четда қолиб кетади: 2014 йилги чемпионатимизнинг энг яхши ўйинчиси Жамшид Искандаров Рио-2016 саралашининг сўнгги дақиқасида узоқдан кучли зарба берди. Тўп ажойиб траектория ҳосил қилиб, ҳимоячилардан, дарвозабондан ҳам ўтиб кетди ва дарвозага қараб кетмоқда. Тўп дарвоза тўсинига тегиб, пастга туша бошлади. Ҳамма қараб турибди: Усмонов, Толибжонов, Акрамов, Искандаров, бошқа футболчилар, биз....

Тўпнинг эса бу билан иши йўқ. У чизиқнинг у томонига тушса, ҳамма бахтли, маладес, қарсаклар. Орденлар, грамоталар, концертлар, Малибу. Чизиқнинг бу томонига тушса, тамом. Мажлис. Истеъфо! Толибжонов ишдан кетади. Чунки у яхши ишламаган.

Тўпнинг эса бундан хабари ҳам йўқ.    

У - юмалоқ. Юмалаб юмалаб кетаверади. Унинг ЎФФ логотипи туширилган қисми гоҳ ерга буланиб, гоҳ осмонга қараб... »

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид