Жамият | 14:53 / 29.01.2019
10051
3 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Гажкули Одинаев Россияга жўнаб кетди.

Хабарингиз бор Kun.uz хайрия акциялари ўтказиб, уларнинг натижаларини сиз азизларга ҳавола қилиб келади. Сайтимиз орқали «18 йилдан буён фарзандлари саломатлиги учун курашаётган ота яхшилар саховатидан умидвор» сарлавҳали хайрия акцияси эълон қилинган эди. Ушбу акцияда Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида бир неча йиллардан буён фарзандлари соғлиғи учун курашиб келаётган Олим Назаров ҳақида сўз боради. Албатта фарзанд оила қувончи, ота-она орзуларини рўёбга чиқарувчи келажакдир. Отанинг 2007 йил дунё юзини кўрган фарзанди оёғида туғма нуқсон, яъни икки томонлама маймоқлик касаллиги билан туғилади. Гажкули 3 ёшга тўлганида унда ичак патологик касаллиги аниқланади. Шу вақтга қадар унинг оёқ ва қорин қисмида 10 дан зиёд жарроҳлик амалиёти ўтказилган. 48 маротаба тиббий муолажаларни бошидан кечирган. Фарзанди соғлиги учун курашаётган ота шу вақтга қадар тиббий муолажа ва жарроҳлик амалиётлари харажатлари учун яшаб турган ҳовлиси ва кўп қаватли уйдаги хонадонини сотган. Айни вақтда оила уйсиз, Термиз шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирида ижарада яшамоқда. Олим Назаров Россиядаги клиникалардан биридаги мутахассислар билан боғланган. Даволаш имкони бор, аммо бунинг учун маблағ зарур. Олим Назаровнинг айтишича, ўғлини Россияда даволатиш учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ керак.

Меҳр-оқибатли, хайр-у саховатли, бағрикенг халқимиз ёрдами билан маблағ йиғилди. Улар Россияга жўнаб кетишмоқда. Оқ йўл тилаш мақсадида улар билан кўришдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Олим Назаров барча юртдошларимизга ўз миннатдорлигини айтиб ўтди. Дардига шерик бўлган, оғир кунида ёлғизлатиб қўймаган саховатпеша халқимизни бир умр дуо қилишини таъкидлаб ўтди. Шу ўринда Kun.uz жамоаси ҳам хайрия акциясида фаол иштирок этган ватандошларимизга ўз миннатдорчилигини билдириб қолади. Қилган эҳсонларингиз Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиб, савоб ва ажрларини кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Зеро, бир оиланинг ҳаётга кулиб боқишига сабабчи бўлиш ҳам улкан бахт, назаримизда. Хайр-эҳсон қилишдан чарчаманг, азиз ва саховатпеша юртдошлар.

Мавзуга оид