Жаҳон | 08:16 / 29.01.2019
17005
2 дақиқада ўқилади

Гуайдо Венесуэла ҳукумати ҳисобларини назоратга олмоқчи, Мадуро АҚШга жавоб ҳақида ваъда берди

Хуан Гуайдо ва Николас Мадуро/Фото: Getty Images

Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдонинг хабар беришича, Венесуэла ҳукумати ҳисоб рақамларини назорат остига олиш ҳақида буйруқ берган. Бу ҳақда у твиттердаги ўз саҳифасида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, бундай чоралар аҳолини талашга йўл қўймаслик, шунингдек, одамлар муаммоларини ҳал қилиш учун маблағларни йўналтириш учун зарур.

«Мен республика ҳисоб рақамларини Венесуэла давлати ва унинг қонуний ҳукумати назорати остига олиш ҳақида буйруқ бердим», - дея маълум қилди Гуайдо.

Ўз навбатида, Венесуэла президенти Николас Мадуронинг айтишича, мамлакатнинг Америка ҳудудидаги вакили бўлган барча дипломатлар ватанларига қайтиб келган. Унинг нутқи твиттердаги расмий саҳифасида трансляция қилинди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Венесуэла ҳудудида АҚШ билан расмий дипломатик алоқалар йўқ бўлиб турган ҳозирги пайтда керакли алоқалар учун зарур бўлган, «манфаатлар офислари»ни яратишга ёрдам берадиган америкалик етти нафар дипломат Каракасда қолган. 

«Мен Каракасга келган, АҚШ элчихонасидан бўлган дипломатларни қутламоқчиман», - деди Мадуро.

Шунингдек, Мадуронинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар томонидан PDVSA компаниясига нисбатан жорий этилган санкциялар ноқонуний саналади. 

Давлат раҳбарининг фикрича, Америка томони Венесуэладан PDVSA’нинг шўъбаси бўлган Citgo’ни «ўғирлаш» ниятида.

«Биз Венесуэланинг АҚШ ва ватанимиздаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий, сиёсий, тезкор, техник, тижорат чораларини қўллаймиз», - деди Мадуро.

Унинг қўшимча қилишича, расмийлар симметрик жавоб қайтаради ҳамда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла мухолифати етакчиси бутун дунё бўйлаб янги митингларга чақирганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид