Жаҳон | 11:51 / 01.02.2019
9658
2 дақиқада ўқилади

Чикагода аномал совуқлар сабабли темир йўл рельслари олов билан қиздирилмоқда (видео)

Фото: AFP

АҚШга келган аномал совуқ ҳарорат оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. АҚШ об-ҳаво мутахассисларининг таъкидлашича, мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири – Чикагода ҳарорат рекорд даражада совиб кетиб, -28 даражани ташкил қилган.

Шу сабабли Чикаго темир йўл хизмати ишчилари поездларнинг тўхташсиз ҳаракатланиши учун рельсларни олов ёрдамида қиздиришларига тўғри келмоқда.

Metra компанияси вакили Майкл Гиллиснинг маълум қилишича, рельсларнинг ўзи ёнмаяпти. Аслида олов рельслар бўйлаб жойлаштирилган газ иситгичларидан чиқмоқда.

“Ҳарорат 0 даражадан тушиб кетганда шу тизимдан фойдаланамиз”, деб қўшимча қилган Гиллис.

Унинг таъкидлашича, Шимолий Америкадаги бошқа темир йўл компаниялари ҳам шундай тизимлардан фойдаланади.

Таъкидланишича, совуқ сабабли металл қисқаради, шу сабабли рельслар уланган жойларида бир-биридан ажралади. Олов эса уларни яна бирикадиган ҳолатгача қиздиради. 

Бундан ташқари, совуқ сабабли темир йўл изларидаги стрелкаларга муз ва қор тушиши мумкин. Уларни тозалаш учун ҳам иситиш тизимидан фойдаланилади. Маълум қилинишича, баъзида ишчилар иситгичларни ўзлари ёқиб, газ келишини ва мос равишда оловни назорат қилишлари мумкин. Бунда баъзида шпалларга зарар етиши мумкин, бироқ бу усул юқоридаги усулдан хавфсизроқ ҳисобланади.  

Компанияда таъкидланишича, поездлар олов орқали хавфсиз ўта олади, чунки улардаги дизел ёнилғиси очиқ алангадан эмас, балки босим ва иссиқдан ёнади.

 

Мавзуга оид