Иқтисодиёт | 18:31 / 27.01.2019
33505
2 дақиқада ўқилади

Соддалаштирилган ҚҚС нега жорий этилди? 

Фото: Pinterest

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи кенг жорий этилиши белгиланганди. Унга кўра, 1 миллиард сўмдан кўп оборотга эга барча субъектлар ҚҚС солиқ тўловчиси ҳисобланади. Шунга қарамай, обороти 1-3 миллиард сўм атрофида бўлган субъектлар учун соддалаштирилган ҚҚС ҳам жорий этилди. 

Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғи аввалги ягона солиқ тўловига ўхшаш бўлса-да, у «ҚҚС занжири»ни узилиб қолишига олиб келмайди. 

«Ягона солиқ тўлови амалга оширилганда занжир пайдо бўлмасди. Соддалаштирилган ҚҚС аслида ким учун? У ҳисоб-китобни айни чоғда амалга оширишга имкон тополмаганлар учун кўзда тутилади. ҚҚСни ҳисоблаш анча қийин жараён ва мутахассис кўникмасини талаб этади. Шундай экан, обороти у қадар йирик бўлмаган субъектларга имкон берайлик. 

Бу ерда ҳам кимдир кўп ё кам тўлаши керак, деган мантиқ йўқ. Шунчаки, кимдир соддароқ, аммо шунча миқдорни тўлаяпти. Масалан, менинг товарга қўшган қийматим 35 фоиз, дейлик. Чакана савдода 20-22 фоиз устама нарх белгиланади. Хуллас, ўртача қўшиладиган қиймат 30 бўлиши мумкин. Ундан 20 фоизли ҚҚСни олганда, 6 фоиз солиқ юки пайдо бўлади. Занжирнинг кейингисида турган субъект мана шу 6 фоизни инобатга олишга ҳақли. Вақт ўтиб, у ҳам тўла-тўкис ҚҚС тўловчиси бўлишга тайёрланади. Занжир иштирокчилари уни шунга мажбур қилади», – дейди Молия вазири ўринбосари. 

Маълумот учун, қўшилган қиймат солиғи занжирини шакллантириш орқали қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган ва бўлмаган солиқ тўловчилар ўртасида кооперацияни ташкил этиш мақсадида ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтиш мумкин. ​

Мавзуга оид