Спорт | 19:32 / 30.01.2019
14416
3 дақиқада ўқилади

Ҳабиб Нурмагомедов UFC билан алоқаларини узади

UFC'нинг енгил вазндаги чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов ўғлининг Невада штати спорт комиссияси томонидан жазога тортилгани борасида ўз фикрини айтди.

«Комиссия қарори адолатли бўлдими? Дисквалификация муддати ва жарима суммаси ўртасидаги фарқни кўриб турибсиз. Бу қарорга қўшилмайман. Қаранг, Ҳабибнинг жамоасига 550 минг доллар жарима ёзилди, Макгрегорга эса – бор-йўғи 50 минг. Бу – адолатсизлик, бу ерда икки томонга ҳам бирдек қаралмаяпти.

Ҳар қанақасига бўлса ҳам, жазо муддатини қисқартириш керак. Дисквалификация 9 ойдан камайтирилиши учун имкони бор барча ишни қиламиз. Жамоа қандай фикр айтишини билмайман. Олдимизда Хабиб ва Ислом Махачевнинг  биттадан жанги турибди. Бу вазиятда қўлимиздан нима келишини аниқлашга зўр бериб уриняпмиз. Ахир комиссия қарорини кутиб, қанча вақт сарфладик – октябрь, ноябрь, декабрь ўтди, январь ҳам тугаяпти. Амалда биз тўрт ойни бой бердик.

Нима қилиш мумкинлиги борасида ўйлаб кўрамиз. Аммо қарорга рози эмасмиз, унинг икки хил стандартлар асосида қабул қилингани кундек равшан. Ҳабибнинг UFC'да битта жанги қолди. Ким биландир жанг ўтказиб, ундан (UFC промоушени олдидаги мажбуриятлардан) холи бўлиб олишга ҳаракат қиламиз», – деган Абдулманап  Магомедовичнинг сўзларини келтирмоқда «Р-Спорт».

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Хабиб Нурмагомедов ирландиялик Конор Макгрегорга қарши жангдан кейин унинг иштирокида чиққан тўполон учун 9 ойга мусобақалардан четлатилиши ва 500 минг доллар миқдорида жаримага тортилиши маълум бўлган эди.

Невада штати спорт комиссияси Макгрегорга нисбатан ҳам чора кўрган, у ярим йилга четлатилган ва 50 минг долларлик жаримага тортилган. Иккала спортчи учун ҳам дисквалификация муддати 2018 йил 10 октябрдан бошлаб ҳисобланади.

Нурмагомедовнинг дисквалификацияси, агар у безориликка қарши йўналтирилган ижтимоий дастурда иштирок этса, 3 ойга қисқартирилиши мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид