Жаҳон | 21:31 / 27.01.2019
28037
2 дақиқада ўқилади

Россия тажрибаси: Саратовда ўқитувчилар қопларга қор солишга мажбурланди

Россиянинг Саратов шаҳрида ободонлаштириш ишчилари улгура олмаганлиги сабабли мактаб ўқитувчилари кўчаларни қордан тозалаш учун шанбаликка олиб чиқилди.

Саратовда 95-сонли мактаб ўқитувчилари хазон йиғишга мўлжалланган қопларга қор солишга мажбурланди. Педагогларнинг шанбалик жараёнидан фотолар Твиттерда эълон қилинди. Буни шаҳар аҳолиси ҳам фото остидаги изоҳларда тасдиқлаган.

Фото: Твиттер

Шаҳар администрацияси матбуот хизматига кўра, иш шанбалик доирасида ўтказилган ва бир соатдан ортиқ давом этмаган. 24 январда шаҳарга кўп қор ёғганлиги сабабли ўқитувчилар дарслардан озод қилиниб, қор тозалашга чиқарилган. Ўқитувчилар қўшимча иш учун ҳақ олгани номаълумлигича қолмоқда.

Табиат инжиқликлари билан боғлиқ ҳолатларда Ўзбекистонда ҳам ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга ундаш ҳолатлари тез-тез учраб туради. 2019 йил январь ойи бошида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси жойлаштирилган.

Унда ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланиши ҳақида сўз боради.

Мавзуга оид