Ўзбекистон | 18:11 / 30.01.2019
145695
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларни 2019 йил 1 февралдан қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Фото: Pinterest

Ўзбекистонда қишнинг сўнгги ойида виза режими, божхона расмийлаштируви, кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги қоидалар кучга киради, деб ёзади Norma.

Мамлакат хорижликлар учун «очилади»  

2019 йил 1 февралдан:

а) 45 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим асосида ташриф буюриши мумкин бўлади. Улар орасида дастлаб бундай имконият 2021 йилда тақдим этилиши режалаштирилган мамлакатлар ҳам бор;

б) 76 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга кириш электрон визасини расмийлаштириши мумкин бўлади. Унинг афзаллиги – виза олишнинг тез ва осонлиги: e-visa.gov.uz портали орқали икки иш кунида олиш мумкин.

Ваколатли иқтисодий операторлар ва «фронт-офис»лар пайдо бўлади

Халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти пайдо бўлади. У ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни кўзда тутади.

Ушбу мақомга эга бўлиш учун юридик шахсларга нисбатан талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Айни пайтда ушбу ҳужжат лойиҳаси мавжуд бўлиб, аниқ тартиб у тасдиқланганидан сўнг маълум бўлади.

Бундан ташқари, ДБҚнинг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бошқармаларида, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексида тажриба тарзида махсус «фронт-офис»лар ташкил этилади. Уларда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатилади.

Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ҳақидаги маълумотномалар давлат органлари томонидан берилади

1 февралдан кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборот:

·    жойлардаги ижроия ҳокимияти органлари;

·    давлат нотариал идоралари;

·    Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари;

·    бошқа ваколатли органлар томонидан берилади.

Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ ҳамда кўчмас мулк объектига бўлган бошқа ашёвий ҳуқуқлар, шу жумладан ушбу ҳуқуқлар ва улар билан боғлиқ битимларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши ҳақидаги ахборот ушбу органлар томонидан кадастр органларига тегишли ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда тақдим этилади. 

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари бир ҳафта муддатда давлат рўйхатидан ўтказувчи органларга юборилади.  

Халқ қабулхоналари халққа янада яқин бўлади

Халқ қабулхоналари уйма-уй юриш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш билан шуғулланади. Давлат органлари халқ билан бевосита ишлашга ўтади.

Ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа – бир йиллик ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради. 

Секторлар фаоллашади

2019 йил 1 февралдан секторлар иши модернизация қилинади. Уларнинг раҳбарлари фуқаролар ва тадбиркорлар билан жойларга чиққан ҳолда қабуллар ўтказади:

·    туманлар (шаҳарлар) секторлари раҳбарлари ҳар ҳафтада камида бир маротаба;

·    Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари ҳар ойда камида икки маротаба.

Халқ қабулхоналари билан ҳамнафасликда амалга ошириладиган бу ишлар аксарият муаммоларни жойида ҳал қилиш ҳамда Президент Виртуал қабулхонаси ва республика бошқарув органларига келиб тушадиган шикоятлар сонини камайтириш имконини беради.

Мавзуга оид