Ўзбекистон | 11:29 / 01.02.2019
24068
3 дақиқада ўқилади

Расмийлар Аҳмет Демирни «Чорсу» меҳмонхонаси бўйича инвестиция мажбуриятларини бажармаганликда айблади

Аҳмет Демир/Фото: Халқ сўзи

Туркиялик тадбиркор Аҳмет Демир «Чорсу» меҳмонхонаси бўйича ўз инвестиция мажбуриятларини ҳамон бажармаган. Бу ҳақда иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ғуломов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Demir Group компанияси 2017 йил сентябрида «Чорсу» меҳмонхонаси биносини камида 33 млн доллар миқдорида инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан ноль харид қийматида сотиб олди. Бироқ, Ғуломовнинг сўзларига кўра, инвестор «ҳеч нарса қилмаган».

«Тўрт юлдузли меҳмонхона ваъда қилишганди, катта ваъдалар берилган, 30 миллион хорижий инвестициялар айтилган. Натижани кўряпмиз. Ваъдани бажариш ўрнига, ўзбек банклари пул бермагани, шунинг учун муддатлар кечикаётгани ҳақида гапирмоқда. Бу ерда ўзбек банкларининг нима алоқаси бор? Инвестор мажбуриятларни ўз зиммасига олган», - деди Ғуломов.

Аввалроқ, туркиялик тадбиркор гарчи меҳмонхона бу йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши керак бўлса-да, ҳамон бир қатор муаммоларни ҳал қила олмаётгани ҳақида маълум қилганди.

«Энг катта муаммо - қоғозбозлик. Бизга қўшимча ер керак, сабаби меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилиши ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди», - дея таъкидлаб ўтган Аҳмет Демир.

Туркиялик тадбиркорнинг сўзларига кўра, президент қарори ҳануз бажарилганича йўқ.

«Иш сустлашган. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади», - дейди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид