Жамият | 07:52 / 28.01.2019
34488
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон тумани мутасаддилари эътиборидан четда қолаётган муаммолар: бир оиланинг абгор аҳволи

Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса — халқ дардини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этишдир. Бу эса халқ манфаати барча нарсадан устун, деганидир.

Аммо Kun.uz таҳририятига келган мурожаатларни ўрганиш давомида барча ҳудудларда ҳам халқ билан мулоқот етарлича олиб борилмаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Каттақўрғон туманидаги «Жумабой» маҳалласидан истиқомат қилувчи Дилрабо Турсунованинг мурожаатини ўрганар эканмиз, унинг муаммолари туман мутасаддилари эътиборидан четда қолганлигига амин бўлдик.

Дилрабо Турсунова 1991 йил туғилган. 2009 йил турмушга чиққан. Айни вақтда тўрт нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан олис қишлоқдаги абгор уйда яшаб келмоқда. Турмуш ўртоғи ва ўзи ишсиз. Оила бирор даромадга эга эмас. Ажабланарлиси, Дилрабо Турсунованинг ҳанузгача фуқаролик паспорти йўқ. Ҳаттоки, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтмаган, шаръий никоҳ асосида яшамоқда.

2010 йил туғилган катта фарзандида туғилганлик гувоҳномаси мавжуд. Аммо қолган фарзандларида туғилганлик гувоҳнома йўқ. Шу туфайли 2011 йилда туғилган иккинчи фарзанди мактабга қабул қилинмаган. Айни вақтда катта фарзанди ҳам оилавий қийинчиликлар туфайли мактабга бормаяпти. Оила шундай муаммолар гирдобига тушиб қолган.

«Амаллаб кун кечиряпмиз. Эрта турмушга чиққанимдан кейин фуқаролик паспорти олишга қурбимиз етмади. Шу вақтгача ҳам имкониятимиз бўлмади. Эрим ҳеч жойда ишламайди. У ёқ-бу ёқда вақтинча ишлаб топиб келгани болаларимизни боқишдан ортмайди», – дейди Дилрабо Турсунова.

Оила айни вақтда бешинчи фарзандни кутмоқда экан. Уларнинг яшаш шароити билан танишдик. Уй хароба аҳволда. Ҳаттоки, электр сими ҳам ўтмаган. Шам ёруғида кун кечиришар экан. Жажжи болалар телевизор кўришдан ҳам маҳрум экан. Ёғингарчилик кунлари ҳаминқадар турган уйнинг томидан чакка ўтар экан.

Ота ҳам, она ҳам соғлом. Нега оила бунчалик оғир аҳволга тушиб қолишди? Ахир, оила бошлиғи бирор ишнинг бошини тутиб, даромад топиб, бу муаммоларни ҳал қилса бўларди-ку?!

Оила бошлиғи Баҳодир Ҳотамов билан шу хусусида суҳбатлашдик.

«Мактабни тугатиб, кейин бирор жойда ўқимаганман. Шунинг учун бирор иш топишим қийин. Вақтинча у бу ишларни қилиб, топганим оиламиздан ортмайди. Ҳозирги қишнинг калта кунларида бирор тайинли иш ҳам йўқ», – дейди у.

Тўғриси, Баҳодир Ҳотамов билан гаплашиб, унда бироз боқимандалик ҳисси борлигини англадик. Ахир, излаган имкон топар. Айнан бу кабилар ҳам бирор ишнинг бошини тутиб, рўзғорини бут қилиб, оиласини боқиб келмоқда-ку?!

Оиланинг бошқа муаммоларига келсак, бешинчи фарзандини кутаётган эр-хотин ўртасида шу вақтгача расмий никоҳ, уй бекасида фуқаролик паспорти, фарзандларида туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги, улар таълим олишдан маҳрум қолаётгани нега туман мутасаддилари эътиборидан четда?

Ахир, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун хонадонма-хонадон ўрганилмаганми? Ёки ўрганилган бўлса-да, бу хонадонгача етиб келинмаганми? Ҳаммаси «хўжакўрсин»гами? Бундай бўлмаганда оилада муаммолар бунчалик йиғилиб қолмасди...

Ушбу маҳалла туман прокурори секторига бириктирилган экан. Секторлар ташкил этилгандан буён уларнинг ишчи гуруҳлари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиб чиққан. Туман прокурори сектори ишчи гуруҳи бу хонадонга етиб бормаганмикан? Оиланинг аҳволидан туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, маҳалла раиси бехабарми?

Шу масалада Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Латофат Убайдуллаева билан суҳбатлашдик.

Туман мутасаддиси бу хонадонга бориб, уларнинг аҳволи билан танишиб, муаммоларни тегишли тартибда ҳал этишга ваъда берди. Ушбу оила яшаётган «Жумабой» маҳалласи раиси Фарҳод Қаршиев ҳам муаммоларни ижобий ечим топишига амалий ёрдам беришини билдирди. Туманнинг Аҳоли  бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходими Худойназар Бекназаров оила бошлиғи Баҳодир Ҳотамовнинг бандлигини таъминлашни ўз зиммасига олди.

Туман мутасаддилари томонидан ваъдалар берилди. Савол туғилади: бу каби муаммоларни ҳал этиш учун айнан журналистик суриштирув сабаб бўлиш керакми? Неча йиллик масала шу вақтгача ҳал қилинса бўлмасмиди?

Бўларди, албатта. Лекин бу каби муаммолар туман мутасаддилари эътиборидан четда эканлиги уларнинг ўз ишига қандай ёндашишини кўрсатиб турибди. Туманда эътибордан четда қолаётган бу каби муаммолар яна қанча экан?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид